Бир неча метрдан гол уролмаган Шомуродовнинг ўйини қандай баҳоланди?
“Рома” бош мураббийи Иван Юрич ҳамюртимиз Элдор Шомуродовга Европа лигаси умумий босқичи доирасида “Динамо Киев”га қарши ўтказилган учрашувда кўпроқ вақт берди.
29 ёшли легионеримиз 53-дақиқада учрашув қаҳрамонларидан бири Артём Довбик ўрнига тушиб, деярли бир бўлим тўп тепди. Шомуродов икки маротаба ҳисобни ўзгартириш учун қулай имкониятга эга бўлганди.
Бироқ ҳужумчимиз биринчи марта мураккаб вазиятда берган зарбаси дарвоза устини ёнидан ўтиб кетди. Ўйин якунланишига 10 дақиқа қолганида Пауло Дибала бир пас билан Шомуродовни рақб посбони билан бирга бир вазиятга чиқарди. Элдор ўта қулай вазиятда деярли бўш қолган дарвозани ишғол қилолмади.
“Рома” фаолиятини ёритиб келаётган манбалардан бири – siamolaroma.it портали экспертлари римлик футболчилар ўйинини қуйидагича баҳолади.
Миле СВИЛАР 6:
Умуман олганда, унинг дарвозаси олдида кўп ҳам хавфли вазиятлар бўлмади. Лекин учрашув охирида тўпга чиқишда йўл қўйган хатоси жамоага қимматга тушиши мумкин эди.
Марио ЭРМОСО 6,5:
Испаниялик футболчи ниҳоят юқори даражада ўйнади. Топқирлиги ва жисмоний имкониятларидан келиб чиқиб, рақиб футболчиси Геррерога ўйин бермади. Айниқса, иккинчи бўлимда умуман хатосиз ўйнади.
Эван НДИКА 6,5:
Ивуарлик футболчи одатига кўра, ўз позициясида жуда ишончли ўйнади ва секин-аста “Рома” етакчисига айланиб бормоқда.
АНЖЕЛИНЬО 6:
Бу футболчидан рақиб жарима майдончаси ичига ўткир паслар узатиши кутилганди. Лекин жиддий ҳужумлар ташкил қила олгани йўқ.
Зеки ЧЕЛИК 6:
Қанотдан 3-4 маротаба ҳужум уюштиришга ҳаракат қилиб, “Интер” билан ўйиндаги хатосини ювишга уринди.
Ману КОНЕ 6:
Майдон марказида мувозанатни ушлаб туришга ҳаракат қилди. Бироқ ҳар доим ҳам буни ўхшата олмади.
Энцо ЛЕ ФЕ 6:
Учрашув бошида плеймейкерликни яхши уддалади. Кейинчалик хатолар кўпайиб кетди. Тактик интеллекти юқори бўлса-да, жисмоний ҳолатини яхшилаш устида ишлаши керак.
Никола ЗАЛЕВСКИ 6:
“Интер” билан ўйиндаги катта хатоси таъсиридан чиққани йўқ. Биринчи бўлимда бўшроқ ҳаракат қилди. Ўйиннинг иккинчи ярмида фаоллик кўрсата олди. Жарима майдончасига икки марта қулай тўп узатди.
Томмазо БАЛДАНЬЦИ 7:
Жуда қатъияти ўйинчи сифатида характер кўрсатди. Унинг бу хусусияти жамоадошларидан кўпига етишмаяти. Тўпни жамоага олиб беришда жонбозлик кўрсатди. Пенальти ишлади.
Николло ПИЗИЛЛИ 6,5:
Рақиб дарвозасига йўл топишга ҳаракат қилди. Анча фаол ўйнади. Ҳаракат майдонини кенгайтириб борди.
Артём ДОВБИК 6,5:
Кейинги пайтда “Рома”да фақат Довбик гол уряпти. Бу гал ҳам унинг пенальтидан киритган тўпи жамоага уч очко келтирди.
Пауло ДИБАЛА 6,5:
Захирадан ўйинга қўшилган бўлса-да, тез киришиб кетди ва бир неча марта ҳужум уюштиришга ҳаракат қилди. Айниқса, Элдор Шомуродовни бир ҳаракат билан қулай позицияга чиқарган паси ажойиб чиқди.
Лоренцо Пеллегрини 6,5:
Дибала сингари захирадан майдонга тушганидан кейин ўз ишини жуда яхши уддалади. Ҳужум ташкил қилиш баробарида ҳимояда ҳам фаол ҳаракат қилди.
Элдор ШОМУРОДОВ 5,5:
Артём Довбик ўрнига майдонга тушган ўзбек легионери жамоасининг ҳужум чизиғини жонлантира олди. Икки маротаба гол уриш учун яхши имкониятга эга бўлди. Ҳисобни ошириш учун бир неча вазият ярата олди. Бироқ бу имкониятлардан фойдаланишни уддалай олмади.
Брайан КРИСТАНТЕ 6:
Ярим соат ўз даражасида ўйнади, кейин эса жамоага деярли фойдаси теккани йўқ.
Иван ЮРИЧ 6:
Танлаган таркиби учун мухлислар томонидан ҳуштакбозликка дуч келди. Жамоа таркиби янгиланган бўлса-да, ўйин борасида ўсиш кўзга ташланмади. Шогирдлари бир амаллаб Европа лигасидаги биринчи ғалабани ушлаб қолди.
Фикрлар