Беларусдаги легионер ортга қайтди, эронлик футболчи Бекободда ёхуд "Металлург" 5 та трансферни эълон қилди (фото)

"Металлург" жамоаси Суперлига иккинчи давра старти олдидан бир қатор трансферларни эълон қилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди. 

Шаҳзодбек Убайдуллаев Бекободга қайтди!

Бекободнинг “Металлург” жамоаси ҳужум чизиғида порлаб, легионерга айланган Шаҳзодбек Убайдуллаев уч йиллик танаффусдан сўнг яна қадрдон жамоасига қайтди. Айнан бекободликлар сафида ўйнаган кезлари Ўзбекистон миллий терма жамосига чақирув олган Убайдуллаев “Металлург” билан янги чўққиларни забт этишга бел боғлаган.

Профессионал фаолияти давомида “Машъал”, “Андижон”, “Металлург”, “Шахтёр” (Солигорск, Беларус), “Энергетик-БГУ” (Минск), “Нефтчи” жамоаларида тўп тепган Убайдуллаевнинг ҳисобидаги ўйинлар сони 88 тани ташкил этади. У рақиблари дарвозасига 24 та гол киритган. Ўзбекистон миллий терма жамоасида 3 бор майдонга тушиб, 1 марта муваффақият қозонган.

убайдуллаев

Расман: Сардор Абдураимов “Металлург” билан шартнома имзолади!

Сўнгги уч мавсумни “Турон” жамоасида ўтказган тажрибали плеймейкер Сардор Абдураимов иккинчи давра арафасида Бекободнинг “Металлург” жамоасидан тушган таклифга розилик билдирди ва шартнома имзолади. Тажрибали ярим ҳимоячи эндиликда “Металлург”нинг асосий фигураларидан бирига айланиши кутиляпти.

Профессионал футбол фаолиятини Қашқадарё вилоятида бошлаган Абдураимов кўп йиллар воҳа футболи тараққиётига муносиб улуш қўшди. “Машъал” ва “Насаф” жамоалари шарафини ҳимоя қилди. 2020 йилнинг биринчи даврасини “Бунёдкор”да ўтказиб, яна ортига қайтди. 2021 йилнинг иккинчи ярмидан эътиборан эса Яйпаннинг “Турон” жамоаси шарафини ҳимоя этиб келди.

абдураимов

Искандар Шайқулов - “Металлург” аъзоси!

Тажрибали ҳимоячилардан бири Искандар Шайқулов давралар оралиғида “Сўғдиёна” жамоаси билан шартномасини бекор қилди ва Бекободнинг “Металлург” клуби ўйинчисига айланди.

Сурхондарё футболи тарбияланувчиси Искандар Шайқулов профессионал футбол фаолиятини “Машъал”да бошлаган. Икки мавсум муборакликлар сафида тўп тепган Искандар 2015 йилда “Пахтакор” аъзосига айланди. Аммо “шерлар” сафида тўп тепиш унга насиб этмади ва яна “Машъал”га қайтиб кетди. 2017 йилгача воҳада фаолият юритган Шайқуловга 2018 йилда “Нефтчи”дан қизиқиш бўлди. Бир йил водийда ўйнаган Искандар 2019 йилда “Сўғдиёна” билан шартнома имзолади.

177 учрашувда майдонга тушган Шайқулов рақиблар дарвозасига 6 та гол урган. 6 марта Ўзбекистон МТЖ учрашувларига жалб этилган.

искандар

Муҳаммадазиз Иброҳимов “Металлург” таклифини қабул қилди!

Ёш иқтидорли ярим ҳимоячилардан бири Муҳаммадазиз Иброҳимов фаолиятини “Металлург” билан боғлашга қарор қилди. Муҳаммадазиз Ўзбекистон олимпия терма жамоаси аъзоси саналади.

Иброҳимов профессионал футбол фаолиятини “Олимпик” жамоасида бошлади. "Олимпиячилар" сафида Про лигада зафар қучди. Суперлигада ҳам жамоа икки мавсумдирки, ишқибозлар эътиборини қозониб келяпти. Жамоа муваффақиятида катта ҳажмдаги ишни бажарувчи ярим ҳимоя чизиғи вакилларининг, хусусан Муҳаммадазизнинг ҳам ҳиссаси беқиёс бўлди. Фикримизнинг далили сифатида бу йилги мавсумнинг биринчи давраси статистикасига назар ташлаш кифоя. Иброҳимов барча 13 та учрашувда майдонда фаолият олиб борди.

муҳаммадазиз

“Металлург” Даниал Маҳини билан шартнома имзолади

"Суперлига – 2023" мавсумининг иккинчи давраси олдидан “Металлург” ўз таркибини эронлик яна бир ўйинчи билан мустаҳкамлади. Эрон Ислом Республикаси миллий терма жамоасининг собиқ ўйинчиси Даниал Маҳини бекободликлар сафига келиб қўшилди.

Профессионал фаолияти давомида Эрон Про лигасида 58, Азадеган лигасида 23, ОФК чемпионлари лигасида 8, Хафзи кубогида 3, Суперкубокда 1 та ўйинда майдонга тушган Маҳини жами 92 та ўйинда қатнашган. “Эронжавон”, “Истиқлол” (Хузестон), “Сайпа”, “Малаван”, “Пайкон”, “Арман Гоҳар” жамоаларида тўп тепган.

маҳини

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Шухрат Хусаинов
27/07/2023 13:47
Легионерлариз емон кизлардек Бир сезон запас скамейка дан кайтишади