Ўзбекистоннинг энг зўр тўпурарлари: Шацкихдан Шомуродовгача!

Ўзбекистон миллий терма жамоаси футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпигонати ва 2023 йилги Осиё кубогининг қўшма саралаш турнирига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида навбатдаги ўқув-машғулот йиғинини Бирлашган Араб Амирликларида ўтказмоқда.

Бу йиғин доирасида Вадим Абрамов шогирдлари иккита халқаро ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Футболчиларимиз 12 ноябрь куни Сурия ва 17 ноябрда Ироқ терма жамоалари билан куч синашади. Ҳар икки учрашув Дубай шаҳрида ташкил этилади.

Вадим Абрамов бу йиғинга Европа мамлакатлари чемпионатларида иштирок этаётган легионерлар – Элдор Шомуродов, Остон Ўрунов ва Жасур Яхшибоевни жалб этмасликка қарор қилди. Қолаверса, Элдор ва Остон айни пайтда жароҳатидан тикланишга ҳаракат қилмоқда. Жасур Беларусь чемпионатининг муҳим ўйинларида иштирок этиши керак.

Умуман олганда, бош мураббий бу гал легионерлардан – Жанубий Кореядан Жамшид Искандеров ва Рустам Ашурматов, Бирлашган Араб Амирликларидан Отабек Шукуров ва Азиз Ғаниевни чақирган. Куни кеча, Хитой чемпионатини якунлаган Ислом Тўхтахўжаев ҳам йиғинга қўшиладиган бўлди.

Футболчиларимизни олдинда кутиб турган халқаро ўртоқлик ўйинларидан олдин Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурарлар ҳақида тўхталишга қарор қилдик. Чунки, сўнгги икки ўйинда тўпурарлик статистикасида эътиборга молик ўзгаришлар бўлди.

  1. Максим Шацких

Мамлакатимиз бош жамоасида гол уриш бўйича рекордчи Максим Шацких ҳисобланади. Ўз даврида Европа майдонларида ҳам тўпурарлик маҳоратини намойиш қила олган ҳужумчи 61 та учрашувда рақиблар дарвозасига 34 та гол урган.

unnamed_61_1

  1. Александр Гейнрих

Энг иқтидорли ҳужумчилардан бўлган Александр Гейнрих 98 та учрашувда 32 та гол уриб, Шацкихнинг натижасига жуда яқин келганди, лекин бу кўрсаткични янгилагунича ўзи футболдан кетиб қолди.

file_1404029832_409717046

    3. Миржалол Қосимов

Миржалол Қосимов ярим ҳимоячи бўлишига қарамай, гол уришда ҳужумчилардан қолишмас эди. У ўзи ўйнаган чемпионатларда доим тўпурарлик маҳоратини намойиш қилиб келган. Терма жамоада ҳам Миржалол Қосимов 66 та ўйинда рақиблар дарвозабонларини 30 марта хафа қилган.

unnamed_65

    4.Сервер Жепаров

Миржалолдан кейин жамоада плеймейкерлик қилган Сервер Жепаров энг кўп – 126 марта майдонга тушиб, рекорд ўрнатган ўйинларида 25 маротаба қайтариб бўлмас зарба йўллаган. 

  1. Элдор Шомуродов

“Женоа” ҳужумчиси октябрь ойидаги ўртоқлик учрашувида Эрон дарвозасини ишғол қилиш орқали терма жамоамиз тўпурарлари рўйхатида бешинчи ўринга кўтарилиб олди.  Элдор шу кунгача 44 та ўйинда 21та гол урди. Унинг имкониятларини ҳисобга олиб, Максим Шацкихнинг рекордини янгилашга айнан Элдор даъвогарлигини таъкидлаш лозим.

  1. Одил Аҳмедов

Терма жамоамизнинг амалдаги сардори 105 та учрашувда 20та гол урган. У ҳали фаолиятини якунлагани йўқ ва албатта унинг тажрибасини инобатга олганда бош жамоамиз учун муҳим голларни ура олишига ишонамиз.

  1. Игорь Шквирин

Йигирма йил олдин терм жамоадаги фаолиятини якунлаган Игор Шквирин энг сермаҳсул ҳужумчи сифатида тилга олинади. У терма таркибида 31 та ўйинда 20 та гол урган.

  1. Игорь Сергеев

Тўғрисини айтганда, бугунги кунда терма жамоамиз таркибида кўп гол урадиган ҳужумчилар танқис ҳисобланади. Кўп танқид қилинадиган Сергеев эса, айни пайтда Шомуродовдан кейинги асосий тўрурар бўлиб турибди. Айниқса, октябрь ойида Бирлашган Араб Амирликларига қарши сафарда ўтказилган ўртоқлик учрашувида Сергеев учрашув қаҳрамони бўлди. Рақиб дарвозасига иккита тўп йўллаган ҳужумчи терма жамоадаги 52-учрашувида голлари сонини 17 тага етказди. 

  1. Жаъфар Ирисметов

Ирисметов ўзи ўйнаган клубларнинг аксариятида голларни қалаштириб ташлаган. Лекин терма жамоадаги ўйинлари унчалик сермаҳсул чиқмаган. Жаъфар бош жамоамиз учун 36 та беллашувда 15 та гол урган холос.

  1. Улуғбек Бақоев

Бақоевнинг клублардаги фаолияти терма жамоадагидан муваффақиятли чиққан. Улуғбек миллий жамоада 52 та ўйинда рақиблар дарвозасини 14 маротаба ишғол қилган. Шу ўринда, у муҳим учрашувларда керакли голларни ура олганини ҳам тан олиш керак.

Терма жамоамиз тўпурарлари орасида Элдор Шомуродов, Одил Аҳмедов ва Игорь Сергеев фаолиятини давом эттирмоқда.

H0mCu516025652393014_b

Бироқ, ноябрь ойидаги иккита ўйинни ўз ичига олган йиғинга фақат Игорь Сергеев жалб этилган. Демак, Дубайда бўладиган ўртоқлик учрашувларида Игорь Сергеевдагина тўпурарлар статистикасига ўзгартириш киритиш имконияти бор.

Элдор энг зўр тўпурарлигини исботлай оладими?

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!