"Биз учун ўйин куни байрам, мақсадимиз кучли учталикка кириш" ёхуд "Олимпик" аъзосига Россиянинг "Динамо"си қизиқиб қолганди. Футболчининг ўзи нима дейди?

Суперлиганинг энг ёш ва шу билан бирга дебютант жамоаси – “Олимпик” ҳайрон қолдиришда давом этяпти. Охирги марта май ойида ютқазган клуб энди ҳеч кимга бўйин эгмаяпти.

Куни кеча “Сўғдиёна”ни қабул қилган “Олимпик” кучли рақибини мағлуб эта олди. Ўйинни фаол ўтказган Руслан Жиянов эса Sports.uz мухбирининг саволларига жавоб берди.

- “Олимпик” Сўғдиёна”ни таслим қилди. Ваҳоланки, чемпионлик учун курашаётган жиззахликларни кўпчилик ютолмаётганди. “Олимпик” эса енгиш йўлини топди. Буни қандай уддаладинглар?

- Мураббийимиз бизни ўйинга яхши тайёрлади. Рақибнинг ожиз томонларини кўрсатди ва қандай ўйин кўрсатиш кераклигини тушунтирди. Ютадиган учрашувларимизда дуранг ўйнаб қўяётгандик. Учрашувдан аввал мураббийимиз жамоага яхши мотивация бера олди. Натижада Тимур ака Кападзенинг тактикалари асосида жамоавий ўйин билан рақибни ютдик. “Сўғдиёна”нинг узун паслар билан ҳаракат қилишини ҳам билардик. Стандартлари ҳам хавфли ва биз барчасига тайёрлангандик. Қисқа паслар билан тўп суришга ҳаракат қилдик.

- “Сўғдиёна”нинг ожиз нуқтаси нимада кўринди?

- Буни айта олмайман. Жамоавий ўйин билан ғалаба қозондик. Ҳамма бир-бирини ўрнини тўлдириб турди. Кимдир хато қилса, ўрнини қопладик ва ўзаро қўллаб-қувватлаб ўйин кўрсатдик.

- “Олимпик”да 10 та дуранг бор. Бу борада ягона кўрсаткич ушбу клубда. Барча дуранглар адолатлими?

- Адолатлилари ҳам бўлди. Аммо ғалаба қозонаётган жойимизда дуранг ўйнаб қўйган пайтларимиз ҳам кузатилди. Ўйин бўйича ютдик, бироқ ҳисобда бунақа бўлмади. Дуранг бўлган учрашувларда кўп клублардан устунлик қилдик.

руслан2

- 7-ўринга чиқиб олган “Олимпик” жамоасига энди барча бошқача кўз билан қараяпти. Мухлисларнинг ҳурмати ошди. Ростини айтганда, клубни кучидан келиб чиқсак, қайси ўринга муносиб деб ўйлайсиз?

- Жамоа билан кучли учталикка киришга ҳаракат қиляпмиз. Мақсадимиз шундай.

- Бунга “Олимпик”ни имконияти етадими?

- Албатта, етади. Ўйинларда бир жамоа бўлиб ўйнасак ва бош мураббийимиз ҳар бир учрашувга тўғри тактика танлаб бера олсалар, биз янада кучли ўйин кўрсатаверамиз. Ҳеч кимдан қўрқмаймиз.

- Биламизки, сизга четдан яхши таклифлар бор эди. Айниқса, Осиё чемпионатидан кейин янада кўпайди. Аммо “Олимпик”да қолиб фаолиятингизни давом эттиряпсиз. Кейинги режангиз қандай?

- Агар четдан яхшироқ клублардан таклифлар бўлса, қўйиб юборишарди. Аммо ўзимиздан бўладиган таклифларни қабул қилмасликларини айтишган. Орада “Пахтакор” ёки яна бошқа клубларимиздан таклифлар бор дейишдику, шу боис Суперлиганинг бошқа жамоаларига қўйиб юбормасликларини маълум қилишган. Тимур ака Кападзе ҳам “Олимпик”да ўйнаганинг яхши деди. Ҳозир ҳам четдан таклифлар бўлиб турибди. Ҳаммасини клубдагилар ҳал қилади.

- Янги таклиф қаердан бўляпти?

- Яқинда Россия биринчи дивизионидан бўлди. Махачкаланинг “Динамо” клубидан таклиф тушди.

руслан3

- Музокара қандай кечди?

- Шартномамни сўрашди, қизиқиб. Лекин иккинчи даврани “Олимпик” клубида ўтказишим аниқ эди. Мураббийимиз ҳам ҳали яна ишлашинг керак деди. Албатта, Тимур Кападзенинг айтгани бўлади. Кўрамиз, яна яхши таклифлар бўлса маслаҳатлашамиз-да. Ҳозирги мақсадим кўпроқ голлар уриб жамоамга фойдам тегишини хоҳлайман. “Олимпик” билан қўйган мақсадимизга эришиб, кучли учталикка кирмоқчимиз.

- Мавсум бошида “Олимпик”нинг кучига кўпчилик етарли баҳо бермаганди. Энди барча ҳисоблашишга мажбур бўляпти. Ўша бошидаги “Олимпик” билан ҳозирги “Олимпик” ўртасида қанчалик фарқ бор?

- Албатта, катта фарқ бор. Бошида шундай эдики, Суперлигада ўйнамагандик ва ҳаяжон бор эди. Лекин ҳеч қачон қўрқув бўлмаган. Тимур ака Кападзе бизга маза қилиб футбол ўйнанглар ва завқ олинглар деб айтади. Футбол, ўйин куни байрам деб кўп таъкидлайди. Жамоамиз ўйинида яхши томонга ўзгариш бўлди. Осиё чемпионати ҳам ҳар бир футболчида кўп нарсани ўзгартирди. Бизда янада иштиёқ кучайди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Ал-химик
02/09/2022 10:34
Энди бу йигитчалар ОЧЛ да ёки ОФК лигаларида ўйнашлари учун астойдил ҳаракат қилишлари керак, чунки келажакда олимпиадага борадиган бўлса янада тажриба орттиришади