Биз бунча тўлолмаймиз! "Бавария" супертрансфердан воз кечди
«Бавария» клуби ПСЖ ҳужумчиси Брэдли Барколанинг «Ливерпуль»га ўтиши бўйича вазиятни диққат билан кузатмоқда. Мюнхен клуби футболчига жиддий қизиқиш билдирган ва унинг келажак режалари ҳақида билиш учун у билан боғланишга уринган. Бу ҳақда журналист Кристиан Фальк ўз сайтида хабар берди.
Манбага кўра, жорий ёзда Барколани сотиб олиш «Бавария» учун молиявий жиҳатдан жуда қиммат тушади. Шу билан бирга, «Ливерпуль» бу трансферни амалга ошириш учун етарли маблағга эга.
Таъкидланишича, агар 23 ёшли футболчи яна бир мавсум ПСЖда қолса, немис клуби кейинчалик уни сотиб олиш имкониятига эга бўлиши мумкин. Вингернинг амалдаги шартномаси 2028 йил ёзигача мўлжалланган.
Аввалроқ оммавий ахборот воситалари «Ливерпуль» Баркола трансфери учун 100 миллион фунт (116,55 миллион евро) тўлашга тайёр экани ҳақида хабар берган эди.
Ўтган мавсумда ПСЖ ҳужумчиси барча мусобақалар доирасида 49 ўйинда майдонга тушди. У шу ўйинларда 13 та гол урди ва 7 та голли узатма амалга оширди.
Transfermarkt портали маълумотларига кўра, футболчининг бозор қиймати 90 миллион еврони ташкил этади.

Фикрлар