Бош мураббий Шомуродовдан хурсанд, лекин...

Элдор Шомуродов фаолиятидаги ўта масъулиятли ва мураккаб даврни бошдан ўтказмоқда. Шубҳасиз, унинг кучли бешлик чемпионатларидан бири ҳисобланган А Серияга кўчиб ўтиши ўзбек футболининг муваффақиятидир. Уни ривожлантириш масъулияти Элдорнинг елкасидаги юк.

Агар Шомуродов Италияда яхши ўйнаб кета олса, биринчи навбатда, ўзининг фаолиятида кўтарилишга, ўсишга асос бўлади.  Бундан ташқари, легионеримизнинг Европадаги ҳар қандай муваффақияти ўзбек футболи учун яхшигина реклама. Терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқа олмаганидан кейин алоҳида футболчиларнинг кучли лигадаги ўйинлари орқали футболимиз ва ўйинчиларимизга хорижликларнинг  эътиборини тортишдан умид қилиб қолаверамиз. Футболда бунга мисоллар жуда кўп. Футбол ишқибозлари айрим мамлакатлардан олдин уларнинг Европада ўйнаётган юлдуз футболчиларини танигани бор гап.

“Женоа” Шомуродовни катта умидлар билан олгани генуяликларнинг футболчи трансфери учун катта сумма тўлаганидан маълум. Уларда Марио Балотеллидек жаҳон футболида ўзини ҳам ижобий, ҳам салбий томондан кўрсата олган ҳужумчини текинга қўлга киритиш имкони бор эди. Лекин Генуя клуби раҳбарияти ҳужумчи амплуасига ўзбек йигитини таклиф қилишни маъқул кўрди.

Ҳозирча, ҳужумчимиз А Серияда тўлиқ бўлмаган иккита учрашув ўтказди. “Верона”га қарши бошланғич таркибда бир соатдан кўпроқ ўйнаган бўлса, “Интер” билан беллашувда  иккинчи бўлим давомида баҳсга қўшилди. Энг муҳим палла – ўзини кўрсатадиган учрашувлар олдидан ҳамюртимиз кутилмаганда машғулотларда жароҳат олиб, уч ҳафтага сафдан чиқди.

122140169_3985528118124745_4435867185821207550_o

Жаҳон футболида терма жамоалар ўйнайдиган  ФИФ кунлари туфайли юзага келган қисқа танаффус Элдорнинг фойдасига ишлади ва у жароҳатидан қутилиб, умумий гуруҳга қайтишга улгурди.

“Женоа” расмий сайти Шомуродовнинг сафга қайтгани бош мураббий Роландо Маранни хурсанд қилганига алоҳида урғу берди.

- Мистер Маран ҳар бир машғулотда футболчиларнинг ҳаракатини баҳолаб боради. Шомуродовнинг умумий гуруҳга қайтиши билан жамоанинг ҳужум чизиғидаги имкониятларимиз анча кенгаядиган бўлди. Ҳамма “Удинезе” билан бўладиган ўйинга тайёрланмоқда, - деб ёзади генуяликлар сайти.

Шомуродов сафга қайтгани билан асосий таркибга кириш учун анча тер тўкишига тўғри келади. “Женоа”нинг Элдордан бошқа майдонга тушган барча ҳужумчилари – Жанлука Скамакка, Горан Пандев, Маттиа Дестро ва Марко Пьяца жорий мавсумда ўз голлари ҳисобини очиб бўлган.

Худди Элдор каби ёзги трансферлар вақтида жамоа сафига қўшилган Жалука Скамакка ҳамюртимизнинг асосий рақобатчиси ҳисобланади. У генуяликлар таркибида тўртта учрашувда иккита гол урди. Бундан ташқари, Скамакка 21 ёшгача бўлган Италия терма жамоаси сафида ҳам тўпурарлик маҳоратини намойиш қилмоқда. У Европа чемпионатининг саралаш босқичидаги охириги  учрашувда Люксембург дарвозасига иккита гол уриб, италияликларни мусобақа жадвалида биринчи ўринга кўтарилиб олишига муносиб ҳисса қўшди.

07298254adef0026adc5f38301bef8fc_169_xl

- Мен фаолиятимнинг айни пайтдаги давридан мамнунман. Оёққа туриб олганимга ишонаман. Ўйинимни кучайтириб боришим кераклигини яхши биламан. Европа чемпионати саралашидан муваффақиятли ўтдик, бу жуда муҳим эди. “Женоа”да ҳам ўзимни яхши ҳис қиляпман ва мавсум давомида жамоага ёрдам беришга тайёрман, - дейди Скамакка.

Бугунги кунда “Женоа” ҳужум чизиғида Шомуродовдан ташқари Италия, Шимолий Македония, Хорватия, Швеция ва Швейцария футболчилари жамланган. Аксарияти ўз мамлакатида турли ёшдаги ва миллий терма жамоа ўйинчилари ҳисобланади. Элдор Шомуродов ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий ҳужумчиси. Биз уни кучли рақобатни енгиб ўтиб, асосий ҳужумчига айланиб олишига умид қиламиз. Ҳар ҳолда, Элдор буни “Ростов”да бир бор уддалаган ва бу ёғига ҳам бўш келмайди.

22 ноябрь куни сафарда “Удинезе”га қарши учрашувда Элдор Шомуродовдан самарали ўйин кутиб қоламиз...

Шомуродов нима билан машғул?

Шомуродов расмий учрашувга тайёрланяпти

Ўзбекистоннинг энг зўр тўпурарлари: Шацкихдан Шомуродовгача!

“Женоа” Шомуродовнинг ҳолати ҳақида маълумот берди

Шомуродов – катта йўқотиш!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!