
Бердиевнинг янги фишкаси, иқтидорли Макс ва ғалаба калитига айланган старт схема. "Пахтакор" - "Насаф" учрашувини таҳлил қиламиз!
Кеча Суперлига тарихидаги энг сифат борасида юқори бўлган ўйинлардан бирига гувоҳ бўлдик. Унда футболчилардан кўра мураббийларнинг тўқнашуви биринчи планга чиқиб кетди. Шу боис, SPORTS.uz ўқувчилари учун баҳсни тўлиқ таҳлилини қилишга қарор қилдик. Тўғриси, бу баҳс таҳлилини ёзишнинг ўзи инсонга завқ улашди. Мураббийларнинг кетма-кет юришлари, 2-3 мартадан ўзгартирилган схема ва Бердиевнинг янги “фишкаси” ҳақида батафсил тўхталамиз.
Старт
Ўйинга танланган режа икки жамоа бош мураббийида тамомила икки хил бўлди. Максим Шацких Сайфиевнинг йўқлигини билинтирмаслик учун чап қанот ҳимоясига Азиз Турғунбоевни ташлади. Нариги қанот ҳимоясида Алижонов тўп сурган бўлса, марказда ҳимоя учлиги Азмиддинов, Насонов ва Аъзамовдан ташкил топди. Марказда Ҳамрабеков-Собирхўжаев жойлашган бўлса, улардан сал олдинроқда Черан ва Ҳамдамов ўтди. Бонашак соф ҳужумчи сифатида қолди. Макс имкон қадар тўпни қанотлар орқали олиб юришга ва рақибни чуқур ҳимояланишга мажбур қилмоқчи бўлди.
Бердиев баҳсга жуда яхши тайёргарлик кўргани унинг ўйинга танланган таркиби ва тактикасидан сезилди. Рақиб биринчи рақамли бўлиб ҳаракат қилишини сезса ҳам эрта прессингга суянган кескин 3-4-3 билан “жангни” бошлади.
Ўйининг илк 30 дақиқасида “Насаф” рақибни майдонда биринчи рақам билан ҳаракат қилмаслиги учун кучли прессингга мурожаат этди. Олдинги чизиқдаги ҳужум учлиги Лима-Норчаев-Бозоров “Пахтакор” учун жуда ноқулай тарзда жойлаштирилди. Ойбек ёки Норчаев марказга яқинроқ жойлашиб олган бўлса, қолган икки ҳужумчи жамоа ҳужумини давом эттириши учун бўш зона яратишга интилди. Саитов – Насруллаев қанотда ҳимоядан кўра ҳужумга яқинроқ ҳаракат қилди.
Дебютдаги омадсизлик биринчи бўлимнинг ўзидаёқ дарров кўриниб қолди. “Пахтакор” бирор маротаба хавли вазият ярата олгани йўқ. “Насаф” эса, аксинча 2 бор гол киритишга яқин келди. Эътиборлиси, уларнинг барчаси ўйиндаги комбинациялардан сўнг пайдо бўлди. “Шерлар” вазиятдан чиқиб кетиш илинжида нималарнидир ўзгартиришга урунди. Черан ортга “қайтиб” тўп назоратини жамоасига олиб беришга ҳаракат қилди, аммо кучли прессинг бунга йўл қўйгани йўқ. “Пахтакор” аъзолари эса, нисбатан пассив прессинг билан ҳаракат қилди.
Бежизга, Максим Шацких жамоасининг жисмонан рақибга имкониятни бой берганини матбуот анжуманида айтгани йўқ. Бу омил якунда ўйин тақдирини ҳал қилиб берди. Ўйлашимча, баҳснинг илк 30 дақиқасида “Насаф” аъзолари қолган 60 дақиқадагидан кўра кўпроқ масофани босиб ўтди. Рақибга бўш зона қолдирмаслик учун ҳатто ҳимоя учлиги анча олдинроққа чиқиб кутиб олишни бошлади. Шацких Бердиев ўзидан кўра шахмат тили билан айтган дебютни яхши бошлаганини сезиб, нимадир ўзгартиришга киришди, бироқ кеч қолди. Саитов ҳисобни очди. Таблода ортда қолишни бошлагач, Макснинг ўйин учун қилган барча режалари барбод бўлди. “Насаф” эса аксинча, прессингни бир сонияга ҳам тўхтатгани йўқ. Норчаев ва Лима айнан шу вазифани бажариш учун яхшигина куч сарфлади. Ўз жарима майдончасидаёқ кучли қаршиликка учраётган “Пахтакор” иккинчи қаватдан узатмаларга мурожаат этишни бошлади. Бу баланд бўйли 3 марказий ҳимоячи билан ўйнаётган “аждарлар” учун енгил совғага айланди. “Пахтакор”нинг марказий ҳимоясидаги бирорта футболчида биринчи пас ёрдамида “Насаф”нинг эрта прессингини синдира олмади.
Тайм охирларига бориб, “Пахтакор” ҳимоячилари кенг жойлашиб олган холда вазиятни ўзи томонга оғдиришга уринди, аммо барчаси бесамар. Меҳмонлар гол киритгач, бироз прессинг темпини тушириб, рақибни майдон марказида иккита блок қўйган холда кутиб олишни бошлади. Ойбек Бозоров алдамчи тўққизлик сифатида марказга ўтган бўлса, Лима ва Норчаев тўлиқ ярим ҳимояда тер тўкди. Соддароқ қилиб айтганда, биринчи бўлимда “Насаф” барча аспектларда “Пахтакор”дан кучлироқ бўлди.
Марра яқин
“Насаф” “Пахтакор”ни жуда яхши ўрганганини кўрсатиб қўйди. Биринчи таймдаги мураббийлар дуэлида Бердиев Максдан бир қадам олдинда бўлди. Иккинчи тайм стартида Максим Шацких бекорга мураббий сифатида “Пахтакор”га чақирилмаганини кўрсатди. У қўрқмасдан ўйинни қайта қуришга қарор қилди. Биринчи бўлимда энг фаол бўлган Ҳожиакбар Алижоновни Аббосбек Файзуллаевга алмаштириб юборди. Шу тариқа жамоа схемаси классик 4-2-3-1 га ўзгарди.
Бу майдон эгаларининг ўзагини ташкил этувчи ижрочилар учун қулай схема. Бундан ташқари, бу юриш орқали “супер Макс” биринчи 45 дақиқаликда ўйиндан тушиб қолган Сардор Собирхўжаев ва Одил Ҳамробековни ўйинга қўшиб юборди. Натижада, тўп назорати дарров “Пахтакор” томонга ўтди.
Чап қанот ҳимоясида Турғунбоев қолган бўлса, ўнг қанот ҳимояси Насоновга топширилди. Марказда Азмиддинов-Аъзамов тандеми. Аббосбек ва Достон қанотдаги ҳужумкор ярим ҳимоячи позициясига ўтган бўлса, Черан соф марказий ҳужумчи саналган Бонашакнинг ортидан ўрин эгаллади. Бундай кескин бурилиш ўйин картинасига таъсир кўрсатди. “Пахтакор” секин-аста ҳужумларни қанот бўйлаб уюштиришни бошлади. Файзуллаев 2 бор таъқибчисидан қочиб кетиб ҳавли вазият яратди. “Пахтакор” бир сўз билан айтганда ўйинга қайтди, аммо таблодаги ҳисобга таъсир кўрсата олмади. “Насаф” мудофаада жуда зич ва тартибли ўйин кўрсатгани бунга йўл қўймади.
Бердиев ҳамкасби вабанкка бораётганини кўриб, эҳтиёткорликни оширди. Акмал Мозговой ва Марко Станоевични ортга суриб рақибга биринчи рақамда тўп суриш имконига қўшиб тўп назоратини ҳам топширди. Эрта прессингдан воз кечди. Жамоа доминантлик қилувчи позицияни топшириб, тўлиқ қарши ҳужумга ўтди.
Финиш
Бу қарорини мураббий Норчаев ўрнига тезкор Соловьёвни “жангга” ташлагани билан исботлади. Энди, олдинда ҳимоячиларга босим ўтказадиган Ҳусайндан кўра, исталган пайтда катта тезликда олдинга ўта оладиган Иван “Насаф”га кўпроқ наф келтиради, деб ҳисоблади Бердиев. Макс ўйинни қутқариб қолишга интилди, аммо баҳснинг 78-дақиқасида “Насаф” устози яна бир юришни амалга оширди. Ойбек Бозоров ва Марко Станоевич ўрнини Суҳроб Нуруллаев ва Алибек Давронов эгаллади.
Шу тариқа 3-4-3 схемаси 5-4-1 га ўзгарди. Эътиборлиси шундаки, Бердиев яна бир фишкасини кўрсатди. Алибек Давронов марказий ҳимоячига айлангач, Умар Эшмуродов либеро позициясида ҳаракат қилишни бошлади. Афсонавий Италия ҳимоясини машхур бўлишида хизмат қилган бу позиция эгаларини “тозаловчи” ҳам деб аташади. У ҳимоя чизиғидан салгина олдинроқда жойлашиб олади ва мудофаадан қайтган тўплар ва узоқ масофадан бериладиган зарбаларга блок қўйиш вазифасини олади. Шунингдек, таянч зонасида рақиб ҳужумини кутиб олади.
Эшмуродов айнан шу позицияда ҳакам томондан қўшиб берилган вақтни қўшиб ҳисобласа 17 минут ҳаракат қилди ва марказни беркитди. Натижада, “Пахтакор” баҳс сўнггидаги штурмда фақат иккинчи қаватдан узатмалар билан ҳужум қилишга мажбур бўлди. Сўнгги 10 дақиқада Насруллаев ва Саитов умуман олдинга ўтгани йўқ. Фақат Лима Круз пассив прессингда иштирок этди. Қолганлар орқада зич ва тартибли ҳимояланди. Суҳроб ва Иван қанот ярим ҳимоясига туширилганига қарамай, Насонов ва Турғунбоевни қўриқлаш билан шуғулланди. Айнан шу сабабли “Пахтакор” бирорта голга тортадиган вазият ярата олмади.
Хулоса
“Насаф” бутун 90 дақиқа давомида бирорта позицион хатога йўл қўймади. Қайсидир маънода, ўйин тақдирини биргина гол ҳал этгандек кўриниши мумкин, аммо юзага келган устунликни 3 очкога қадар етказиб қўйиш ҳам бир маҳорат аслида.
Бердиев ёш ҳамкасбига қарши ўйинда бор тажрибасини ишга солди ва фаолиятидаги энг муҳим ғалабасини қўлга киритди. Шацких эса карьерасидаги илк жиддий мағлубиятни қабул қилиб олди. Шунга қарамай, бу мутахассис потенциали бор эканлигини, ўзгаришлардан чўчимаслигини кўрсатди. Унинг ўша учрашувдаги рақиби қанчалар урунмасин, яқинлашишга интилмасин бир қадам олдинда бўлди. Якунда, “Насаф” яхши дебют, тартибли ҳимоя ва кучли прессинг эвазига Тошкентдан Қаршига 3 очко билан қайтадиган бўлди. “Пахтакор” курашда давом этади.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар