Бири ҳали ютқазмаган, иккинчиси эса ютмаган. Суперлигада илк бор ёхуд "бошсиз чавандоз"га қарши

Бу тур дербиларга бой ўтяпти-а? Аввалига водий дербиси - “Навбаҳор” билан “Андижон”, кейин пойтахт дербиси - “Металлург” – ОКМК, энди бўлса яна бир водий дербиси ҳам борки, мазкур ўйинни ҳам бир четга суриб бўлмайди. Бу “Нефтчи” ҳамда “Турон” жамоалари иштирокидаги баҳсдир. Бу нафақат водий дербиси, балки Фарғона вилояти дербиси десак ҳам бўлаверади.

Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, “Нефтчи” ҳамда “Турон” клублари ўртасидаги учрашувнинг аҳамияти янада ортиши шубҳасиз. Бугун, 17 апрель санасида Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида соат 17:00 да бошланадиган учрашувда табиийки иккала жамоа мухлислари ҳам бўладилар ва албатта “Нефтчи”ники кўпроқ. Чунки бу вилоятнинг бош жамоаси.

Ўйинга доир асосий маълумотлардан бири шуки, “Нефтчи” билан “Турон” Суперлигада илк бор тўқнаш келадилар. Шу жиҳатдан олиб қараганда, бу тарихий учрашув мақомида. Ҳа, бунгача “Нефтчи” билан “Турон” расмий ўйинларда майдонда куч синашишган. Фақат унда Суперлига эмас, балки про лига доирасида бўлиб ўтган.

01.12.2020.

"Нефтчи" - "Турон"  - 0:1

15.11.2020.

"Турон" - "Нефтчи"  - 0:2

28.10.2020.

"Нефтчи" - "Турон"  - 1:1

21.09.2020.

"Турон" - "Нефтчи"  - 1:1

истиқлол_1

Кўриб турганингиздек, бўлиб ўтган 4 та ўйин про лига доирасида кечган ва ҳозирча кучлар тенг бўлиб турибди. Иккала жамоа ҳисобида биттадан ғалаба бор ва шунингдек, 2 тадан дуранг ҳам. Тўплар нисбати 4/3 “Нефтчи” фойдасига. Яна қайтарамиз, булар фақат про лигадаги қарама-қаршиликлар. Суперлигада эса ушбу жамоалар ўзаро ўйинлар бўйича мана энди янги саҳифа очмоқдалар. Лекин жамоаларнинг охирги ўйини ёдингиздами? Ўша катта жанжал келтириб чиқарган баҳсда “Турон” 1:0 ҳисобида ютиб “Нефтчи”ни про лигада қолдириб кетган ва ўзи Суперлигага йўл олганди. Буни фарғоналиклар ҳали унутишгани йўқ.

Дерби ҳамма вақт ўз номи билан дерби. Унда клубларнинг эгаллаб турган ўринлари аҳамиятсиз бўлиб қолади. Буни қарангки, навбатдаги дерби олдидан қизиқ ҳолат мавжуд. “Нефтчи” турнир жадвалини пешқадам сифатида бошлаб келаётган бўлса, “Турон” аутсайдер сифатида якунлаб турибди. Пайқаган бўлсангиз, жамоалар дербига турли хил кайфиятларда етиб келишди. “Нефтчи”нинг натижалари режадагидек бўлса, “Турон”да ҳаммаси аксинча. Яйпанликлар 5 та ўйинда 2 дуранг ва 3 мағлубият қайд этишди. Ҳозирча ғалаба қозона олгани йўқ. Худди шунингдек, “Нефтчи”нинг кураги ҳали ерга теккани йўқ, мағлубият нималигини билмай келяпти.

баха1_1

“Турон”да вазият қийин. Боиси, куни кеча бош мураббий сифатида ишлаб келаётган Бахтиёр Ашурматов истеъфога чиқарилди. Кўпчилик унга “Нефтчи” билан ўйинга охирги имконият берилса керак, деган тахминда эди. Аммо раҳбарият бу учрашувни кутиб турмади-да, Бахтиёр Аъзамовични ишдан бўшатишди. Ҳали унинг ўрнига янги бош мураббий тайинлагани йўқ. Эшитишимизча, жамоани ўйинга ёрдамчи мураббийлардан бири тайёрлаяпти экан. Бош мураббийни истеъфоси футболчиларнинг кайфиятига таъсир кўрсатган бўлиши катта эҳтимол. Чунки аксарият ўйинчиларни Ашурматов таклиф қилган. Ҳозирги паллада “Турон” гўёки “бошсиз чавандоз”га ўхшаб қолган. Олдинда эса “Нефтчи” мисолида катта бир қоя турибди. Мураббий кетгани ўйинчиларга қанчалик таъсир қилганини ўйин давомида кўриб олиш мумкин. Бироқ юқорида таъкидлаганимиздек, ҳар қандай ҳолатда ҳам дерби ўз номига ва мақомига мос равишда ўтса керак. Қолаверса, бу вилоят дербиси ҳам саналади ва бунда ҳар доим иккинчи жамоа биринчи рақамли рақибини мағлуб этиш истагида “ёнади”.

“Нефтчи”нинг шашти баланд. Буни ўйинларидан, натижаларидан ва турнир жадвалидаги ҳолатидан билиб олиш қийин эмас. Шундай экан, руҳий устунлик мезбонлар тарафида бўлиши мумкин, лекин энг асосийси, барибир жамоаларнинг ўйинга кўрилган тайёргарлиги якунда ўз сўзини айтади.

Шуҳратбек Жўраев.    

"Яна имкон берса бўларди" - "Турон" футболчиси Ашурматовнинг истеъфоси ва клубдаги вазият ҳақида гапирди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Dolche& Gabana
17/04/2023 12:53
Турон ютади бугун