"Биринчи даврадан кейин ўзимга яраша талабларим бор, "Бунёдкор"даги футболчиларнинг фамилиясини кўриб ўйинчиларимиз танишмайди". Бахтиёр Ашурматов кимларга эътироз билдирди?
“Қўқон-1912” жамоаси Суперлиганинг 12-турида Тошкентда “Бунёдкор”га қарши майдонга тушди. Ғалабага жуда яқин келган меҳмонлар қўшиб берилган дақиқаларнинг сўнгисида аламли голни ўтказиб юборишди. Натижада ғалабадан мосуво бўлдилар. Ўйиндан кейин “Қўқон-1912” бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов бир қатор саволларга жавоб берди.
- Бир кун олдин бўлиб ўтган 23 ёшгача бўлган Ўзбекистон ва Саудия Арабистони терма жамоалар ўртасидаги ўйин фонида бугунги учрашув унчалик кўринмаган бўлиши мумкин, - дея гап бошлади Ашурматов. - Чунки финалда икки жамоа яхши футбол намойиш қилди. Афсуски, ёшларимиз мағлубиятга учрашди. Лекин майдонни юзлари ёруғ ҳолда тарк этдилар. Темур Кападзе бошчилигидаги жамоамиз ҳали ўз сўзини айтади. Бизнинг жамоамиз бугун жанговарлик борасида ютқазмади. Охирги икки учрашувда ўйинчиларимизга эътирозларимиз бор эди. Вазиятлар кўп бўлмади, бироқ ғалабага лойиқ эдик. Афсуски, охирида йўқотилган эътибор бизга қимматга тушди. Учрашув якунланиши арафасида аламли голни ўтказиб ғалабани қўлдан чиқардик. Барибир “Бунёдкор” футболчиларини охиригача курашганини тан олишимиз керак. Бугун бизга уч очко жуда ҳам муҳим эди. Турнир жадвалидаги ўрнимиз ҳавас қиладиган даражада эмас. Бу – футбол. Эътиборни йўқотганимиз сабабли муҳим уч очкодан маҳрум бўлдик. Ўйин тенг курашлар остида кечди. Умуман олганда, учрашувдаги дуранг адолатдан, десак ҳам бўлади.
- “Бунёдкор” ўз ўйинини намойиш қила олмади. “Қўқон-1912” шундан фойдаланиб ютиб кетиши мумкин эди. Таркибни солиштирадиган бўлсак, тажриба бўйича ҳам “Қўқон-1912” “Бунёдкор”дан бир бош устун. Бунга қандай изоҳ берасиз?
- “Бунёдкор” ҳам бу йилги мавсумда ёмон ўйин кўрсатмаяпти. Тўғри, барқарорликни намойиш қилмаяпти. Лекин турнир жадвалида биздан юқорида турибди. “Бунёдкор” бўш жамоа ёки савияли футболчилар кам демаган бўлардим. Ёш, ўсишга интилиб турган футболчилар қаторида Даврон Эргашев, Аваз Ўлмасалиев, Дилшод Жўраев, Томива, Нарх каби ўйинчилар атрофида ёшлар ҳам ўсиб боришяпти. Рақибдан келиб чиқиб, бизни бу учрашувда фақат ғалаба қониқтиришини таъкидлаб ўтгандик. Ғалабага яқин келдик. Лекин охиридаги йўқотилган эътибор қимматга тушди.
- Бугунги ўйин зерикарлироқ ўтди. Вазиятлар кам бўлди, дарвозабонларга деярли иш топилмади. Шунингдек, Қувондиқ Рўзиев билан Жавоҳир Сидиқовни спорт формаси сизни қониқтиряптими? Бугун суст ҳаракат қилишди.
- 1:0 ҳисобда олдинга чиқиб олганимиздан кейин марказни кучайтиришимиз керак эди. Ҳимояга мослашганроқ ярим ҳимоячини чиқаришимиз лозим эди. Таркибимизда бундай ярим ҳимоячи йўқ. Ўтган йили бизда танлаш имконияти кўпроқ эди. Иқбол Маликжонов, Фарҳод Бекмуродов, Ойбек Рустамов, Бамба бор эди. Улардан аксари кетди ва ҳимояга мослашган ярим ҳимоячини топа олмадик. Лекин Рўзиевни бугун ёмон савияда ўйнади, деб айтмаган бўлардим. Катта ҳажмдаги ишни бажарди. Лекин рақобат бўлганида ярим ҳимоячилардан бирини олиб, марказий ҳимояни, дарвозамизга яқинроқ ҳудудларни беркитишга ҳаракат қилардик. Аммо захирамизда бундай ўйинчилар йўқ эди. Охиригача ушбу ўйинчилар билан қолишга мажбур бўлдик. Тўғри, Жавоҳир Сидиқов бундан ҳам юқори даражада ўйнай олади. Ўзига ҳам охирги пайтларда кўрсатаётган ўйинлари маъқул келмаётган бўлиши керак. Аммо мухлислар билишмайдики, у охирги пайтларда фақат жароҳати билан ўйнаяпти. Оёғи шишиб кетган бўлишига қарамай, укол ёрдамида майдонга чиқяпти, ундан миннатдор бўлишимиз керак. Рақобат бўлганида унга дам бериб, бошқа футболчилардан фойдаланиб, унда даволаниш имкони бўларди. Афсуски, бизда имконият йўқ. Шу сабабли Сидиқов ўз ўйинини жароҳат туфайли кўрсата олмаётган бўлиши мумкин. Лекин Жавоҳир бундан ҳам юқори савияда ўйнай олади. Бугун Дилшод Раҳматуллаевга ҳам кўп эътироз билдирдим. Бугунги ярим ҳимоячиларимиз янада яхшироқ ўйнай оладилар, аммо биз қониққанимиз йўқ.
- Барибир Сидиқов ва Рўзиев жамоадошларини кескин паслар билан таъминлай олишмади...
- Ўша кескин паслар етишмаганлиги сабабли ҳам вазиятлар кам бўлди. Зерикарлироқ ўйин бўлди. Чиройлироқ футбол тарафдоримиз. “Бунёдкор” ҳимоядан чиққанида босим уюштиришга ҳаракат қилдик. Дарвозалар томон зарбалар кам бўлди. Рўзиевда ҳам, Сидиқовда ҳам ажойиб зарбалари бор. Аммо бундан фойдаланишмади. Биринчи давра тугаганидан кейин рақобатни кучайтиришимиз керак. Ҳар қандай футболчи қанақа савияда бўлмасин таркибда ўзига рақобат бўлмаса, ўсиши қийин. Хоҳлаймизми-йўқми, бўшашади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам асосий таркибда ўйнайман, деган тушунча пайдо бўлади. Балки рақобат йўқлиги учун улар ўз савияларида ўйнай олмётгандир. Мурод Холмуҳаммедов йўқлиги сабабли биргина таняч ярим ҳимоячимиз Ойбек Рустамовни орқага олдик. Раҳматуллаев, Рўзиев ва Сидиқов учлигидан фойдаланмаган бўлардим. Ўртада ҳимояга мослашган футболчи ва битта ижодкор ўйинчи бўлса, Рўзиев ва Сидиқовда имконият кўпроқ бўларди. Ҳар бир йўқотишимиз билиняпти. Александр Мерзляков жароҳати борлиги учун ярим ҳимоячимиз Санъат Шиховни ҳимояга қўйяпмиз. Булар баҳона бўлолмайди. Ҳар бир жамоада рақобат бўлиши лозим. Салбий натижа кўрсатяпмизми, демак қаердадир хатога йўл қўйганмиз.
- Яқинда клубда раҳбарият ўзгарди. Бу ўзгариш жамоада ижобий ўзгариш бўлишига таъсир қиляптими? Балки ёзда каттароқ трансфер кўрамизми?
- Менимча, каттароқ трансфер кўрмасак керак. Янги раҳбарият катта мақсадлар билан келишган. Улар тинимсиз ҳаракатда. Охирги пайтларда кам очко жамғарганлигимиз сабабли иккита учрашувда максимал очко йиғиб, раҳбарият билан гаплашиб олмоқчи эдик. Ҳозирги пайтда қандай савиядаги ўйинчиларни оламиз? Барибир маблағга бориб тақалади. Яхши футболчини жалб қилмоқчимисиз, кўпроқ пул тўлаш керак бўлади. Ҳозир имкониятимизни билмайман. Лекин юқори шижоатли инсон келди, доим ҳаракатда. Ўйлайманки, Қўқон футболи учун ижобий тарафга ўзгариш бўлади. Биринчи даврадан кейин мени ҳам таркиб бўйича ўзимга яраша талабларим бор. Гаплашиб оламиз. Масалаларни ижобий ҳал қила оламиз. Агар ижобий ҳал қилмасак, таркибда рақобат бўлмаса, унда яна шу ҳолат давом этиши мумкин.
Ўйиндан олдин рақиб жамоа ўйинчиларини футболчиларимга ўқиб эшиттирдим. “Бунёдкор” шундай жамоаки, фамилиясини кўриб, ўйинчиларимиз танишмайди. Қолган клубларда кимнидир номини айтсангиз таниши мумкин. Биз мураббийларда ҳам рақиб ўйинчилари хусусида ахборот кам эди. Қўрқмасдан ёшларга имконият берилаётгани “Бунёдкор”нинг ютуғи ва бунга мажбур. Чунки академияси бор, бошқа жамоаларга нисбатан ёши катта ўйинчилари камроқ. Охирида тажрибали ўйинчиси масалани ҳал қилиб кетди. Даврон Эргашевга персонал равишда Иван Йосовични қўйгандик. У яхши ўйнади, фақат ўша вазиятда ўйинчисини йўқотиши бизга қимматга тушди.
Фикрлар