Биличдан Шукергача. Ёхуд “ЖЧ-1998”да 3-ўринни қўлга киритган Хорватия терма жамоаси қаҳрамонлари ҳозир қаерда?
Россияда бўлиб ўтган “ЖЧ-2018”га қадар 1998 йилги жаҳон чемпионатида қўлга киритилган бронза медали Хорватия терма жамоаси тарихидаги энг яхши натижа бўлиб келди. Мирослав Блажевич бошчилигидаги Хорватия терма жамоаси Франция яшил майдонларида ўтказилган мундиал чорак финалида Германия терма жамоасини 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, ярим финалга чиқди. Афсуски, бу босқичда улар турнирнинг бўлажак чемпиони – Францияга 2:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишди. Хорватлар учинчи ўрин учун баҳсда Нидерландия (2:1) устидан зафар қучди ва бронза медалга сазовор бўлди.
Йигирма йил ўтгач, Модрич ва унинг жамоадошлари Россиядан кумуш медаль билан қайтди. Улар Шукер, Бобан ва Билич каби юлдузларнинг тарихий натижаларини яхшилай олди. Шунга қарамай, кўплаб катта ёшли мухлислар ўша давр қаҳрамонларини яхши эслашади. Биз эса “ЖЧ-1998”да мўъжиза кўрсатган юлдузларнинг ҳозирги ҳаёти ҳақида сўз юритамиз.
Славен Билич, 52 ёш
Ўша пайтда "Эвертон" ҳимоячиси ҳисобланган Билич жаҳон чемпионатида Хорватия терма жамоаси ҳимоясининг етакчиси бўлган, аммо мусобақадан кейин у сон мушакларидан қаттиқ жароҳат олди. Натижада, Билич узоқ вақт даволанишга мажбур бўлди. Славен олдинги даражасига қайтолмагач, Сплитнинг "Хайдук" клубига кетди. Билич айнан шу ерда мураббийлик фаолиятини бошлади. Кейинчалик Хорватия ёшлар терма жамоасини шуғуллантирди. Сўнгра унга Хорватиянинг асосий терма жамоаси ишониб топширилди.
2012 йилда у Москванинг “Локомотив” клубига таклиф этилди. Афсуски, Билич футболчилар билан тил топиша олмади ва натижада жамоа мавсумни 9-ўринда якунлади. Шу тариқа, унинг Россиядаги фаолиятига якун ясалди. Славен шундан кейин “Бешиктош” (2013-2015), “Вест Хэм” (2015-2017), “Ал-Иттиҳод” (2018-2019) ва “Вест Бромвич” (2019-2020) клубларини бошқарди. У 2021 йилнинг январидан буён Хитойнинг “Бэйцзин Гоань” клубига устозлик қилмоқда.
Алёша Асанович, 55 ёш
Хорватиялик ярим ҳимоячи 1998 йилги жаҳон чемпионатида Билич билан бирга 7 та учрашув ўтказган. Эътиборлиси, мундиалдан ҳам сўнг улар узоқ вақт ёнма-ён фаолият олиб боришди. Асанович ҳам фаолиятини Билич каби Сплитнинг “Хайдук” клубида якунлади, сўнгра Хорватия ёшлар терма жамоасида Биличга ассистентлик қилди. Кейин улар биргаликда 6 йил давомида мамлакатнинг асосий терма жамоасини бошқарди. Улар бошқарган Хорватия “Евро-2008”нинг чорак финалига қадар етиб борди.
Алёша 2012 йилда “Локомотив”да ҳам Билич билан бирга ишлади ва шундан сўнг, улар ажралиб кетишди. Асанович Словакиянинг "ДАК 1904" клуби техник директори бўлди ва орадан бироз вақт ўтгач, Австралияга жўнаб кетди. У у ерда ярим профессионал ҳисобланган "Мельбурн Найц" клубини бошқарди. Эски танишлар 2018 йилда Саудиянинг “Ал-Иттиҳод” клубида яна бирлашишди, аммо кейин яна ажралиб кетишди. Асанович ҳозир Хорватия футбол иттифоқида фаолият юритмоқда.
Звонимир Бобан, 52 ёш
Аммо "Милан" афсонаси Бобан фаолиятини якунлаганидан сўнг мураббий бўлмасликка қарор қилди. У спорт журналистикасини танлади ва Хорватия ҳамда Италия телеканалларида эксперт бўлиб ишлади. Загреб марказида жойлашган Бобан ресторани ҳам унга тегишли.
2016 йилда Звонимир ФИФА бош котибининг ўринбосари бўлди. Бироқ уч йилдан сўнг у бу лавозимни тарк этиб, “Милан”га футбол бўлими бошлиғи сифатида қайтди. У “Сан-Сиро”да узоқ қолмади. 2020 йил март ойида Бобан ишдан бўшатилди. Звонимир ишдан бўшатилишига қарши чиқди ва "Милан" устидан судга шикоят қилди. Ўтган йилнинг охирига келиб, у бу ишни ютиб чиқишга муваффақ бўлди, натижада «россонерилар» унга 5,3 миллион евро товон пули тўлаши белгиланди. Бобан бир ой олдин УЕФАда янги лавозимни эгаллади. Энди у иттифоқ президенти Александр Чефериннинг махсус маслаҳатчиси ҳисобланади.
Роберт Просинечки, 52 ёш
“Динамо” Загреб ярим ҳимоячиси 1998 йилги жаҳон чемпионатида Ямайка (гуруҳ босқичида 3:1) ва Нидерландия терма жамоаларига қарши (учинчи ўрин учун ўйинда 2:1) учрашувларда иккита гол урган. Шу тариқа, Просинечки иккита терма жамоа сафида (Югославия ва Хорватия) Жаҳон чемпионатида гол урган тарихдаги биринчи футболчига айланди.
Роберт футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг Загребнинг "Динамо" клубида ёрдамчи мураббийга айланди. Кейинчалик у Хорватия терма жамоаси мураббийлар штабида Билич ва Асанович билан бирга ишлади. Просинечки бош мураббий сифатида илк бор Сербиянинг "Црвена Звезда" клубини бошқарди. Шундан сўнг у Озарбайжон, Босния ва Герцеговина терма жамоаларига ҳам устозлик қилди. 2019/2020 йилги мавсумда Роберт Туркиянинг "Кайсериспор" клубида ишлади. Кейин эса "Денизлиспор"га кўчиб ўтди ва уч ярим ойдан сўнг у ердан истеъфога чиқарилди. Шундан буён Просинечки ишсиз ҳисобланади.
Давор Шукер, 53 ёш
“ЖЧ-1998” Шукернинг фаолиятидаги энг юқори чўққи бўлди. Давор Ямайка, Япония, Руминия, Германия, Франция ва Нидерландия терма жамоалари дарвозасини ишғол қилиб, мусобақанинг энг яхши тўпурарига айланди ва кумуш тўпни қўлга киритди. Бундан ташқари, у мундиалнинг рамзий жамоасига киритилди. Жаҳон чемпионатидан бир йил ўтиб, Шукер "Реал"ни тарк этди ва АПЛга йўл олди - аввал "Арсенал"да, сўнгра "Вест Хэм"да ўйнади. У фаолиятини Германиянинг "Мюнхен 1860" клубида якунлади.
Давор ўз академиясини очди ва 2010 йилда Хорватия футбол иттифоқига ишга жойлашди. Икки йилдан сўнг, у Влатко Маркович ўрнига ташкилот президенти этиб тайинланди. Энди Шукер УЕФА ижроия қўмитаси аъзоси бўлиш билан бир қаторда Хорватия футбол иттифоқини ҳам бошқариб келмоқда.
Горан Влаович, 48 ёш
“Валенсия” ҳужумчиси мундиалда Шукер билан жуфтлик ҳосил қилди ва Германия терма жамоасига қарши ўйинда иккинчи голни урди. “ЖЧ-1998”дан кейин Влаович “кўршапалаклар” сафида Испания кубоги ва Суперкубогини қўлга киритди. Горан аср бошида Грецияга йўл олди ва “Панатинаикос” сафида 4 мавсум тўп сурди. У ушбу жамоа таркибида 2003/2004 йилги мавсума “олтин дубль” қайд этди.
Фаолиятини тугатгандан сўнг, Горан экспертликка қайта ўқиди. У тез-тез Хорватия терма жамоасининг ўйинларини муҳокама қилади ва бу ҳақда интервюлар беради. У яқинда иккинчи турмуши ҳисобланган 32 ёшли хорватиялик модель Ивана Мишурадан қиз фарзанд кўрди.
Мирослав Блажевич, 86 ёш
Хорватиялик мутахассис 1998 йилги жаҳон чемпионатида бронза медаллари қўлга киритилганидан икки йил ўтиб, Хорватия терма жамоасини тарк этди. Кейинчалик, Блажевич Эрон ҳамда Босния ва Герцеговина терма жамоаларига, шунингдек, Хорватиянинг бир қатор клубларига устозлик қилди. Қисқа муддат Хитой Олимпия терма жамоаси билан ишлади. 2005 йилда у ҳатто Хорватия президентлигига мустақил номзод сифатида қўйилди, аммо бир фоиз ҳам овоз тўплай олмади.
Орадан ўн йил ўтгач, 2015 йилда Блажевич Хорватиянинг “Задар” клубини тарк этди ва шу йилнинг ўзида мураббийлик фаолиятини якунлади.
Фикрлар