Бокс бўйича Ўзбекистон чемпионати олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди
8-14 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида бокс бўйича аёллар ва эркаклар ўртасида ўртадаги Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтади. Пойтахтимизда "Юнусобод" спорт мажмуаси ушбу мусобақага мезбонлик қилади.
Чемпионатда Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, Лазизбек Мулложонов, Миразизбек Мирзаҳалилов каби машҳур чарм қўлқоп усталари баҳсларга киришади.
Қолаверса, Баҳодир Жалолов ва Саиджамшид Жафаров 11 декабрь куни Бирлашган Араб Амирликларининг Абу Даби шаҳрида бўлиб ўтадиган IBA Pro Series турнирида жанг ўтказади. Жалоловга баҳрайнлик Данис Латипов рақиблик қилса, Жафаров кубалик амалдаги жаҳон чемпиони Йоэнлис Эрнандесга қарши рингга кўтарилиши маълум қилинди.
Анжуманда Бокс федерацияси бош котиби Миршоҳид Тиллабоев мусобақа шаффофлигини таъминлаш мақсадида ҳудди ўтган йилдигек 10 нафар хорижий тажрибали ҳакамлар иш олиб боришини тўғрисида маълумот берди.
Қолаверса, чемпионат олдидан IBA'нинг тажрибали инструктори, етакчи супервайзер британиялик Эндрю Коулфилд томонидан ўзбекистонлик реферилар учун махсус семинар ташкил этади ва ушбу семинар якунига кўра, муваффақиятли имтиҳон топширган реферилар халқаро тоифадаги ҳакам мақомига эга бўладилар.
Шунингдек, терма жамоа бош мураббийи Тўлқин Қиличев мамлакат чемпионатига жароҳат ва соғлиғи билан боғлиқ бўлган муаммолар сабабли Абдумалик Ҳалоков, Руслан Абдуллаев ва Мадияр Саидраҳимовлар иштирок эта олмаётганини билдириб ўтди.
Беллашувлар 8 декабрь куни "Юнусобод" спорт мажмуасида старт олади ва баҳслар Узрепорт ТВ канали орқали намойиш этилади.
Фикрлар