Бензема Афғонистонда, Месси Индонезияда, Гризманн Парижда ёхуд дунё Ла Лиганинг қайтишини қандай кутиб олди? (ФОТО)
Афтидан, Испания Ла Лигаси мавсумнинг тикланишига жуда пухта тайёрланган кўринади. Пандемия туфайли Примера ўйинлари пайтида стадионларга томошабинлар киритилмаса-да, ушбу чемпионат учрашувларини телетрансляциялар орқали миллионлаб томошабинлар кузатиб боришларига шубҳа йўқ.
Ла Лига раҳбарияти карантин пайтида ҳам ўз иш фаолиятини олиб борди ва халқаро ҳамкорлари ёрдамида дунёнинг 50 мамлакатида 160 та глобал тадбирларни, шу қаторда "Ла Лиганинг Бирлашган кўчалари" бадиий акциясини ташкил қилди. Рассомлар 5 қитъанинг 12 шаҳрида тематик граффити яратдилар.
“Бизнинг ҳар бир ташаббусимизни қўллаб-қувватлайдиган халқаро ва миллий ҳамкорларимиз ёрдамида дунёдаги барча мухлислар Ла Лиганинг қайтаётганидан қувонмоқда. Биз ташкил қилган тадбирларимиз туфайли бу бутун дунёга сезилади”, - дейди Ла Лиганинг бизнес, маркетинг ва халқаро ривожланиш бўйича директори Оскар Майо.
Лондоннинг жануби-ғарбий қисмида, Стокуэлл ҳудудида Ла Лиганинг турли жамоаларида тўп сурувчи беш нафар футболчининг сурати пайдо бўлди. Британиялик рассом Гнашер ўзини футбол мухлиси, деб ҳисоблайди, шунинг учун у футбол тўлиқ қайтишини кута олмади.
"Пандемия жуда қийин пайт эди. Одамларнинг юзига табассум келтирадиган бирон бир нарса яратишга ҳаракат қилдим ва яратган бундай ажойиб имкониятга эга бўлганимдан беҳад миннатдорман”, - дейди Гнашер.
Албатта, Месси рассомлар орасида энг машҳур қаҳрамонлардан бири ҳисобланади. Бу эрда Лео Бали шаҳрида (Индонезия) буқа ва аждарҳо иштирокида тасвирланди.
Бу эса Бразилия, Сан-Паулу.
Ушбу лойиҳа ҳатто Қобулгача ҳам етиб борди. Афғонлар ўз санъат асарларини Мессисиз яратишди.
Парижда эса Ла Лигадаги француз юлдузлари – Антуан Гризманн («Барселона»), Карим Бензема («Реал»), Максим Гоналон («Гранада»), Набиль Фекир («Бетис») ва Кевин Гамейро («Валенсия») тасвирланди. Ушбу коллаж Франция пойтахтининг диққатга сазовор ҳудудида жойлашди.
Баъзи шаҳарлар эса маълум бир футболчини тасвирлашдан қочди. Мехикодаги сурат ҳам бунга мисол бўла олади.
Бу эса Дания пойтахти Копенгаген шаҳри.
Ла Лиганинг қайтиши шарафига чизилган граффитиларни Гонконг (Хитой), Богота (Колумбия), Хошимин (Вьетнам), Лагос (Нигерия) ва Дар-эс-Салам (Танзания) шаҳарларида ҳам кўриш мумкин.
Бу Испаниянинг ўзида ҳам антиқ усулда ташкиллаштирилди. Мадрид марказидаги кўчаларнинг бирига Ла Лиганинг барча клублари либослари осиб чиқилди.
Фикрлар