Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси нега Россияга кўчиб кетишга мажбур бўлганди?
Ўзбек боксида камол топиб, бир қанча ютуқларни қўлга киритган, кейинчалик Россия фуқаролигини қабул қилиб, у ерда ҳам яхши ном қозона олган кўплаб боксчилар бор. Мисол учун, Ринат Тришев, Гамлет Ильясов, Панарин, Бунин бундай номларни узоқ давом эттириш мумкин. Улар сафида эса, Ян Кульков алоҳида ўрин тутади. У фаолияти мобайнида яхши натижалар қайд этиб, Ўзбекистон терма жамоасига ҳам чақирилади. Кейинчалик Россияга кўчиб кетиб, у ерда ҳам ҳавасга арзигулик фаолият юритади.
Доимо, Ўзбекистонда туғилганлигини фахр билан тилга олувчи ушбу чрамқўлқоп устаси ҳақидаги баъзи маълумотларни ушбу интервью орқали билиб олишингиз мумкин.
- Туғилиб ўсган ватанингиз Ўзбекистондан саломлар!
- Ваалайкум ассалом. Аввало, эсга олганларингиз учун сизларга ўзимнинг миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Ростини айтсам, мен учун ҳеч кутилмаган, ёқимли ҳолат бўлди.
- Катта ёшли бокс мухлислари сизни Ўзбекистонда таваллуд топганингизни яхши билишади. Лекин ёшлар бу борада маълумотга эга, деб бўлмайди. Балки, бу борада ўзингиздан эшитармиз?
- 1972 йил Тошкент шаҳрида туғилганман. Бу ҳақда дунёнинг қайси шаҳри, қайси давлатида бўлмай, доимо Ўзбекистонда туғилганимни фахр билан айтиб юраман.
- Биринчи борган залингиз ва сизга ушбу спорт сир-асрорларини ким ўргатган эди?
- Бокс билан 11 ёшимда шуғулланишни бошлаганман. Аслида, футболчи бўлишни жуда хоҳлардим. Отасиз ўсганман, тоғам мени боксчи қилишга қарор қилган ва 10 ёшимда бокс тўгарагига олиб борган. Лекин ёшим етмаганлиги учун қабул қилишмаган эди. Сабаби ўша вақтлар тўгаракка 11 ёшдан қабул қиламиз деганди. Шундай қилиб, 11 ёшимдан “Динамо” бокс залида Бахтиёр Каримович Тўхтаев ҳамда Февзи Нуриевич Османовлар қўл остида бокс билан шуғулланишни бошлаганман. У инсонлардан бир умрга миннатдорман! Спортда ҳам, ҳаётда ҳам барча ютуқларга ўша инсонлар туфайли эришганман. 17 ёшимга қадар бокс билан шуғулланганман ва ўсмир ва ёшлар ўртасида энг юқори натижам 1988 йил Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон биринчилигида 54 кг вазн тоифасида 2-ўрин бўлганди. 17 ёшимда ўрта мактабни тугатганимдан сўнг, оилавий шароитимга кўра, бокс билан хайрлашишга мажбур бўлганман ва заводга ишга кирдим.
- Фаолиятингизда муҳим ўрин тутган бошқа мураббийлар ҳам бўлгандир?
- 1990 йил ҳарбий хизматга чақирилдим. 1992 йилгача Собиқ Иттифоқ армияси сафида Тожикистон – Афғонистон чегарасида хизматни ўтадим. Совет Иттифоқи тарқаб кетган, қийин даврлар эди. Ҳарбий хизматдан сўнг, яна бокс билан шуғулланишга қарор қилдим. 1993 йил Валентин Фёдорович Зеленин билан танишиб қолдим. У мураббий билан ҳамкорлигимиз узоққа чўзилмади. Чунки, Валентин Фёдорович Россия Федерациясининг Калининград шаҳрига кўчиб кетди. Ундан сўнг Мурод Салиевич Турдиев (афсуски, ҳозир у инсон бизнинг орамизда йўқ) қўл остида шуғулланишни давом эттирдим ҳамда барча натижаларимга ўша мураббийим бошчилигида эришдим.
- Россияга кўчиб кетишингизга нима сабаб бўлганди?
- Россияга кўчиб кетишимнинг сабаби, ўша даврларда у ерда профессионал бокс Ўзбекистонга нисбатан анча ривожланган эди. Асосий мақсадим кучимни профессионал йўналишда синаб кўриш бўлганди.
- Катталар ўртасида ҳам бир қатор турнирларда иштирок этгансиз ва Ўзбекистон терма жамоаси сафига ҳам чақирилган эдингиз. Натижалар қандай бўлганди?
- 71 кг вазн тоифасида Ўзбекистон чемпионати кумуш (янглишмасам 1995 йил), 1996 йил 75 кг вазн тоифасида бронза медали соҳиби. 1997 йил Ўзбекистон Кубоги ғолиби, Индонезияда бўлиб ўтган “А” классдаги халқаро турнир ғолиби бўлганман. Шундан кейин, 1998 йил Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрига кўчиб кетганман.
- Россиядаги фаолиятингиз қандай кечган?
- Россиядалигимда бир неча халқаро турнирлар ғолиби бўлганман. 1998 йил Собиқ Иттифоқ қаҳрамони, маршал Г.К.Жуков хотира турнирида -81 кг вазн тоифасид Сергей Михайлов билан жанг қилганмиз. Ўта оғир, баҳсли, муросасиз ўтган жангдан сўнг ҳакамлар менга ғолибликни беришган. 1999 йилдан профессионал боксдаги фаолиятимни бошлаб, 2000 йил февраль ойида профессионал боксчилар ўртасида Россия чемпиони, октябрь ойида 90 кг вазн тоифасида РАВА версиясида жаҳон чемпиони бўлганман.
- Ўзбекистон терма жамоасида биринчи рақамли бўлиш учун асосий рақобатчингиз Сергей Михайлов бўлган эдими?
- Ўзбекистон терма жамоасида биринчи рақамли боксчи бўлиш учун Дилшод Ёрбеков билан рақобат олиб борганман. Чунки, ўшанда -75 кг вазн тоифасида ҳаракат қилар эдим.
- Россия терма жамоасига ҳам чақирилгандирсиз, у ерда ҳам жиддий рақобатлар юзага келгандир?
Россия терма жамоаси таркибида ҳеч ким билан рақобатлашишга фурсат бўлмаган. 1998 йил Россияга кўчиб келган бўлсам, 1999 йил Челябинск шаҳрида бўлиб ўтган чемпионатда Александр Лебзякка биринчи жангда мағлуб бўлганман ва шундан сўнг профессионал боксга ўтиб кетганман.
- Сизнинг даврингиздаги Ўзбекистон терма жамоаси етакчилари кимлар эди ва уларнинг кучли жиҳатлари нимадан иборат эди?
- Мен Ўзбекистон терма жамоаси таркибида бўлган пайтларимда, бош мураббий Владимир Николаевич Шин бошчилигида жуда кучли, аҳил жамоа шакллантирилган эди. Мураббийлар жамоаси ҳам жуда иноқ эди. Терма жамоадаги муҳит аъло даражада бўлган. Фурсатдан фойдаланиб, буларнинг барчаси учун, бизларни нафақат спортчи сифатида қўллаб-қувватлагани, жамиятда ҳам ўз ўрнимизни топиб кетишимизда катта ёрдам бергани учун Владимир Николаевичга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдириб ўтмоқчиман... Бирор бир боксчини алоҳида таъкидлаб, кимнингдир дилини оғритиб қўймоқчи эмасман. Сабаби, ҳақиқатдан ҳам терма жамоа Ўзбекистондаги энг кучли боксчилардан ташкил топган эди.
- Профессионал боксда уч бора мағлубиятга ҳам учраган экансиз... Мазкур муваффақиятсизликларнинг сабаби нимада эди?
Профессионал боксдаги мағлубиятларимга келадиган бўлсак, биринчи мағлубиятимнинг ўзи менинг бутун фаолиятимга нуқта қўйди, десам ҳам бўлади. Яхшигина рейтингга, иккита камарга эга бўлиб турган вақтим менежерларим Германияга ҳаваскор боксчилар орасида Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпиони, профессионаллар орасида Европа чемпиони Торстен Майга қарши жангга жўнатишди. Ўша пайтда Торстен яхши спорт формасида эмас эканми, жангда анча устунликка эришган бўлсам ҳам ҳакамлар уни ғолиб деб топишди. Ганновер шаҳрида бўлиб ўтган бокс кечасига келган мухлислар ҳакамларнинг ноҳақлигига эътироз билдиришиб ҳуштакбозлик қилишди. Рингга ҳар хил нарсаларни улоқтиришди. Ушбу мағлубиятдан сўнг, руҳий тушкунлик юзага келди. Қолаверса, мен билан келажакда ҳамкорлик қиладиган яхши жамоа топилмади..
-Ўз вақтида Николай Валуев ва Дэвид Хей билан спарринг жанглар ўтказган экансиз... ?
- Дэвид Хейга спарринг-рақиб бўлиш менга жуда қийин бўлган, жуда кучли зарбага эга, бақувват боксчи эди. Дэвиднинг профессионал боксга энди ўтган даврлари бўлган. Лекин унга спарринг-рақиб бўлиш жуда ёққан. У билан Лондон шаҳрида уч ҳафта бирга ишлаганмиз. Германиялик боксчи Марко Хук ҳақидаям шуни айтмоқчиман. У ҳам эндигина профессионал боксга кириб келган даврида спарринг-рақиб бўлганман. Жуда тезкор, масофани яхши ҳис қиладиган боксчи сифатида таассурот қолдирганди.
Николай Валуевгв келадиган бўлсак, уч йил давомида унга спарринг шерик бўлиб, ёрдам берганман. Ўша пайтда Руслан Чагаев билан Финляндияда ўтказилиши режалаштирилиб, сўнг бошқа санага қолдирилган жангга тайёргарлик кўришида ҳам чапақай боксчи бўлиб, назорат жангларида унга рақиб бўлганман. Сўнг, Жон Руисга қарши жангга тайёргарлик кўриш чоғида ҳам бир ой у билан ишлаган эдим. Шунингдек, Эвандер Холифилд билан тўқнашувидан олдин ҳам унга спарринг-рақиб сифатида ёрдам бергандим.
- Балки яна бошқа машҳурлар билан ҳам ишлагандирсиз... Спарринг – рақиб сифатида олиб борган фаолиятингиз борасида менда янада кўпроқ маълумотлар бор. Эслаб кўринг?
- Дарвоқеа, Торстен Майнинг укаси Рудик Майга ҳам бу борада ёрдам берганман. Бокс билан расман хайрлашганимга қарамасдан, ҳаваскор боксчиларга ҳам спарринг-рақиб сифатида таклиф қилиб туришарди. Султан Ибрагимов, Александр Алексеев, Евгений Макаренко, Роман Романчук... Ҳаммадан кўпроқ Александр Поветкинга спарринг-рақиб бўлганман, Николай Дмитриевич Хромов, қайсидир мусобақадан олдин Поветкинга ёрдам беришим учун мени ҳатто Владивостокка таклиф қилганди.
- Мураббийлик қилаётганингиз ҳақида эшитган эдик ёки бошқа соҳада фаолият олиб бораяпсизми?
- Ҳозирги кунда мураббийлик фаолияти билан шуғулланганим йўқ. Хавфсизлик хизматида эканлигим учун мураббийлик билан жиддий шуғулланишга вақтим бўлмайди. 2010 йилдан буён фақат фитнес-бокс клубида машғулот олиб бораман. Лекин келажакда хусусий бокс залимни очиб, ҳаваскор ҳамда профессионл боксчиларни тайёрлаш ниятим бор.
- Ўзбекистонлик даврдош боксчилардан кимлар билан дўстона муносабатлар сақланиб қолган ва тез-тез қайсилари билан мулоқот қилиб турасиз?
- Кўпчилик билан дўстлик муносабатларимизни сақлаб қолганман. Игорь Бунин, ҳозирги кунда Москва шаҳрида яшамоқда. Фурсатдан фойдаланиб, унга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдириб ўтмоқчиман. Чунки, имкон қадар ўзбекистонлик боксчиларга ёрдам бериб туради. Яна Зуфар Сулаймонов, биринчи танишган кунимиздан бошлаб, қадрдон бўлиб қолганмиз. Тошкентдалигимда у менга ҳар томонлама ёрдам бериб турган. Тимур Ибрагимов билан телефон орқали гаплашиб турамиз. Руслан Чагаев билан охирги марта 2011 йил скайп орқали
гаплашганман. Ўткирбек Хайдаров билан телефон орқали гаплашиб турамиз. Facebook тармоғи орқали Рихсибой Шомирзаев билан мулоқат қилиб тураман. Алишер Рахимов, Икром Бердиев, Дилшод Ёрбеков, Эрик Абдурахмановни айтиб ўтишим мумкин. Ёши каттароқ авлод вакилларидан Шуҳрат ака Ҳасанов билан мулоқот қилиб турамиз. Яна бизлардан кейинги авлод вакиллари Дмитрий Середов ва Александр Комаровлар билан ҳам телефон орқали тез-тез суҳбатлашиб турамиз.
- Ўзбекистонлик ёш профессионал боксчи Равшанбек Махамматжоновга ҳам бир муддат устозлик қилдингиз. У ҳақида қандай фикрдасиз?
- Равшанбек Махамматжоновга келадиган бўлсак, жуда ёш, иқтидорли, келажаги порлоқ боксчи. Фақат у ҳар томонлама ақл ва эҳтиёткорлик билан иш тутадиган жамоа таркибида бўлиши керак. Равшанни шуғуллантиришимни илтимос қилиб, Зуфар Сулаймонов қўнғироқ қилганида, ўз ишларим билан жуда бандлигимни, у билан машғулотлар олиб боришга вақтим бўлмаслигини айтдим ҳамда Санкт-Петербургда, Николай Васильевич Музико деган мураббийни таклиф қилдим. У жуда яхши мутахассис, сизларга яхши таниш, у ҳам асли ўзбекистонлик. Фаолияти давомида кўплаб спорт усталарини, жумладан ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Азамат Абдуҳакимовни тайёрлаган. Равшан билан асосан, у ишлаган, мен эса ёрдамчи мураббий бўлганман. Келажакда ҳам Николай Музико билан ўз бокс мактабимизни очиб, ҳамкорликда ишламоқчимиз.
- Ўзбек таомларини ҳам соғингандирсиз. Уй шароитида ўзбек миллий таомларидан ҳам тайёрлаб турасизми?
- Ростини айтсам, ўзбек таомларини жуда соғинаман. Жуда соғинган вақтимда Николай Музикога чиройли қилиб ош пиширишини илтимос қиламан. У бу борада беназир... Мен ҳам ош пиширишни биламан. Лекин сўнгги пайтларда камдан кам вақтим бўлади.
- Суҳбат якунида... қандай айтар сўзларингиз бор?
- Сўзим сўнггида сизлардан илтимосим, шу даражага етишимда менга ёрдам берган барча мураббийларга, биринчи навбатда илк мураббийларим Бахтиёр Каримович Тўхтаевга, Февзи Нуриевич Османовга, Валентин Фёдорович Зеленинга, Мурад Салиевич Турдиевга миннатдорлигимни айтиб ўтинглар. Владимир Николаевич Шинга эса, нафақат спортда эришган ютуқларим учун, ҳаётда кўпгина қийинчиликларни енгишимда, муаммоларга дуч келганимда ёрдам қўлини чўзганлиги учун алоҳида ташаккуримни етказиб қўйинг. Шунингдек, Степан Степанович Беловгаям, Екатеринбургга бориб, шу инсон ёрдамида профессионал боксда иккита камар соҳиби бўлганим учун ўз миннатдорлигимни билдираман. Ўзбекистон халқига эса, тинчлик, гуллаб-яшнашини, соғлик, муваффақиятлар, барча ишларида омадлар тилайман!
Фикрлар