Бобур Ҳамдамов: "Юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилсам бўлди"
Хабарингиз бор, 20-22 сентябрь кунлари пойтахтимизда К-1 бўйича ҳаваскор ва профессионалар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Айниқса, профессионал жангларга қизиқиш юқори бўлаётганлиги сир эмас. Чунки, ушбу йўналишда бир қатор ўзбек яккакураш оламининг намояндалари рингга кўтарилишади. Улар орасида шубҳасиз энг машҳурларидан бири Бобур Ҳамдамовдир. Самарқанд вилоятида таваллуд топган ушбу спортчимиз К-1 бўйича оғир вазнда яъни 91 кгда мутлоқ жаҳон чемпиони саналади. Кўп карра Осиё чемпиони, бешта камарни қўлга киритган. Хуллас, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, бу спорт турида юртимизнинг энг кўзга кўринган атлети ҳисобланади.
Биз ушбу спортчимиз билан турнир аввалида қисқача суҳбатда бўлдик.- Бобур жангга тайёргарлик роса авжида бўлса керак?
- Албатта, жуда муҳим турнир. Шунинг учун, машғулотларга жиддий эътибор қаратганмиз. Қолаверса, ўз уйимизда жанг олиб борамиз. Шундай экан, халқимизни ишончини оқлашимиз зарур.
- Ватанимизда, ўз мухлисларингиз қаршисида жанг ўтказиш қийин эмасми, чунки, ўзига ҳос босим юзага келиши мумкин?
- Тўғриси, рингга чиққанимдан сўнг, барчасини унутаман. Фақат рақибни қай тарзда мағлуб этиш борасида фикр қиламан. Шунинг учун, босим бўлади деб ўйламайман.
- Адашмасам, муайтай спорт тури тарбияланувчиси эдингиз?
- Ҳа, ушбу спорт тури билан 11 йилдан буён шуғулланиб келаман. Устозларим Баҳодир Ғуломов ҳамда Шерали Қурбоновлар ёрдамида муайтайнинг сир-асрорларини ўрганганман.
- Умуман олганда тайларнинг миллий спорт туридаги натижаларингиз қандай?
- Кўп карра Ўзбекистон чемпиони, халқаро турнирлар ғолиби, Жаҳон чемпионати вице-чемпиони, профессионал йўналишда интерконтинентал камарини қўлга киритганман. Қитъа чемпионати ғолиби ва совриндори бўлганман. Умуман олганда натижаларимдан кўнглим тўлади.
- Демак, битта чемпионлик камарингизни муайтайнинг профессионал йўналишидан олгансиз... Қолган тўрттасиничи?
- Уларни айнан К-1 турнирларида қўлга киритганман.
- Рақибингизни ўрганиш ишлари ҳам олиб борилган бўлса керак?
- Ишонасизми? Хатто, рақибимни кимлигига ҳам қизиққаним йўқ. Ким бўлса, ҳам уни мағлуб этиб, юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилсам бўлди.
- Вақтингиз тиғиз бўлсада, бизга вақт ажрата олганингиз учун рахмат. Сизга омад тилаймиз!
Рахмат. Насиб қилса, ғалаба қозониб, барча юртдошларимизни хурсанд қилиш ниятидамиз. Ўз ўрнида барчани ушбу жанг кечасига таклиф қилиб қоламан.
Аҳмадбек ЭШМАТОВ суҳбатлашди.
Фикрлар