Биласизми, Абрамовнинг шогирдига Франция ва Германия клублари жиддий қизиқиб қолишган!
Қиш фасли ва юртимизда қишки трансфер ойнаси очилди. Ҳозир футболчилар бозори авж олган пайт. Мухлисларни ҳам бундай пайтда биринчи навбатда трансфер янгиликлари қизиқтиради.
Ўтган йилдан бери Самарқанднинг “Динамо” клуби шарафини ҳимоя қилиб келаётган 21 ёшли ҳимоячи Жаҳонгир Ўрозов атрофидаги вазиятни кузатиш жуда қизиқ кечмоқда. Йил бошида самарқандликлар унинг трансферини Туркиянинг “Эйюспор” жамоасидан сотиб олганди. Энди эса “Динамо” Ўрозов орқали яхшигина суммага эга бўлиши кутилмоқда. Чунки бу футболчини айниқса, Европада харидорлари кўп.
Ёдингизда бўлса, шу мавсум аввалида ҳам Жаҳонгирга четдан бир қанча таклифлар бўлган, бироқ якунда футболчи “Динамо”да қолганди. Бу сафар энди бундай бўлмаса керак ва иқтидорли ҳимоячининг фаолиятида катта эҳтимол билан янги саҳифа очилади. Бу борада унинг агентлари қаттиқ ишлашяпти.
Амалда “Динамо” билан яна шартномаси бўлган ушбу ўйинчига четдан аниқ ва жиддий таклифлар мавжуд. Sports.uz га маълум бўлишича, кўплаб вариантлар орасида Франциянинг “Нант” ҳамда Германиянинг “Боруссия Мюнхенгладбах” клублари асосий даъвогарлар бўлиб туришибди. Улар аллақачон Жаҳонгир Ўрозовни кўз остиларига олиб қўйишган ва шу сабабли уни “Динамо”дан сотиб олишга тайёр туришибди. Бу ёғи нарх-навосининг қай тарзда келишишига боғлиқ. Шуниси аниқки, Самарқанд клуби бу ўйинчи орқали яхшигина даромадга эга бўлади.
Шунингдек, Ўрозовга Украина премьер-лигасида “Шахтёр” билан биргаликда пешқадамлик қилиб келаётган “ЛНЗ Черкас” клуби ҳам қизиқиб қолган. Бироқ футболчининг агенти мижозини фақат Европанинг топ 5 чемпионатларидан бирига йўл олиши борасида ҳаракат қилишаётгани маълум бўлди.
Дарҳақиқат, Жаҳонгир якунига етган мавсумни ҳам юқори даражада ўтказа олди. У бу йил чемпионат ва Кубок доирасида 32 та учрашувда майдонга тушди. 1 та гол урди ва 2 та голли пасни бажарди. У энг яхши футболчиларидан бири бўлди ва йилнинг рамзий терма жамоасидан ҳам ўрин эгаллади. Таъкидлаш лозимки, футболчи Вадим Абрамов қўл остида янада ўсди.
Январь ойида Жаҳонгирни Европанинг таниқли клубларидан бирида кўрсак ажаб эмас. Воқеалар ривожини кузатиб борамиз.



Фикрлар