Беш рекордни урган легионеримиз жамоасидан кетди ва Европадан биринчи таклифни рад этди!
Беларусь футболини ёритишга ихтисослашган https://by.tribuna.com сайти олий лигани иккинчи ўринда якунлаб, ўз тарихида илк бор кумуш медални қўлга киритган “Энергетик-БГУ” бир неча футболчилари билан хайрлашганини маълум қилди.
Манбанинг таъкидлашича, минсклик “талабалар”нинг энг катта йўқотиши чемпионатнинг энг зўр тўпурари ва энг самарали ўйинчиси Бобур Абдухолиқов бўлди.
Бобур билан бирга клубни бир неча етакчилар – жамоа сардори Александр Свирепа, ҳужумчи Роман Папарига, дарвозабон Артём Макавчик, ҳимоячи Илья Лукашевич ҳам тарк этди.
Маълумотларга қараганда, Свирепа хориждан ва Минскнинг “Динамо” жамоасидан таклиф олган. Макавчик ва Папарига Қозоғистон чемпионатига кўчиб ўтишни режалаштирмоқда.
Бобур Абдухолиқов ҳам турли жамоалардан чорлов ола бошлади. Манбанинг таъкидлашича, ўзбекистонлик ҳужумчи Исроилдан бўлган таклифни қабул қилмаган. Бобурнинг мақсади Европанинг кучлироқ лигаларида ўзини кўрсатиш бўлиб қолмоқда.
Унга йил давомида Польша, Туркия, Шотландия, Россия клубларидан қизиқиш бўлгани ҳақида хабарлар тарқатилган эди. Энди ҳамюртимиз ўзига мос жамоа топиш учун таклифларни жиддий ўрганиб чиқишига тўғри келади.
Бобур Абдухолиқов учун 2022 йилги мавсум фаолияти давомидаги энг муваффақиятлиси бўлди, десак янглишмаймиз. Беларусь олий лигасида тўпурарлик маҳоратини намойиш қилган легионеримиз бир мавсумда бешта рекордни қайд этди.
Абдухолиқов бешта рекорддан иккитасини такрорлади, учта кўрсаткичи янги натижа сифатида қайд этилди.
“Энергетик-БГУ” таркибида Бобур олти маротаба дубль қайд этди ва бу кўрсаткич бўйича Андрей Хлебосоловнинг 1996 йилдаги ва Максим Скавишнинг 2020 йилдаги рекордларини такрорлаб, бу натижани қайд этган учинчи футболчи бўлди.
Бундан ташқари, Абдухолиқов мавсум давомида ўнта учрашувда ғалаба тўпини киритиб, Роман Василюкнинг йигирма икки йил аввал ўрнатилган рекордини такрорлади.
Бобурнинг янги рекорди чемпионатнинг сафар учрашувларида гол уриш бўйича қайд этилди. Ҳамюртимиз мезбонлар дарвозасини 16 маротаба ишғол қилган.
Шунингдек, ҳужумчимиз 26 та гол билан Беларусь чемпионатида бир мавсумда энг кўп тўп киритган хорижлик футболчига айланди.
Ниҳоят, бешинчи рекорд Абдухолиқовни гол+пас тизими бўйича энг кўп – 32 очко (16 та гол + 6 та ассист) жамғарган легионерга айлантирди.
Бир сўз, билан айтганда “Насаф” тарбияланувчиси учун мавсум жуда омадли якунланди. Шу тариқа, Абдухолиқов бир ярим йил муқаддам Украина қилган сафари ва у ердаги муваффақиятсиз даври шунчаки тасодиф эканини исботлай олди.
Моҳир тўпурар Беларусь чемпионатидаги ўйинлари орқали яна Ўзбекистон миллий терма жамоасига қайтарилгани унинг энг катта ютуғи экани шубҳасиз.
Ўзбекистон терма жамоасини енгишга мажбур эмасмиз!
Corriere dello Sport: Моуриньо Шомуродов “Рома”га келишини билмаган!
"Рома"ни қутқарган Шомуродовнинг ўйини қандай баҳоланди?
Ўрунов жамоасиз қолганининг ҳақиқати очилди!
Фикрлар