Тўрт баравар кўп! Ўрозовнинг хориж клубидаги маоши маълум бўлди
Россия Премьер-лигасида иштирок этаётган «Рубин» клуби мудофаа чизиғини Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Жаҳонгир Ўрозов ёрдамида кучайтирадиган бўлди.
Манбалар маълумотига кўра, Самарқанднинг «Динамо» жамоаси ва Ўзбекистон терма жамоаси таркибида тўп суриб келаётган 22 ёшли ҳимоячи Қозоннинг «Рубин» клуби билан шартнома имзолаш арафасида тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтди.
Томонлар ўртасидаги битимнинг барча шартлари келишиб олингани таъкидланмоқда.
Ўрозовнинг «Рубин» сафига ўтиши яқин вақт ичида расман эълон қилиниши кутилмоқда. Футболчи аллақачон испаниялик бош мураббий Франк Артига бошқарувидаги жамоа билан бирга машғулотларга киришган.
Аввалроқ оммавий ахборот воситаларида «Рубин» 22 ёшли футболчини 100 минг евро эвазига ижарага олиши, шартномада эса уни 700 минг еврога тўлиқ сотиб олиш имконияти кўзда тутилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган эди.
Бу маълумотларни Самарқанднинг «Динамо» клуби, хусусан, жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов ҳам, «Рубин» устози Франк Артига ҳам тасдиқлаган.
Жаҳонгир Ўрозов учун бу трансфер молиявий жиҳатдан ҳам жиддий қадам ҳисобланади. Россия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, ҳозирча унинг йиллик маоши тахминан 96 минг доллар атрофида. «Рубин»да эса Ўрозов бир мавсум учун 450 минг евро иш ҳақи олиши кутилмоқда.
Натижада, ҳимоячининг даромади аввалги маошига нисбатан тўрт баравардан кўпроқ ошади.
Жаҳонгир Ўрозов аслида футбол сирларини Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби тизимида ўзлаштирган. Асосий жамоа сафида дебютини 2022 йилда ўтказган. 2023 йилда у Туркиянинг «Эюпспор» клубига йўл олди, шундан сўнг Самарқанднинг «Динамо» клуби томонидан ижарага олинди. 2025 йил февраль ойида «Динамо» унинг тўлиқ трансферига эга чиқди.
Ёшлар даражасида Ўрозов 2023 йилда U-20 Осиё кубоги ғолиби бўлган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси таркибида майдонга тушган. Ўша йили у ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этиб, турнирда тўртта ўйин ўтказган.
2026 йил баҳорида ҳимоячи катталар ўртасидаги Ўзбекистон терма жамоасида дебют қилди. Илк учрашувидаёқ, яъни Габонга қарши беллашувда гол уриб, жамоага 3:1 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритишда ёрдам берди.
Ёзда Ўрозов Ўзбекистон тарихидаги илк жаҳон чемпионати учун терма жамоанинг якуний рўйхатига киритилди. У гуруҳ босқичидаги икки учрашувда майдонга тушиб, жами 93 дақиқа ўйнади: Колумбияга қарши баҳсда захирадан майдонга тушди, Конго билан ўйинда эса асосий таркибда ҳаракат қилди.
Энди у Премьер-лигада ўйнайди! "Динамо" Самарқанд футболчи трансферини эълон қилди
Машҳур мураббий Шомуродовни танлади
Шомуродов келса, бу жамоа ҳужумини тўхтатиб бўлмай қолади
Шомуродовни машҳур клубда кўришмоқчи! Элдор ҳар қандай жамоани кучайтиради

Фикрлар