"Берган кўрсатмаларимиз ўзини тўлиқ оқлашини кутмагандик" - "Локомотив" устози клубидаги энг яхши трансфер деб кимни ҳисоблаши, ғалабали ўйин ва легионер ҳақида

“Локомотив” иккинчи давранинг илк турида ўз уйида “Қизилқум”га қарши ўтказиб муҳим ғалабани қўлга киритди. Учрашув охирларидаги ягона гол ҳаммаси ҳал қилди.

“Темирйўлчилар” устози Денис Коростиченко жамоасини ўйинга яхши тайёрлагани сезилиб турди. Учрашувдан сўнг, ушбу мутахассисга айрим саволлар билан мурожаат қилдик.

- Денис Владимирович, сизни ва жамоангизни ғалаба билан табриклайман. “Қизилқум”га қарши учрашув жуда муҳим эди. Баҳс сизга ёқдими?

- Ўйин жуда қийин кечди. Менга йигитларнинг охиригача ғалаба учун курашганлари ёқди ва улар бунга ҳақли эдилар. Бизга иккинчи бўлимда осон бўлгани йўқ. Чунки рақиб бизни доим босим остида ушлаб туришга ҳаракат қилди. Шундай бўлса ҳам қарши ҳужумларимиздан бирида гол киритишимиз мумкин бўлган вазият юзага келди. Аммо доим ҳам омадимиз чопмади. Ўйлайманки, ҳар бир ўйин мана шундай оғир кечади ва буни тўғри қабул қилиш керак.

денис32

- Аслида учрашув дуранг билан якунланадигандек туюлаётганди. Охирги дақиқаларда гол киритилишини кўнглингиз сезганмиди?

- Биз ҳисобда олдинга чиқиб олганимиздан кейин шу натижани ушлаб қолишга ҳаракат қилдик ва охир-оқибат бунинг уддасидан чиқдик. Шунинг эвазига муҳим бўлган 3 очкони қўлга киритдик.

- Шунингдек, таркибга Иван Нагаев ҳам қўшиб олинди. Ҳолбуки, у ярим мавсум ҳеч қаерда ўйнагани йўқ. Унинг таклиф қилиниши нима билан боғлиқ?

- Иван тажрибали ҳужумчи. Унинг фаолияти давомида тўплаган малакаси бизга ақсотиши аниқ. Тўғри, Нагаев анча вақт ўйнагани йўқ. Лекин бизнинг ҳолатимизда ҳужумчида ҳаммаси бошқача юз бериши ҳамда бу клубимизга асқотиши мумкин. Мен унга ишонаман!

денис коростиченко

- Ягона гол Жавоҳир Алижонов ҳисобига ёзилди. Уни захирадан тушираётганингизда ҳал қилувчи гол муаллифи бўлишини билармидингиз? Унга қандай кўрсатма бергандингиз?

- Ҳа, албатта биз захирадан майдонга тушадиган ўйинчилар учрашувда туб бурилиш ясай олишлари мумкинлигидан умид қилгандик. Амалда ҳам бу исботини топди. Ҳужумга ўтадиганлар эса бу ҳудудда ўзларини нималар кутиб турганини яхши билишади. Майдонга тушиши олдидан унга ҳужумда фаол бўлишини ва гол киритиши кераклигини уқтиргандик. Албатта, берган кўрсатмаларимиз ўзини тўла оқлаши мумкинлигини кутмагандик. Бироқ пировардида ҳаммаси бошқача чиқиб, футболчимиз муҳим голни урди. Яна шуни айтишим керакки, захирадан майдонга тушган футболчиларимиз ўйинни кучайтира олишди. Бинобарин, Ғуломов гол билан якунланган тўп оширишни уддалади.

- Тожикистонлик легионер Сафаров ҳам дебютини ўтказди. Унинг ўйинига фикрингиз қандай?

- Биринчи ўйинидаёқ у ўзига ишонч билдириш мумкинлигини амалда кўрсатиб берди. Сафаров – кучли футболчи! Албатта, унга ҳужум чизиғининг қанотида ўйнаш осон бўлгани йўқ. Чунки бу ҳудудда вакилимиз ўзини қулай ҳис этиши қийин. Бироқ бизга айнан шундай тактик ўзгариш зарур эди. Бахтимизга у ҳаммасини тўғри бажарди ва бизга катта ёрдам берди.

денис33_1

- Денис Владимирович, “Локомотив”нинг энг яхши трансфери деб кимни айтасиз?

- Бу трансфер ойнасидами ёки умумий маънода айтяпсизми? Ўйлайманки, Жасур Жалолиддинов ва Мўмин Мелиев энг яхши трансферлар бўлди.

- Лекин Мелиев “Қизилқум”га қарши учрашувда очиқ дарвозага гол ура олмади-ку?!

- (Кулганча) Ўша вазиятда ҳимоячи унга қаттиқ халақит беришга улгурди-да. Ўйлайманки, навбатдаги учрашувларда Мелиев албатта гол уради. Энг муҳими, бизда рақибни хавотирга сола оладиган ҳужумчиларимиз бор.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!