Бош мураббий ғалабадан кейин Ҳусанов ҳақида нималар деди?
Франция чемпионатининг 14-турида “Ланс” ўз майдонида “Монпелье” билан куч синашиб, муҳим учрашувда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Бу 2024 йил ҳисобидан “Ланс”нинг чемпионат доирасида ўз уйидаги охирги учрашуви бўлгани учун ҳам мухлислар уни алоҳида эътибор билан кузатди.
“Ланс” бутун учрашувда устунлик қилди. Лекин беллашувнинг кульминацион нуқтаси 39-дақиқага тўғри келди.
Абдуқодир Ҳусанов бошлаб берган комбинацияни Реми Лабо самарали якунланди. Ҳисобда олдинга чиқиб олган лансликлар анча хотиржам тортди.
Мезбонларнинг иккинчи голи сўнгги дақиқаларга тўғри келди. Кевин Дансонинг жарима зарбаси рақиб ҳимоячилари учун жуда ноқулай чиқди. Рикошетдан кейин тўп дарвозабон Бенжамин Лекомтга тегиб, дарвозага кириб кетди – автогол.
Бу ғалабадан кейин “Ланс” очколари сонини23 тага етказиб олди. Гарчи жамоа еттинчи поғонада жойлашган бўлса-да, ўзидан юқорида жойлашган рақобатчилар билан орадаги фарқ катта эмас ва “Ланс” Еврокубокларга йўлланма берадиган ўринлар учун курашни давом эттирмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Абдуқодир Ҳусанов икки ўйинли дисквалификацияни якунлаб, сафга қайтганидан кейин “Ланс” кетма-кет икки беллашувда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб келмоқда. Абдуқодир ўйнамаган “Нант” ва “Марсель”га қарши баҳсларда Брис Самба ўз дарвозасидан бешта тўп олиб чиққан эди.
“Монпельк”га қарши ўтказилган учрашувдан кейин “Ланс” бош мураббийи Уилл Стилл жамоаси ўйини ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди ва учрашувнинг энг яхши ўйинчиси бўлган Абдуқодир Ҳусановни алоҳида мақтади.
- Биз иккинчи бўлимни биринчисига қараганда сал бўшроқ ўтказдик шекилли, юзага келган бир неча қулай вазиятлардан фойдалана олмадик.
Ўйинда ўз характеримизни кўрсатиш учун катта куч сарфлашимизга тўғри келди. Натижага эришиш учун анча ҳаракат қилдик.
Жамоамни кетма-кет иккинчи учрашувда бирорта ҳам гол ўтказмай, ғалаба қозонаётганини эътиборга олиш керак. Янги тизим тўиқ ишлаши учун вақт ва кўпроқ меҳнат қилиш керак, ҳамма нарсани бир соатда ҳал қилиб бўлмайди.
Иккинчи бўлимдаги бўш ўйинимизни зудлик билан тўғрилашимиз керак, биз бу ҳолатни яхши тушуниб турибмиз.
Абдуқодир Ҳусанов масаласига келсак, бу ўйинчидан ҳозир қандай бўлса, келажакда ҳам шундай қолишини сўраган бўлардим.
У ўта ноёб қобилият эгаси, ҳар бир учрашувда унга берилган кўрсатмаларимизни аниқ ва тўлиқ бажариб келмоқда.
Ҳусанов жуда тезкор, жисмонан бақувват, тўпни жуда яхши бошқаради. Бу жуда зўр ҳолат, - деди Уилл Стилл.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов 2023 йилнинг ёзидан бери “Ланс” ўйинчиси ҳисобланади. Айни пайтда мавсум кашфиётига айланган легионеримизга Европанинг Англия, Франция, Италия, Испания, Германия сингари энг кучли лигаларидан ўндан зиёд номдор клублари жиддий қизиқш билдирмоқда.
Фикрлар