Биласизми?
Ads

Ҳозирча 32 учрашувда майдонга тушган тошкентликлар 83 тўп киритишди. Бир ўйинда рақиб дарвозаси ўртача 2,6 мартадан ишғол этиб келинмоқда. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бериб ўтди.

Чемпионлар лигасида 8 ўйинда 11, Ўзбекистон Кубогида 2 баҳсда 7, Лига Кубогида 4 беллашувда 7 ва Суперлигада 18 баҳсда 58 тўп киритилган. Эътиборлиси, Суперлигада "Пахтакор" 58 гол билан бу борада мутлоқ пешқадам бўлиб турибди.

Шота Арвеладзе шогирдларига энг яқин жамоа "Локомотив" ҳозирча 30 талик довонни ҳам забт этмаган - улар 29 гол уришга эришган.

"Пахтакор" ҳисобида ҳозирча 8та йирик ғалаба мавжуд. Иккинчи даврада кетма-кет 4 баҳсда йирик зафарлар қўлга киритилди. Мавсум тугашига 8 тур қолганда энг яқин таъқибчи билан фарқ 15 очкони ташкил этмоқда. Кейинги ўйинларда яна 10 очко тўпланган тақдирда "Шерлар" 12-бор Ўзбекистон чемпионига айланишади.

Суперлигада тўпурарларга тўхталадиган бўлсак, Драган Черан 22 гол билан якка пешқадам бўлиб турибди. Унга энг яқин футболчи 11 тўп муаллифи бўлган. Чераннинг ўзи Суперлигада 8 жамоадан кўпроқ гол урган ва яна 2 жамоа билан бир хил тўп киритган. Фақатгина уч жамоа Драгандан кўпроқ гол уришга эришган. Черан ҳозиргача 2 хет-трик ва 6 марта дубл муаллифига айланиб улгурди. Жорий мавсумда у Суперлигада 10 жамоа дарвозасини ишғол қилди. Фақат "Насаф", "Сурхон" ва "Динамо" дарвозаларини ҳозирча ишғол эта олмади. Игорь Сергеев ҳисобида 10 гол мавжуд бўлса, Марат Бикмаев 8 тўп киритган. Ҳужумдаги ушбу учлик Суперлигада 58 голдан 40тасини уриб бергани эътиборга молик.