Бекхэмдан Фигугача: XXI асрнинг энг даҳшатли футбол шартномалари!

Дунё бўйича 1-рақамли спорт тури ҳамда «миллионлар ўйини» бўлмиш футбол ҳар доим ўз мухлисларини қизиқарли вазиятлари ва муҳим воқеалари билан ҳайратга солиб келган ва ажаблантиришда давом этмоқда. Ушбу жамоавий спорт тури, нафақат, майдондаги вазиятлари, балки унинг ташқарисидаги ва атрофидаги бўлаётган воқеалари билан ҳам ҳар бир мухлис учун қизиқ бўлиши шубҳасиз. Бугун биз сиз билан майдон ташқарисидаги ана шундай қизиқарли воқеалардан бири бўлган футбол шартномалари ҳақида сўз юритамиз. Ўйлаймизки, бу сиз учун ҳам қизиқ бўлади.

Демак, бошладик: XXI асрнинг энг кутилмаган ва даҳшатли "топ-20" трансферлари!

#20. Роналдиньо: «Милан»дан «Фламенго»га.

Бразилиялик суперюлдуз Роналдиньо 2011 йилда «Милан»ни тарк этиб, «Фламенго» сафига бориб қўшилади. Унинг ўз ватанига қайтишига ҳеч ким ҳайрон қолмайди, бироқ айнан «Фламенго»га ўтиши унинг миллионлаб мухлисларини шокка туширади. Сабаби, ҳамма унинг собиқ клуби «Гремио»га қайтишига ишонган эди. Ҳаттоки, «Гремио»га келиб, у ерда базм ҳам уюштирилган эди. Бироқ, сўнгги дақиқаларда у «Фламенго»ни танлайди ва барчани ҳайратда қолдирган трансферни амалга оширади. Айнан шундан сўнг, Роналдиньонинг фаолиятида пасайиш кузатила бошлайди. Шундай қилиб, бир неча мавсумдан сўнг, афсонавий футболчи ўз профессионал фаолиятига якун ясайди.

ronaldinho-flamengo_qr5a0t9e89d21o0o2yytoq0cq

#19. Андреа Пирло: «Ювентус У-23»дан «Ювентус» асосий жамоасига.

Италиялик собиқ футболчи кўпчиликни ҳайрон қолдирган трансферларда қатнашган. Масалан, 2001 йилда у «Интер»дан «Милан» клубига бориб қўшилади. Одатда, ушбу ашаддий рақиблар бир-бирига камдан-кам ҳолатда футболчи беради. Амалга ошганлари эса, кўпинча мухлислар томонидан яхши қарши олинмайди. Бу трансфер билан ҳам бошида шундай бўлган. Пирло яқинда яна бир кутилмаган шартномада бевосита иштирок этди: ҳали келганига 1 йил ҳам бўлмаган «Ювентус U-23»дан «Ювентус» асосий жамоасига Саррининг ўрнига мураббий этиб тайинланди. Бунга кўпчилик ҳайрон бўлди, сабаби - ҳали  тажриба ҳам тўплашга улгурмаган Андреани Италиянинг энг катта клубига мураббий қилиб қўйиш клуб раҳбарияти учун жуда катта таваккал эди. Ҳозирча ўйин даражаси бир маромда кетяпти, аммо мавсум якунида барчаси ойдинлашади. У ё қолади, ё кетади. Лекин, нима бўлган тақдирда ҳам, бу футбол тарихида амалга оширилган энг кутилмаган қарорлардан бири бўлиб қолаверади.

andrea-pirlo-2018_1drtwjxax82ua1t74qervafq99

#18. Жюльен Фобер: «Вест Ҳэм»дан «Реал»га.

Француз футболчисининг Мадрид клубига ўтиши барчани ҳайратга солади, ҳаттоки, футболчининг ўзини ҳам. 2009 йил январида «Реал» «Бордо» ва «Вест Хэм» клубларида ўзини кўрсатган футболчини ижарага олган, бироқ ундан деярли фойдаланмаган. Фобер «Лос Бланкос» таркибида атиги 2 ўйинда майдонга тушади, қолганларида эса захирада қолади. Ҳаттоки, баъзи ўйинларда захира ўриндиғида ухлаётгани тасвирланган расмлар ҳам тарқалади. Унинг келиши ҳам, кетиши ҳам ғалати бўлади. Шу сабабли, у ушбу рейтингдан жой олди.

julien-faubert-real-madrid_r8exr7ye447b1nx7xwo9z5195

#17. Эдгар Давидс: нафақадан «Барнет»га қайтиш.

2012 йилда «Аякс», «Ювентус» ва Голландиянинг афсонавий футболчиси Эдгар Давидс фаолиятини тугатганига қарамай, футболга қайтади. У Лондоннинг маҳаллий жамоаси бўлган «Барнет» клубига ўйновчи мураббий сифатида ташриф буюради ва 1-рақамли футболкани олади. Унинг қайтиши мухлисларни қанчалик ҳайратга солган бўлса, яна бир жиҳат унданда кўпроқ ҳайрон қолдиради. Эдгар жамоанинг сафардаги ўйинларига умуман бормайди, у фақат уй ўйинларида иштирок этади. 2014 йилгача ўйновчи-мураббий сифатида фаолият олиб борган Давидс клубнинг қуйи лигага тушиб кетишига ҳам сабабчи бўлади. Шундан сўнг, у фаолиятини расман якунлайди ва бошқа мураббийлик қилмайди.

edgar-davids-barnet-2013_138l39gzh8bgm1bbb9vul3x52g

#16. Бебе: «Витория»дан «Манчестер Юнайтед»га.

Сэр Алекс Фергюссон буюк характери ва ақлли қарорлари билан футбол тарихида ўчмас из қолдирган. Лекин унинг фаолиятида баъзи бир ғалати ва ўзини оқламаган қарорлар ҳам бўлган. Улардан бири Бебе трансферидир. «Витория»да деярли умуман майдонга тушмаган футболчи учун 7 миллион фунт-стерлинг сарфланганидан сўнг, «МЮ» асосий таркибидан ҳам унга жой топилмайди. Футболчи «Олд Траффорд»да 4 мавсумда атиги 7 бора майдонга тушади ва 2 та гол киритишга муваффақ бўлади. Қолган ўйинларда эса, у мураббий режаларидан жой олмайди. Шу тариқа, бу шартнома ҳам футбол тарихидаги энг кутилмаган ва ғалати трансферлардан бири бўлиб қолади.

bebe-man-utd_1sl9ice5za3v51wcmb2z35ugka

#15. Энди Кэррол: «Нюкасл»дан «Ливерпул»га.

2011 йилги қишки трансферлар ойнасида «Ливерпуль» Фернандо Торресни «Челси»га сотиб юборгач, ҳужумчига эҳтиёж сезади ва трансфер ойнасининг сўнгги кунида «Ньюкасл»дан Энди Кэрролни 35 миллион фунтга харид қилиб олади. Ушбу трансферларга барча мухлислар ҳайрон қолади. Кэррол росмана омадсиз трансфер бўлади. У ўзи учун сарфланган пулнинг ярмини ҳам оқлай олмайди. Премьер-лига доирасида 6 та гол киритишга муваффақ бўлган футболчи жароҳатлар сабабли жуда кўплаб ўйинларни ўтказиб юборади. Ҳисоб-китобларга кўра, унинг майдонга тушган ўйинлари сонидан кўра, жароҳати сабаб ўтказиб юборганлари кўпроқ чиқади. Шу туфайли, бу ҳам ўта ғалати ва омадсиз трансфер сифатида тарихда қолади.

andy-carroll-liverpool_1149rgu0gd3bq1vbjgy0vx7rgb

#14. Марио Гётце: «Боруссия»дан «Бавария»га.

2013 йилги ЕЧЛ ярим финалида Юрген Клоппнинг «Боруссия»си «Реал»ни енгиб, финалга чиққан эди. Бу албатта, ажойиб натижа бўлган. Бироқ финал олдидан жамоа ўзининг бир юлдуз футболчисидан ажралиб қолади. Ички чемпионатдаги ашаддий рақиб ва финалда уларга рақиб бўлиши керак бўлган Мюнхеннинг «Бавария» клуби финалга бир неча кун қолганида, Гётцени ўз футболчиси сифатида таништиради ва таркибига қўшиб олади. Бу трансфердан Клоппнинг ва клуб мухлисларининг жаҳли чиқади, сабаби, улар «Бавария»нинг, ҳеч бўлмаса, мавсум якунигача кутиб туриши кераклигини айтиб, даъво қилишади. Мюнхенликлар эса мавсум тугашини ҳам кутиб ўтирмай, футболчи билан персонал келишувга эришиб, трансферни амалга ошириб юборади. Шу сабабли, бу келишув ўша пайтда ҳаммани шокка солган трансферга айланади.

mario-gotze-bayern-munchen_7sabq0pt5j5f10tq6230qgnss

#13. Гарри Невилл: «Валенсия»га мураббий бўлиб тайинланиш.

Фаолиятини якунлаган машҳур футболчиларнинг мураббий сифатида умрини давом эттириши у қадар ажабланарли ҳол эмас. Бироқ «МЮ»нинг афсонавий ҳимоячиси Гарри Невиллнинг ҳали ҳеч қанча тажриба тўплай олмасдан, «Валенсия»га ташриф буюриши ўша пайтда барчани ҳайратга солган эди. У Англия терма жамоасида ёрдамчи мураббий бўлиб оз муддат ишлаганидан сўнг, «Месталья»га келади. У ҳаттоки испан тилини ҳам билмаган ва етарлича тажрибага ҳам эга бўлмаган эди.

Илк мавсумида клуб билан 16 ўйинда атиги 3 та ғалаба қозонган ва ЕЧЛни тарк этишга улгурганидан кейин «кўршапалаклар» раҳбарияти унга чиқиш эшикларини кўрсатади. Шу тариқа, Невиллнинг кутилмаган ва ғалати ташрифи омадсиз тарзда якун топади.

gary-neville-valencia_1339mjqq78us91vtr70648t7eo

#12. Алан Смит: «Лидс»дан «МЮ»га.

Бу трансфернинг ўзгачалиги футболчининг ўтмиши билан боғлиқ. Бир вақтлар Алан Смитдан «Сиз қайси клуб билан умуман шартнома имзоламайсиз ва у ерда ўйнамайсиз?», деб сўралганида, у қатъий равишда «Манчестер Юнайтедда!», деб жавоб берган эди. Бироқ буни қарангки, у 2004 йилда «Лидс»дан айнан «МЮ»га ўтади. Кейинчалик бу ҳақида у ўз интервьюсида изоҳ беради: «Мен ёш ва содда бўлганман. 2 нарса ҳақида ҳеч қачон ўйламаганман: 1. “МЮ” мени сотиб олиши; 2. “Лидс” мени сотиб юбориши. Шунинг учун, мен ушбу гапларни айтганман. Лекин бундай бўлмади ва мен "Олд Траффорд!га ташриф буюрдим. Ҳаммаси оддий», - деган эди футболчи.

alan-smith-manchester-united_qy3xwbkelo31e1t9j0g6rabq

#11. Карлос Тевес: «Бока Хуниорс»дан «Шанхай Шенҳуа»га.

Аргентиналик Тевес ўз фаолияти давомида кўплаб ҳаяжонли трансферларнинг амалга ошишига сабабчи бўлган. Уларнинг узун рўйхатини ҳам тузиб чиқиш мумкин. Шундай трансферлардан бири, унинг 2017 йилда ўз ватанини тарк этиб, Хитой клубига бориб қўшилгани бўлди. «Шанхай Шенхуа» Тевесни дунёдаги энг кўп маош оладиган футболчига айлантиради, аргентиналик ҳафтасига 600 минг фунтдан кўпроқ пул олади. Бундан ташқари, Хитой клуби «Бока Хуниорс»га Тевеснинг хизматлари учун 72 миллион фунт ҳам тўлайди. Бу барчани бошдан охиригача ҳайрон қолдиради. Кейинчалик, буни «шунчаки таътил эди», деб айтган Тевес, машғулотга келмай, «Диснейленд»га боргани учун шавқатсиз жаримага ҳам тортилади.

carlos-tevez-shanghai-shenhua_tz95va5ell2u18j51d23vk6pc

#10. Робиньо: «Реал»дан «Ман. Сити»га.

Пеле томонидан бир вақтлар ҳақиқий меросхўр, дея тан олинган Робиньо «Реал»га ўтишидан олдин «Сантос»да ҳақиқий юлдуз эди. У «Реал» учун жуда мос эди ҳамда ҳақиқий истеъдоди билан ҳаммани лол қолдирарди. Бироқ «Манчестер Сити»нинг Абу-Дабидаги янги эгалари клуб брендини оммалаштириш учун ҳақиқий топ ҳужумчини излайди ва бунга Робиньони муносиб, деб билади. Ўша куни Робиньо 32,5 миллион фунт эвазига кутилмаганда, шов-шувли тарзда «Сити»га ўтади. Лекин бу жуда омадсиз тарзда якунланади. 2 мавсумдан сўнг, бразилиялик футболчи ярим нархига пулланади ва фаолиятида кескин пасайиш кузатилади. Шу тариқа, шов-шувли келишув бахтсиз якун топади.

robinho-manchester-city_181iq00s0cbjm1izs3ehh9nhfq

#9. Марсело Бьелса: ишсиз мураббий «Лидс Юнайтед»га.

Жаҳон футболининг энг таниқли мураббийларидан бири бўлган Марсело Бьелсанинг охир-оқибатда Англияга келишини кўпчилик тахмин қилган эди, бироқ Чемпионшип вакили мураббийлигини қўлга олиши барчани ҳайратда қолдирди. Аргентина ва Чили терма жамоаларининг собиқ бош мураббийи «Лидс» билан илк мавсумдаёқ Чемпионшипда чемпион бўлди ва Премьер-лигага чиқа олди. Ҳамда ҳозиргача ўз мухлисларини ҳайратга солишда давом этиб келмоқда.

marcelo-bielsa-leeds-united-2019-20_1avemmakkh3kh125q2719cow4j

#8. Эшли Коул: «Арсенал»дан «Челси»га.

Премьер-лига тарихидаги энг яхши марказий ҳимоячилардан бири бўлган Эшли Коул «Арсенал»далигидаёқ жуда машҳур бўлган ва кўп маротаба Премьер лига рамзий жамоасидан жой олган. Бироқ унинг «Арсенал»га ашаддий рақиб ҳисобланувчи «Челси»га ўтиши жуда шов-шувли ва кутилмаган тарзда ўтади. Мухлислар ундан жаҳли чиқиб ҳар хил лақаблар ҳам қўяди. “Челси” сафида Премьер-лига ва Чемпионлар Лигаси ғолиблигини қўлга киритгач, мухлисларнинг дарғазаблиги янада ошиб кетади. Шарқий лондонлик мухлислар ҳалигача Эшлини сотқин сифатида эслашади...

ashley-cole-jose-mourinho-chelsea-2006_qccsqngtups11oyxqua9ckrfn

#7. Робин ван Перси: «Арсенал»дан «МЮ»га.

2011-12 йилларда голландиялик юлдуз Робин ван Перси «Арсенал» билан АПЛнинг «Олтин бутса»сига сазовор бўлади. 2012-13 йилларда у яна шу ютуқни қўлга киритади, аммо бу сафар «МЮ» билан.

Голландиялик футболчи саккиз мавсумни «Арсенал» сафида ўтказган ва кўпчилик мухлислар клуб сардорининг фаолиятини якунлагунича шу ерда қолишига ишонишган. Бироқ, 2011-12 йилги мавсум охирида у клубнинг янги шартнома ҳақидаги таклифини рад этганини эълон қилади. Шундан сўнг, «Манчестер Юнайтед» бу ишга аралашади ва уни 22,5 миллион фунтга сотиб олади. Трансфер шу қадар тез ҳал бўладики, бундан ҳамма ҳайратда қолади. Шу сабабли, ҳалигача ушбу шов-шувли трансфер эсланади.

robin-van-persie-manchester-united-2012_1hd32xjwgk1me1xdm168dyizpf

#6. Сол Кемпбелл: «Тоттенхэм»дан «Арсенал»га.

Кемпбелл 26 йил ичида «Тоттенхэм»дан «Арсенал»га ўтган илк футболчига айланган. У “шпорлар” сафида 300 дан ортиқ ўйин ўтказади ва атиги битта кумуш медаль билан кифояланади. У кейинчалик «Арсенал»га ўтишдан мақсади совринлар ютиш бўлганини тан олади. «Тоттенхэм» мухлислари эса уни қаттиқ таҳқирлаб, ортидан ёмон сўзларни айтишади. Бироқ Кемпбелл уларга 2 та Премьер-лига кубогини ютиб, муносиб жавоб бера олади! Нима бўлганда ҳам, бу футбол тарихидаги энг шов-шувли шартномалардан бири бўлиб қолган.

arsene-wenger-sol-campbell-arsenal-2001_1fjrwe1ipg3af1mxqfmqsldige

#5. Девид Бекхэм: «Реал»дан «Ла Гэлекси»га.

«Реал» томонидан янги шартнома таклиф этилганига қарамай, Бекхэм 2007 йилда «Ла Гэлекси»ни танлайди ва «Қироллик клуби» президенти Рамон Калдероннинг таърифи билан айтганда: «Кино юлдузи бўлиш учун Голливудга йўл олади». Бу МЛС учун шов-шувли харид бўлади. Бекхэм АҚШ футболининг обрўсини кўтариб, клуб билан 2 та кубок ютишга муваффақ бўлади.

david-beckham-joins-la-galaxy_156roufzwuhsg15pdqo8ybahpg

#4. Жон Оби Микел: «Лин»дан «Челси»га.

Футбол тарихидаги яна бир қизиқ шартнома нигериялик ярим ҳимоячи Жон Оби Микел билан юз берган. Масала шундан иборатки, 2005 йил апрелида у Норвегиянинг «Лин» клубини тарк этиб, «Мачестер Юнайтед»га ўтиши керак эди ва бу деярли амалга ошганди. Унинг ҳаттоки, «МЮ» билан матбуот анжуманида қизил формани кийиб тушган расмлари ҳам тарқалганди. Бироқ сўнгги дақиқаларда у «Челси» футболчиси сифатида таништирилади. Бу бўйича ФИФА «трансферни ўғрилаш» айблови остида ишни ўрганиб чиққан ва ҳаммаси қонуний бўлганини қайд этган. Гап шундаки, футболчи деярли «МЮ»га ўтган, қизил иблислар «Лин»га трансфер учун пул ҳам тўлашган. Лекин «Челси» «МЮ» билан бу трансфер борасида келишувга эришиб, уни сотиб олган. «Юнайтед» бунинг эвазига 12 миллион фунт олган, «Лин»га эса 4 миллион фунт тўлаб берилган. Шу тариқа барчани ҳайратга солган трансфер амалга ошган.

john-obi-mikel-chelsea_wajgq86ck5e11qd9hlharxjvh

#3. Криштиану Роналду: «Реал»дан «Ювентус»га.

Португалиялик суперюлдуз, 5 карра “Олтин тўп” соҳиби Криштиану Роналду «Реал» сафида 4 марта ЕЧЛда ғолиб бўлиб, рекорд ўрнатган. У сўнгги финалидан кейин, бу ердан кетиши ҳақида ноаниқ жумлалар ишлатади, лекин бунга ҳеч ким, айниқса, «Реал» мухлислари ишонмайди. Бироқ, бир қанча вақтдан сўнг, «Ювентус» «Реал»нинг 100 миллионлик таклифига рози бўлиб, буюк феноменни ўз сафига қўшиб олади. Ҳақиқий шов-шув ана шунда бўлганди. У билан қўшиб Зиданнинг ҳам жамоадан кетиши жамоа руҳиятига қаттиқ таъсир қилиб, янги мавсумнинг «Реал» учун бой берилишига сабаб бўлади. Бу футбол тарихида энг шов-шувли ва кутилмаган келишувлардан бўлган!

cristiano-ronaldo-juventus-2018-19_pg80rqcogi91wu988vrj0fz6

#2. Неймар: «Барселона»дан «ПСЖ»га.

Неймар 2017 йилда «ПСЖ»га ўтиб, дунёнинг энг қиммат футболчисига айланади. Трансфер парижликлар учун 222 миллион еврога тушади. Ўша мавсумда «Барселона» ЕЧЛ доирасида «ПСЖ» билан ўйинда «камбек-ремонтада» амалга ошириб, чорак финалга йўл олади. Бунда бразилиялик юлдузнинг ўрни катта бўлган. Араб шайхлари нима қилиб бўлса ҳам, уни ўз сафига қўшиб олишни мақсад қилади ва охир-оқибатда ҳеч ким ишонмаган келишувни амалга оширадилар. Унинг ўзидан ҳам кўпроқ рекорд суммали трансфери кўпроқ шов-шувга сабаб бўлади. Айнан шу трансфер бутун дунё трансфер бозорига катта таъсир кўрсатади ва футболчиларнинг нархлари кескин ошиб кетишига сабаб бўлади. Яъни буни росмана маънода «бузғунчи трансфер» сифатида баҳолашади.

neymar-nasser-al-khelaifi-psg-04082017_ukbd8zrhj1k71e5eovjtgtv3c

#1. Луиш Фигу: «Барселона»дан «Реал»га.

Ваниҳоят, XXI аср футболи тарихидаги энг шов-шувли трансферга етиб келдик. Одатда, «Барселона» ва «Реал» бир-бирига футболчи бермайди, берганлари ҳам мухлислар томонида жуда қаттиқ таҳқирга сазовор бўлади, бу ҳеч кимга сир эмас. Мана шундай трансферлардан бири Фигунинг “Реал”га ўтишидир. 2000 йилда у инқироз кўчасига кириб қолган «Барселона»ни тарк этиб, «Галактикос» сафига бориб қўшилади. Ўша пайтда барча «Барселона» мухлислари ундан норози бўлиб, ҳар хил гаплар айтишган. Ҳаттоки, 2000 йил октабр ойида «Камп Ноу»га «эл-класико» доирасида ташриф буюрганида, трибунада унга «хоин», «сотқин» деган баннерлар ҳам ёзиб қўйилган эди. Фигунинг ҳар сафар «Камп Ноу»га ташрифи кўнгилсизлик билан якунланар, мухлислар унга ҳар хил буюмлар улоқтиришар эди. 2002 йилги «класико»да унга бир мухлис чўчқанинг бошини улоқтиради ва бурчак тўпини тепишига халақит бериш мақсадида унга тинмай гольф коптогини отиб туради. Хуллас, у айнан шу иши билан барча даврлардаги «Барселона» мухлисларининг нафратига сазовор бўлган.

Фигу иккала клубда ҳам 2 бора Ла Лига кубогини ютган, аммо «Реал» билан ЕЧЛ ғолибига айланган.

galacticos-luis-figo-real-madrid-2000_1ja1fu2nst4y71sf81apovzklo

Абдулла Маннонов тайёрлади

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)