Биласизми: “Локомотив” 2010 йилдан буён “Навбаҳор”га ютказмаяпти

Ўзбекистон Суперлигаси 3-тури доирасидан ўрин олган қизиқарли тарзда кечиши кутилаётган беллашувлардан бири Намангандаги “Марказий” ўйингоҳда ўтади.

Унда Ўзбекистоннинг 2 карра чемпиони – Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси “Навбаҳор” меҳмони бўлади. Ушбу учрашувни тажрибали рефери – Зокир Қодиров бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бошқариб боради. Ўйин соат 20:00да старт олади.

17 март (шанба)

“Навбаҳор” – “Локомотив”

Ҳакамлар: З. Қодиров (Навоий), Р. Самандаров (Навоий), О. Жумаев (Навоий), А. Раҳимов (Андижон).

Назоратчи – А. Арутюнов (Тошкент).

Комиссар – М. Саидқосимов.

Шу ўринда ушбу икки жамоанинг ўзаро учрашувлари тарихига эътибор қаратадиган бўлсак, “Локомотив” шу пайтга қадар “Навбаҳор”га қарши 26та ўйин ўтказган. Ўзаро ўйинларнинг 14тасида “темирйўлчилар” жамоаси зафар қучган. 7та беллашувда эса наманганликларнинг “қўли баланд” келган. Яна 5та ўйин эса дуранг билан ниҳоясига етган. Бу ҳақда "Локомотив" расмий сайти хабар бермоқда.

“Локо” футболчилари ушбу рақиб дарвозасини ҳозиргача 47 марта ишғол этишга муваффақ бўлишган. Дарвозамиздан эса 36 бор тўп ўтказиб юборганмиз.

“Локомотив”нинг “Навбаҳор” устидан қозонган энг йирик ҳисобдаги ғалабаси – 5: 0 ҳисобида тугаган бўлиб, ушбу баҳс 2016 йилги мавсум иккинчи даврасида ўтказилганди.

Яна бир диққатга сазовор жиҳат шундан иборатки, “Локо” “Навбаҳор”га 2010 йил 25 сентябридан буён мағлуб бўлмай келмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!