
"Бобожонов ва Самиев ҳимоячиларимизга қийинчилик туғдиришди" - Миржалол Қосимов ОКМКнинг ғалабасидан сўнг яна нималарни айтди?
Суперлиганинг 20-турида ОКМК жамоаси “Хоразм”ни қабул қилган ҳолда 3:1 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди. Мазкур учрашувдан сўнг ОКМК бош мураббийи Миржалол Қосимов матбуот анжуманида фикрлари билан ўртоқлашди.
- Асосийси, уч очкога эга бўлдик. Ҳар бир ўйин оғир кечяпти. Биринчи даврада ҳам жуда қийналгандик. “Хоразм” жамоасига яхши баҳо бераман. Нимагаки, жуда яхши ҳаракатланишди. Олдинги чизиқдаги иккита ҳужумчи - Бобожонов ва Самиев ҳимоячиларимизга қийинчилик туғдиришди. Шундан биттасида гол уришди. Лекин шунга қарамасдан йигитлар куч топа олишди ҳамда яратилган имкониятларни голга айлантиришди ва бизга ғалаба келтирди. Қизиқарли, аммо оғир учрашув бўлди. Кераклиги уч очкони мухлисларимизга тақдим этдик. Фурсатдан фойдаланиб, ишқибозларимизга миннатдорчилик билдираман. Футболни авваламбор улар учун ўйнаймиз ва жамоамизни охиригача қўллаб-қувватлаб туришди.
- Биринчи бўлимда қанотлардан бошланган ҳужумларда тўп ўртадаги футболчиларга етиб боргани йўқ. Жарима майдони ташқарисидан зарба бера оладиган футболчилар йўқмиди?
- Бор, албатта. Лекин иккинчи тарафини ҳам ўйлаш керак, “Хоразм” жамоаси яхши ҳимояланди. Учта марказий ҳимоячи билан ҳаракатланди ва қанотда 7 ҳамда 94-рақамдаги футболчилари яхши ҳаракатланиб, ҳужумга тезкорлик билан чиқишди. Олдин айтганимдек, Самиев билан Бобожонов ҳам ўзига яраша қийинчиликлар туғдиришди. Шунга қарамасдан бизда яхши имкониятлар бўлди, чиройли комбинацияни Нодир голга айлантириши керак эди. Футбол шуниси билан қизиқ. Масалан, Самарқанддаги ўйинда мағлубиятга лойиқ эмасдик. Биринчи бўлимнинг ўзида Хуршид билан Риада имконият бўлди. Гол урмасанг сенга уришади, деган мақол бор. Бу ўз тасдиғини топади. “Хоразм” биринчи бўлимда яхши ҳаракатланди.
- Энди чемпионатимизда танаффус бошланди. Бу мураббийлар учун бош оғриғи бўлади. Футболчиларни тонусда ушлаб туриш учун бу танаффусни қандай тўлдирасиз?
- Миллий терма жамоага, U23 га чақирилган ўйинчиларимиз бор ва уларга омад тилаб қоламиз. Ўйлайманки, жамоавий яхши кайфиятда ва яхши тайёргарлик кўриб келишади, деган умиддаман. Бунга кўникиб қолдик. Албатта, осон эмас. Энди стартни, тезликни оширганда ФИФА кунлари ва яна тонусда чиқиб қолинади. Вақт кўрсатади. Кейинги ўйинимиз 12 сентябрда ва шунга яраша ўртоқлик учрашувларини ўтказамиз. Бу дам олади дегани эмас. Йигитларга уч кун хордиқ берамиз. У ёғига кейинги ўйинларга тайёргарликни бошлаймиз.
Comments