Бири хорижлик, яна бири терма жамоанинг собиқ футболчиси ва амалдаги устози ёхуд ўзимизнинг биринчи лигада қандай мураббийлар ишлаётганини биласизми?
Ёдингиздами, илгари чемпионатимизга Суперлига номи берилмасидан аввал олий лига деб номланарди. Ундан кейин биринчи лига мусобақаси бўларди. Ҳозир вазият ўзгарган ва асосий лигамиз Суперлига деб номланади. Про лига эса олдинги биринчи лига кабидир. Лекин бугунги кунда ҳам биринчи лига мусобақаси ташкил этилмоқда, бу турнир йўқ бўлиб кетмаган. Фақат олдинги йилларга нисбатан чемпионатимиз мавқеини ошириш мақсадида турнирлар кўпайтирилди ва формат ўзгарди.
ЎзПФЛ томонидан ўтказилаётган бугунги кундаги биринчи лигани унутиб қўймадингизми? У ердан иқтидорли футболчи ва мураббийлар етишиб чиқаётганига ишонасизми? Ҳа, ишонинг, бу рост. Айни пайтда ушбу мусобақада 17 та жамоа иштирок этяпти. 7-турдан кейин “Жиззах” 17 очко билан мағлубиятсиз ҳолда якка пешқадамликни ўзида сақлаб келяпти. Ундан кейинги ўринларда бораётган “Зомин”, “Янгиер”, ”Локомотив-БФК” ва “Нурафшон”да 13 тадан очко бор. Мусобақа жадвалининг охирги поғонасида “Чиғатой” жамоаси боряпти. 7 та ўйинда 7 та мағлубият. Улар ёшлардан ташкил топган ва асосан ўз тарбияланувчиларига суянган.
Биринчи лига жамоаларида қайси мураббийлар ишлаётгани мухлисларни қизиқтиради. Эътиборлиси, 17 иштирокчи орасида бир нафар хорижлик мутахассис ҳам бор. Ангренда ташкил этилган “Пахтакор-79” жамоаси раҳбари ганалик Келвин Лого бўлиб, у бош мураббийликка эронлик Аббас Азизини таклиф қилган. Маълумот учун, Келвин Лого жамоанинг ягона таъсисчиси ҳисобланади.
Эронлик Аббас Азизи 1981 йилда туғилган. Бунгача Тожикистонда Душанбенинг ЦСКА клубини бошқарган. Эронда эса “Огхаб Теҳрон” ва “Навад Урмия” жамоаларида ҳам фаолият олиб борган. “Пахтакор-79” мусобақа жадвалида 10 очко билан 8-ўринда.
Умуман олганда, жамоаларда кимлар мураббийлик қилаётанига эътиборингизни қаратмоқчимиз: “Зомин” (Асқар Умаров), “Нурафшон” (Комил Самиев), “Чиғатой” (Дмитрий Ким), “Насаф-фарм” (Элдор Мойлиев\Кенжа Тўраев), “Шаҳрихончи” (Турсунбой Хусанов), “Янгиер” (Жаҳонгир Жиямуродов), “Олимпия” (Шавкат Муллажонов), “Дўстлик Тошкент” (Шуҳрат Қурбонов), “Локомотив-БФК” (Равшан Аҳмедов), “Цементчи” (Сардор Зокиров), “Жиззах” (Суннатилло Ёқубов), “Жайхун” (Марат Ауйезниязов), “Пахтакор-79” (Аббас Азизи), “Янгийўл” (Андрей Снетков/Артер Ахметгалиев), “Бунёдкор-фарм” (Самат Нарзиқулов/Миркамол Қосимов), “Олимпик-фарм” (Фарҳод Нишонов).
“Қумқўрғон-1977” жамоаси эса айни пайтда бош мураббийсиз. Ҳарқалай охирги турда “Локомотив-БФК”га қарши беллашув протоколида “Қумқўрғон-1977” жамоасида бирорта мураббий номи ёзилмаган. Кейин суриштирсак ҳозирда бош мураббийсиз эканлиги маълум бўлди.
Юқорида номлари келтирилган мураббийлар орасида сиз яхши биладиганлари ҳам бор-а? Масалан, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ футболчиси Шавкат Муллажонов Одил Аҳмедовга қарашли бўлган “Олимпия” жамоасида мураббийлик қиляпти. Шу тариқа, Муллажонов мураббийлик фаолиятини бошлади.
Яна собиқ футболчилардан Жаҳонгир Жиямуродовни ҳам кўрсатиш мумкин, у “Янгиер”га устозлик қиляпти. Илгари “Насаф” шарафини ҳимоя қилган Элдор Мойлиев билан Кенжа Тўраев бугунги кунда “Насаф-фарм”да мураббийлик қилишяпти. Бунга ўхшаган мисоллар анча. Мураббийлар штабида ҳам собиқ футболчиларни учратиш мумкин. Мисол учун “Чиғатой” жамоасида Элдор Магдеев бош мураббийга ёрдамчи ҳисобланади. Қолаверса, Ўзбекистон U-18 терма жамоаси бош мураббийи Фарҳод Нишонов параллел равишда "Олимпик-фарм"га ҳам устозлик қиляпти.
“Зомин”да бош мураббий сифатида ишлаётган Асқар Умаров ўтган йили про лигада ушбу жамоани бошқаргани ёдимизда. Ўшанда жамоага молиявий қийинчиликлар муаммо туғдирганди. Шу ҳолат “Янгиер”га ҳам тегишли. Натижада икки жамоа бу йил биринчи лигада иштирокини бошладилар. Хуллас, энди бу мусобақада ишлаётган мураббийлар ҳақида ҳаминқадар маълумотга эгасизлар. Кўплаб мураббийлар учун ҳам биринчи лига мусобақаси трамплин вазифасини бажарса ажаб эмас.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар