"Биз учун катта йўқотишлар бўлди" ёхуд Рўзиқул Бердиев аэропортда "ушланди"
Хабарингиз бўлса керак, “Насаф” клуби ҳам ҳар йилги одатига кўра, бу сафар ҳам Туркиянинг Анталия шаҳрида ўқув-машғулот йиғинига киришди.
Хизмат сафари билан айнан Анталияга кетар чоғимизда Тошкент халқаро аэропортида “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев билан учрашиб қолдик. Фурсатдан фойдаланиб мураббийни "ушлашга" қарор қилдик ва айрим масалалардаги фикрлари билан қизиқдик. Чунки сафарга бир қатор жамоалар сингари “Насаф” билан ҳам бирга парвоз қилдик.
- Бу йиғинларимизнинг асосий босқичи бўлади. Чунки Туркияда кўп ўйинлар ўтказамиз, - дея гап бошлади мураббий. - Режамиз бўйича 8 та назорат учрашувида майдонга тушамиз. Биз иккита таркиб билан шуғулланамиз. Шу сабабли барча футболчиларга ўйнаш имкониятини берамиз. Кўпроқ ўйин амалиётини ошириш учун бу йиғинни ташкил қилдик. Биласизлар, бизда об-ҳаво ноқулай келди ва бу тайёргарлигимизга озгина таъсир қилди. Ўйлайманки, Анталиядаги йиғинимиз режамиз асосида кечади. Кўпроқ ўйин амалиётига эга бўламиз. Дастлаб Босния жамоасига қарши ўйнаймиз. Кейин Украина биринчи дивизион клубига қарши майдонга тушамиз. Умуман олганда, Грузия, Қозоғистон, Малайзия, Сербия мамлакатларнинг жамоалари билан ўйнаймиз.
- Таркибдаги охирги ўзгаришлар ҳақида маълумот бериб ўтсангиз...
- Таркибимизда катта ўзгариш қилмадик. Лекин имкон қадар йигитларимизни сақлаб қолишга ҳаракат қилдик. Бу асосий ютуғимиз бўлди. Баъзи-бир ўйинчиларни кўриб чиқдик, лекин кўнгилдагидек футболчини топмадик. Асосан маҳаллий ўйинчиларни таклиф қилдик ва фақат Тожикистондан терма жамоа аъзоси Муҳаммаджон Раҳимовни олдик. Ўзимиздан Жавоҳир Сидиқов ҳамда Шуҳрат Муҳаммадиевни таклиф қилдик. Уларни Шароф Муҳитдинов, Дилшод Саитов каби ўйинчилар ўрнини тўлдириш учун позиция бўйича жалб этдик.
- Легионер Алан Машович яна қайтди. Унинг тақдири қандай кечади? Ёки барибир кетадими?
- Алан Машович масаласига келсак, жамоамиз билан шартномасини бекор қилиш арафасида эди. Негаки, у ўзига бошқа клуб топиши керак эди. Бизга хабар беришича, яна жамоамиз билан йиғинда қатнашадиган бўлди. Машович ҳамон ўзига жамоа излаяпти. Аммо ҳали ўзи учун маъқул клуб топгани йўқ. Шу сабабли биз билан шуғулланяпти.
- Бу уни яна “Насаф”да тўп суради дегани эмасми ё қолиш эҳтимоли кўпроқми?
- Бошқа жамоа топиш эҳтимоли кўпроқ. Агар тополмаса балки биз билан қолиши ҳам мумкин.
- Шароф Муҳитдиновнинг кетиши катта йўқотиш эмасми?
- Бу йил биз учун катта йўқотишлар бўлди. Дилшод Саитов, Шароф Муҳитдинов ва Иван Соловьёвнинг ҳам тажрибаси бор эди, қолаверса, Марко Станоевич жароҳат олди. Барибир бизда жамоавий ўйин биринчи ўринга чиққан. Кетганларнинг ўрнини бошқа футболчилар билан тўлдиришга ҳаракат қиляпмиз.
- Яна янги легионерларни “Насаф”га чақирмоқчимисиз?
- Легионерларнинг кўпини кўриб чиқдик. Улар билан таркибни яна кучайтириш ниятимиз бор эди. Лекин сметамизни аниқлаб олмаганимиз учун легионерлар масаласи бироз ёпиқ турибди. Аммо ҳали вақт бор. Балки маъқул келадиган вариант бўлса, кўриб чиқамиз.
- “Насаф”ни олдинда Осиё Чемпионлар лигасидаги юриши кутяпти...
- Ҳа, 26 февраль куни Қатарга учамиз. Кейин тайёргарлигимизни ўша ерда давом эттирамиз.
- Айтмоқчиманки, жамоангизнинг ОЧЛ учун тайёргарлигида Туркиядаги йиғини ҳал қилувчиси бўлади, шундайми?
- Албатта. Асосий мақсадимиз Осиё Чемпионлар лигаси турнирида узоқроқ қолиш.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар