“Биз ахлат йиғадиган клуб эмасмиз” ёхуд “Атлетико” мухлислари Роналдунинг келишига қарши

"Атлетико" мухлислари "Манчестер Юнайтед" ҳужумчиси Криштиану Роналдунинг ёзда Мадрид клубига ўтишига қарши чиқишмоқда.

“Mirror” нашрига кўра, “матрасчилар” мухлислари твиттерда #ContraCR7 (CR7’га қарши) хештеги остида твит қолдирмоқда. Шу тариқа, мухлислар Роналдунинг трансферидан норозиликларини билдиришмоқчи ва клуб қарорига таъсир ўтказишга урунмоқда.

“Агар бу футболчи “Атлетико”га келса, клуб аккаунтидан обунани бекор қиламан. Бу ер ахлат йиғадиган жой эмас", — деб ёзган мухлислардан бири.

"Бу фақат "Атлетико" мухлислари ҳақида эмас, ҳар бир клубнинг мухлислари Роналдуни рад этишлари керак", — дейди твиттер фойдаланувчиларидан бири.

"У кийиниш хонасини, мухлисларни ва қўли тегадиган ҳамма нарсани йўқ қилади. У ҳатто спорт нуқтаи назаридан ҳам қўллаб-қувватланмайди. Клуб Роналду билан аниқ таназзулга юз тутади", — деб ёзди “матрасчилар” мухлисларидан бири.

Эслатиб ўтамиз, Роналду 2009 йилдан 2018 йилгача "Атлетико"нинг асосий рақиби "Реал"да ўйнаган.

Олдинроқ “Daily Mail” нашри “Манчестер Юнайтед” ҳужумчиси “Атлетико” билан шартнома имзолашга тайёрлиги ҳақида хабар берганди. Шунингдек, Мадрид клуби 37 ёшли португалияликни ўз сафига қўшиб олиш учун ҳужумчи Антуан Гризманн билан шартномани бекор қилиши борасида ҳам миш-мишлар тарқалганди.

Роналду 2021 йилнинг августида “Манчестер Юнайтед”га қайтди. Ўтган мавсумда ҳужумчи клубнинг барча турнирлар доирасидаги 37 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 24 та гол ва 3 та голли узатмани ёздириб қўйган.

Унинг инглиз клуби билан шартномаси 2023 йилгача мўлжалланган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!