Бокс: Жаҳон чемпионатида яна 6 нафар вакилимиз жанг қилди. Битта йўқотиш бор

  • 20 апрель, 2021, 00:36
  • 0
  • Бокс

Ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг чорак финал баҳсларининг бугунги кундан ўрин олган кечки дастури ҳам ўз якунига етди. 

6 та боксчимиз ўз жангларини ўтказди. Жумладан, -64 кг вазнли вакиламиз Моҳинабону Абдуллаева  арманистонлик рақибини 5:0 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финалга йўл олган бўлса, -75 кг вазнли боксчи қизимиз Соҳиба Рўзметова украиналик рақибасига ҳеч қандай имконият қолдирмаган ҳолда, биринчи раунддаёқ нокаут билан зафар қучди. 

-52 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Шаҳзод Музаффаров ҳам япониялик рақибини 5:0 ҳисобида мағлуб этди ва ярим финал иштирокчисига айланди. Афсуски, -60 кг вазн тоифасида Айдос Тагайбаев колумбиялик рақибига 2:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди ва мусобақадаги иштирокини якунлади. 

-69 кг вазн тоифасида Аълохон Абдуллаев бу босқичда Туркия вакилининг қаршилигини синдиришга тўғри келди. Қувонарлиси, у бу ишни исмига мос тарзда аъло даражада уддалади ва  5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финалга йўлланмасини нақд қилди. Ва ниҳоят, -81 кг вазнда Шоҳжаҳон Абдуллаев германиялик Делил Дадаевга қарши жанг қилди ва 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финалга чиқди!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!