Boks. Kichik o‘smirlarimiz dahshatli natijalar qayd etmoqda!
Хабарингиз бор, айни кунларда Олимпия шаҳарчасида Осиё чемпионати бўлиб ўтяпти. Кечаги дастурдан 10 нафар кичик ўсмирларимизнинг жанглари ўрин олганди.
Биринчи бўлиб, -33 кгда Шамшод Комилов Қирғизистон вакили Ариет Урбаевга қарши тўқнаш келди. Дастлабки 2 раундда вакилимиз 5:0 ҳисобида устун келди. 3 раундда эса рақибни нокдаун ҳолатига тушириб, ҳисобни очишга ҳам муваффақ бўлди. Шу тариқа якунда Комилов ярим финалга йўл олмоқда!
-37 кг тоифасидаги вакилимиз Фаёзбек Норалиев ҳам чорак финал баҳсида рингга кўтарилди. У тожикистонлик Муҳаммад Қодировга қарши баҳс юритди. Ҳар уч раундда тезкор ва аниқ ҳаракат қилган Норалиев 5:0 ҳисобида зафар қучди.
-40 кг даги вакилимиз Жасурбек Хайруллаев чорак финалда Иордания вакили Али Салемга қарши рингга кўтарилди. Жанг мобайнида Хайруллаев рақибига нисбатан фаолроқ ва аниқроқ ишлади ва якунда 3-2 ҳисобида ғалаба қозонди.
-43 кгдаги вакилимиз Адиз Илҳомбеков ҳам чорак финал баҳсини ўтказди. Унга бу босқичда мўғулистонлик Уудам Энкхбат рақиблик қилди. Қизиқарли жанг, муросасиз қарама-қаршилик ва якун 5:0. Илҳомбеков фойдасига... Бизда яна бир ярим финалчи!
-46 кг вазнда Мансур Абдуҳамидов чорак финал баҳсида эронлик Акам Фатхига қарши рингга кўтарилди. Бутун жанг мобайнида вакилимиз катта устунликка эришди ва 5:0 ҳисобида ҳақли тарзда ғалабага эришиб, ярим финалга йўл олди.
-49 кг вазнда Сардор Омонбоев ҳам чорак финал баҳсида рингга кўтарилди. Унга бу босқичда жанубий кореялик Сенг Ю Канг рақиблик қилди. Ю Канг имкон қадар қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилди. Бироқ бугун Омонбоев ундан ҳар жабҳада устун эди ва 5:0 ҳисобида зафар қучди.
-52 кгда Жавоҳир Неъматжонов ҳам чорак финал баҳсини ўтказди. Терма жамоамиз вакили қозоғистонлик Али Абделига қарши рингга кўтарилди. Ўзига хос "классико"да Неъматжонов жуда ақилли ва тезкор ҳаракатлари билан жангни ўз фойдасига ҳал қилди. Якуний ҳисоб 5:0.
-55 кгда Бобурмирзо Муродов ҳам чорак финалдаги баҳсини ўтказди. У Хитой Тайпейи вакили Кун Чен Юнга қарши рингга кўтарилди. Жанг 2 раундда Бобурмирзонинг техник нокаутли ғалабаси билан тугади.
Сўнги чорак финал баҳсида -58 кг вазнда Абдуллоҳ Каримжонов мўғулистонлик Номтоибаяр Ганбаярга қарши рингга кўтарилди. Кичик ўсмирлар терма жамоамиз аъзоси жангни жуда фаол ва ишончли тарзда ўтказди ва кутилган дек 4:1 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финалга йўл олди.
Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси хабар бермоқда.

Fikrlar