Бекзодбек Каримов: Андижон вилоятининг чекка худудларида ҳам футбол билан шуғулланиш учун барча шароитлар мавжуд
Ads

Сўнгги йилларда мамлакатимизда футболга давлат миқёсида эътибор қаратила бошланди. Янги стадионлар қурилди, жамоаларимиз халқаро ареналарда муносиб иштирок эта бошлашди. Бир сўз билан айтганда футбол инфратузилмаси тубдан ўзгартирилди. Бу борада вилоятларда ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Натижада юртимизнинг чекка-чекка худудларидан истеъдодли футболчилар етиб чиқа бошлади.

Биз эса юқоридаги масалалар бўйича амалга оширилган ишлар ва келажак режалар борасида Андижон вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Бекзодбек Каримов билан суҳбатлашдик.

- Футбол билан шуғулланиш учун биринчи навбатда майдон керак. Айтингчи, Андижон вилоятида айни дамда қанча футбол майдонлари мавжуд?

- Тўғри айтасиз, футбол билан шуғулланиш учун нафақат копток, балки, яхши майдон ҳам зарур. Ҳозирги кунга келиб вилоятимизда 29та катта стадион ва 224та сунъий қопламали кичик ареналар фаолият юритмоқда. Шуни айтишим мумкинки, ҳозирда Андижон вилоятидаги барча маҳаллаларда, жумладан чекка худудларда ҳам футбол билан шуғулланиш учун барча шароитлар мавжуд.

- Стадионлар кўплиги қувонарли албатта. Айтингчи, айни дамда уларда нечта бола доимий футбол билан шуғулланмоқда.

- Ҳозирда вилоятимизда жами 7786 нафар бола доимий футбол билан шуғулланиб келмоқда. Эътиборлиси, уларнинг 780 нафарини қизлар ташкил этади.

- Вилоятда ушбу ёшларга футболдан сабоқ бериш учун мураббийлар етарлими?

- Ҳозирги кунда вилоятда жами 196 нафар мураббий ёшларга футболдан сабоқ бермоқда. Уларнинг 28таси аёл мураббийлар эканлиги эътиборга молик.

- Яқинда интернет нашрлари орқали Республикада биринчи бўлиб Андижон вилоятида 2-лига баҳслари бошлангани ҳақида ўқиб қолдим. Бу борадаги ташкилий масалалар қийинчилик туғдирмадими?

-Ҳа, вилоят чемпионатини ҳам бошлаб олдик. Чемпионатимизда жами 22та жамоа иштирок этмоқда. Унда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан жамоалар иштирок этаётганини  чемпионат географиясининг кенгайишини таъминлади. Бу эса ўз навбатида бизга вилоятнинг ҳар бир нуқтасидаги иқтидорларни бевосита юзага чиқаришимзга хизмат қилади. Ушбу мусобақани ташкил этишда шахсан вилоятимиз ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бош-қош бўлаётганини алоҳида таъкидламоқчиман.

- Вилоятлардаги истеъдодлар айни футбол ўйнайдиган ёшга етганда “Насаф”, “Бунёдкор” ва шунга ўхшаш етакчи жамоалар академияларига йўл олаётгани, натижада эса улар етишиб чиққан худуд маҳаллий жамоаларида маҳоратли футболчилар етишмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Бу борада қандай фикрдасиз?

- Яхши савол бўлди. Вилоятимизда тарбия топиб, энди катта футболга қадам қўядиган ёшга етганда аксарият футболчилар етакчи жамоалар академияларига кетиб қолишаётган эди. Бунга эса биринчи навбатда уларга етарли ўйин амалиёти ва эътиборнинг камлиги сабаб бўлган деб ўйлайман. Боиси, ёш футболчи кўпроқ ўйнашни, ўзини кўрсатишни хоҳлайди. Ваҳолангки, вилоятда унга ўйнаш учун етарли жамоа бўлмаган. Натижада эса у ўз омадини бошқа жойдан қидиришга мажбур бўлган. Ана энди бундай бўлмайди Чунки, юқорида айтиб ўтганимдек ҳозирда вилоят 2-лигасида нақд 22та жамоа иштирок этмақда. Бундан ташқари Б Про-лигада 2 та – “Раш Милк” ва “Андижон-2” жамоаларимиз қатнашмоқда. Вилоятда футболга кўнгил қўйган иқтидор эгалари эса бемалол ўзларини айнан мана шу жамоаларда синаб кўришлари мумкин. Уларда ўзини кўрсатган футболчилар эса шубҳасиз Суперлигада иштирок этаётган вилоятимизнинг бош жамоаси - “Андижон”да ўйнайди. Шу ўринда яна бир нарсани айтишим керак, вилоятимиз ҳокими яқин йиллар ичида “Андижон” жамоасини тўлиқ маҳаллий футболчилар билан шакллантириш ҳақида топшириқ берган. Ўйлайманки, бу тез орада ўз натижасини беради.

- Андижондаги “Соғлом Авлод” стадиони қайта реконструкциядан чиқарилгач ўзгача қиёфа касб этди. Энди бу арена бемалол халқаро ўйинларни ўзида қабул қила олади.

- Ҳа, тўғри. Вилоятимизнинг бош ўйингоҳи - “Соғлом Авлод” стадиони вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг ташаббуси билан қайта тамирланди. Стадион ҳақиқатдан ҳам халқаро талабларга тўла жавоб берадиган ҳолатга келтирилди. Ўтган ой ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов вилоятимизга ташрифи чоғида “Соғлом Авлод” стадионининг очилишида иштирок этди ва ушбу ўйингоҳда терма жамоалар иштирокидаги халқаро ўртоқлик ўйинларини ўтказилишини айтди. Унга асосан 21 май куни Ўзбекистон U-18 ва Германиянинг “Берлин” U-18 жамоалари ўртасидаги ҳамда Ўзбекистон олимпия ва Миср олимпия терма жамоалари ўртасидаги халқаро ўртоқлик учрашувлари айнан Андижондаги стадионда ўтказиладиган бўлди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
darwesh
10/05/2019 23:27
Стадионлар куриб беринглар. Камида биттадан хар битта мактабда. Натижаси албатта булади