Ҳусанов бу клубга ҳақиқий сюрприз бўлди!

Абдуқодир Ҳусанов ўзбек легионерлари орасида энг барқарор ўйин кўрсатаётган футболчиларимиздан ҳисобланади.

Бир йилдан ортиқ вақт мобайнида “топ-5” чемпионатлар қаторида эътироф этиладиган Лига 1 учрашувларида қатнашиб келаётган 20 ёшли ҳимоячимиз ўзига берилган имкониятдан унумли фойдаланиб, жамоасининг асосий ўйинчисига айланиб олди.

Гарчи Ҳусановнинг асосий амплуаси марказий ҳимоячи бўлса-да, вазиятдан келиб чиқиб, орқа чизиқнинг ҳар қандай нуқтасида муваффақиятли ўйнай оладиган универсал ҳимоячи эканини исботлаб қўйди.

Жорий мавсумнинг стартидаги бир неча ўйиндаёқ ҳамюртимиз нафақат Францияда, балки бутун Европада танила бошлади.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Абдуқодир Ҳусановга ПСЖ, “Арсенал”, “Эвертон”, “Ньюкасл” каби машҳур клублар жиддий қизиқиш билдирмоқда.

Европанинг қатор манбалари ва экспертлари ўзбек футболчисининг келажаги ва  трансфер имкониятлари ҳақида ўз қарашларини ёзмоқда.

Sports.uz портали ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига бир неча манбаларнинг легионеримиз фаолиятига оид мулоҳазаларини ҳавола этади.

BUTFOOTBALLCLUB.FR:

Янгилик бўлиши яқин. Лига 1 да мавсумнинг энг ёрқин стартини намойиш қилган Абдуқодир Ҳусанов “Ланс” учун ҳақиқий сюрприз бўлди. Яқинлашиб келаётган қишки трансферлар вақтидаёқ “Ланс” жек-потни уриши мумкин.

Чунки”Пари Сен-Жермен” ўзбек футболчисини олиб кетиши кутилмоқда. Бироқ ПСЖ бу трансфер учун курашадиган ягона клуб эмас.

Абдуқодир Ҳусанов идеал футболчи учун талаб этиладиган кўплаб хусусиятларни ўзида мужассам этган. У жуда кучли марказий ҳимоячи, яккама-якка курашларда енгилмас, рақибни ҳар қандай вазиятда тўхтатиб қолиш қобилиятига эга. Ўзбек легионер ўз ҳаракатлари билан бош мураббий Уилл Стиллни талабларига тўлиқ жавоб бериб келмоқда.

Кейинги пайтда 20 ёшли ўйинчига жарима тўпларини ишониб топширишяпти, унинг ўзи ҳужумга ҳам қўшилиб турибди. Ана шундай муҳим хислатларга эга ҳимоячи ортидан январь ойидаёқ харидорлар келиши кутиляпти. Ҳусановнинг рейтинги тез ўсиб боряпти.

Реми Бюизин, франциялик машҳур журналист:

Ҳусановга Англия клубларининг қизиқиши бугун пайдо бўлгани йўқ. Ёзги трансферлар ойнаси давридан бери бу футболчи Европанинг қатор клубларини қизиқтириб келади.

Яна бироз вақт ўтиши билан унинг рейтинги янада ошади. Ҳусановнинг салоҳияти катта клублар назарига тушганига анча бўлди. Янги мавсумда атиги ўнта учрашувда ўйнаган бўлишига қарамай,  Англия клублари эътиборини ўзига қаратди.

Бироқ трансфер бозори натижаларини олдиндан тахмин қилиб бўлмайди. Чунки қарорлар кутилмаганда ва жуда тез қабул қилинади. Қизиқишлар ва музокаралар ҳали Ҳусанов Англияга кетаётганидан далолат бермайди. Ҳозир икки-учта клуб бу ўйинчини олиш режасини қурмоқда.

Батист Лакомм, hommedumatch.fr портали эксперти:   

Абудқодир Ҳусанов жорий мавсум бошидан жуда юқори статистикани намойиш қилмоқда ва Лига 1 ўйинчиларидан бирортаси бу борада ўзбек легионери билан тенглаша олмайди.

“Ланс”нинг 20 ёшли ҳимоячиси чемпионат ўйинларида яққол ажралиб турибди. Унинг мукаммал ўйини ва юқори салоҳиятга эга иқтидори бир неча клублар эътиборини тортди ва улар қишки трансферлар ойнаси очилиши билан Ҳусановни қўлга киритишга уриниб кўради.

 Ҳусанов ҳимоя марказидаги ишончли ўйини, яккакурашлардаги устунлиги, ҳужумни тўғри бошлаб бериш қобилияти билан танила бошлади. Сўнгги учрашувларда эса, стандарт вазиятлардан зарба йўллаш ва ҳужумга қўшилишдаги маҳоратини ҳам намойиш қилгани эътиборни тортди.

ПСЖ Ҳусановга қизиқиш билдираётган ва ҳимоячи атрофидаги вазиятни диққат билан кузатиб келаётган клублардан бири. Бироқ ўзбек футболчисига Англия клубларининг даъвогарлик қилаётган ҳимоячининг трансфер суммасини ошиб кетишига олиб келади ва рақобатни кучайтириб юборади.

Айни пайтда Абдуқодирга оид трансфер маълумотлари тобора кўпайиб бормоқда. Унинг талантини пайқаб, олишга ҳаракат қилаётган клублар сони ҳам ортяпти. Лекин Ҳусанов фаолиятини “Ланс”да давом эттирадими ёки олдиндаги трансферлар бозорлари даврида бошқа клубга кетадими, ҳозирча аниқ жавоб бериб бўлмайди.

Эслатиб ўтамиз, “Ланс” Абдуқодир Ҳусановни 2023 йилнинг ёзида Беларус чемпионати вакили “Энергетик-БГУ”дан 100 минг евро эвазига трансфер қилган. Францияда муваффақиятли тўп тепаётган ҳамюртимизнинг айни пайтдаги трансфер суммаси беш миллион еврога етди. Экспертлар мавсум охиригача бу нарх яна кўтарилишини таъкидламоқда.

Айрим манбалар “Ланс” раҳбарияти Абдуқодир Ҳусанов трансферидан 30 миллион евро атрофида маблағ ишлаб олишни режалаштираётганини маълум қилди.

“Ланс” Англия грандлари кутаётган Ҳусановни қанчага баҳолаяпти?

“Реал”нинг трансфери Ҳусановнинг гранд клубга ўтишига йўл очади!

Янги позицияда рақибни титратган Ҳусановнинг ўйини қандай баҳоланди?Файзуллаевнинг нархи кўтарилиб кетади!

 

Россияда Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатига чиқишига ишонишяпти

 

Ўзбекистон ҳимоясини мустаҳкам ушлаб турган Ҳусановнинг ўйини Европада қандай баҳоланяпти?

Ҳусанов қачон гранд клубга ўтади?

Ҳусанов Европада чўққига кўтариляпти!

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию