
"Бирданига 22 та зўр футболчи топиб олгани сеҳргар эмасмиз" - Баҳром Ҳайдаров Намангандаги йирик мағлубиятдан сўнг яна нималарни айтди?
Суперлиганинг 11-турида “Навбаҳор” Наманганда “Қўқон-1912”ни қабул қилди ва 3:0 ҳисобида рақибини таслим қилди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров қатнашди.
- “Навбаҳор” жамоасини чиройли ғалабаси билан табриклайман. Оғир мағлубият бўлишига қарамасдан охиригача бизни қўллаб турган мухлисларимизга катта раҳмат. Бугунги мағлубият учун узр сўрайман. “Навбаҳор” ишқибозларини ғалаба билан табриклайман. Бевосита учрашувга келсак, 20-дақиқагача “Навбаҳор” тезкор футбол намойиш этди. Биз шу нарсага тайёргарлик кўрган эдигу, аммо эплай олмадик. Қанотлардаги футболчилари – Алишер Одилов ва Руслан Жиянов, шунингдек, Аббос Ғуломов, шу учаласи олдинги учрашувларда ҳам жамоанинг олдинги чизиғида яхшигина босим ўтказишаётганди. Ўйиннинг дастлабки 20-25 дақиқасида уларни тўхтатишни эплай олмадик. Шу орада иккита тўп ўтказдик. Иккинчи бўлимда вазиятни ўнглашга ҳаракат қиламиз деб ўзгаришларни қилдик. Аммо пенальтидан кейин ҳисоб 3:0 бўлди. Бундай натижа сусткашликка олиб келади. Шунга қарамай, футболчиларимиз охиригача курашишди. Иккала бўлимда ҳам имкониятларимиз бўлди. Озгина маҳорат етишмади. Уларни айблай олмайман, буни устида улар ишлашяпти. Ўйлайманки, голли имкониятлардан фойдалинишни ҳеч бўлмаса 50 фоизини эплай олсак, бошқача натижалар бўлади. Лекин буни уддалай олмадик. “Навбаҳор” эса ўз имкониятларидан яхши фойдаланди. Мезбонлар ҳақли ғалабага эришди.
- Водий дербилари тажовузкор, кескин курашларга бой бўлади. Бугун ҳар иккала жамоа мухлисларга чиройли футбол беришди. Жиянов ва Одилов ҳақида гапирдингиз. Жамоангизда иккала қанотда тезкор вингерлар етишмаётгандек туюляпти...
- Тезкор вингерларни “Навбаҳор” олди. Суперлигага чиққан жамоа сифатида бундай маҳоратли ўйинчиларни жалб қилишимиз қийин бўлади. Жиянов, Одиловга ўхшаган футболчиларни чақирсак молиявий ва обрўси томондан йил бошида “Навбаҳор”, “Бунёдкор” каби клубларни танлашади. Суперлигада ўзимизни кўрсатиб, ўртамиёна эмас, кучлироқ жамоаларидан бирига айлансак, ўйлайманки, бундай савиядаги футболчилар ҳам бизга келиб қўшилади. Ҳар қандай мураббий таркибида бу каби ўйинчилар бўлишини хоҳлашса керак. Ёшлардан ҳам иқтидорлиларини қидиряпмиз. Кўп позицияларимизда ўзгаришлар ҳам бўлади. Бирданига 22 та зўр футболчи топиб олгани сеҳргар эмасмиз. Кимдир жамоамизга қўшилиб кетяпти, кимдир қўшилиб кета олмаяпти.
- Қўқон футболини ривожлантириш бўйича қандай режалар бор?
- Кўпчиликка маълум бўлса керак, асосий ҳомийимиз йўқ. Буни яширишни кераги йўқ. Шаҳар ва вилоят ҳокимияти томонидан ёрдам бериб келиняпти. Ҳомий излашда давом этиляпти. Жамоамизни қўллаб-қувватлаб келаётган раҳбарлар олдимизга Суперлигага чиқиш вазифасини қўйишганди. Шу билан бирга кўпроқ ёшларни ўйнатиш ҳам вазифалардан бири. Эътибор берган бўлсангиз, бизда ҳам иқтидорли ёшлар бор. Лекин Суперлигани босими туфайли улар барқарор ўйнай олишмаяпти. Биз ҳам фақат ёшлардан жамоа қилишни хоҳлаймиз. Бунга “Сурхон”ни мисол қилса бўлади. Жиззах жамоасини ҳам мисол келтириш мумкин. 2-3 йил давомида ёшларни йиғиб, шундай таркиб шакллантириб олишган. Бизни ҳам мақсадимиз шу. Қўқонда академия, ўзини футбол базаси бўлиши керак. Бу йил ҳам катта ишлар амалга оширилди ва катта маблағлар сарфланди. Майдонлар ва машғулот майдонлари замонавий тарзда барпо этилди. Иш тўхтамаяпти, ривожланиш кетяпти. Барчаси давом этади, раҳбарлар шуни хоҳлашяпти. Бу ярим ё бир йиллик жамоа эмас. Қўқон халқини хурсанд қиладиган жамоа ташкил қилиш керак. Ёшлар тажрибали ўйинчилар ёнида ўсади. Лекин ҳали бир текисда кетмаяпмиз. Мана, учта турдан бери ютолмаяпмиз. Жамоани кучи ва аҳиллиги мана шундай вазиятлардан чиқиб кета олса, оғир кунларга ҳам тайёр бўлган ўша жамоа кучли бўлади. Биз мураббийлар штаби ва футболчилар шундай қийин ҳолатдан чиқиб кета олсак, ана ўшанда кучли жамоа бўламиз. Ҳозирча шу нарсага қадам босяпмиз, деган хулосага келяпман.
- Жамоангиз дарвозасига киритилган иккинчи тезкор гол ўйинга қанчалик таъсир кўрсатди, деб ўйлайсиз?
- Ўйинни яна қайта кўриб чиқамиз. Стандартлар қийин нарса. Бунинг устида ишлаймиз. Сиз айтгандек, тезда рўй берди ва бу ҳам катта таъсир қилди. Иккинчи голдан ҳам кўра танаффусда йигитлар ўзларига келиб, руҳланиб майдонга тушишгач, ўтказиб юборилган учинчи гол менимча жуда ҳам таъсир кўрсатди. 3:0 да ортда қолиш, боз устига сафарда “Навбаҳор”дек жамоага қарши ўйинда бу жуда қийин масала. Лекин йигитлар ҳаракат қилишди, шунинг учун раҳмат айтаман.
Комментарии