"Бош мураббийни охирги ўйини дейишяпти, ҳаммаси хавфли зонага тушиб қолганидан кейин бошланади" - Суперлигамизнинг 4-тури мутахассис нигоҳида
Суперлиганинг 4-тур учрашувлари 31 март куни старт олади ва 3 апрель санасига қадар давом этади. “Сурхон” – “Бухоро” беллашуви билан бошланадиган тур 3 апрелда “Олимпик” – “Андижон” қарама-қаршилиги орқали якунига етади.
Ўзбек футболининг кўзга кўринган собиқ футбол юлдузларидан бири Бахтиёр Ҳамидуллаев ушбу тур олдидан жамоаларнинг имкониятларини чамалади ва ҳар бир жуфтлик борасида ўз фикрларини айтди.
31 март
“Сурхон” – “Бухоро”
- “Сурхон”да 4, “Бухоро”да 3 очко бор. Қизиқарли ўйин бўлади. Менимча, ғолиб аниқланмаса керак. Иккала жамоанинг кучлари тенгга ўхшаяпти.
“Нефтчи” – ОКМК
- Қаттиқ ўйин бўлади. Ҳар доимгидан кўра “Нефтчи” яхшироқ ҳолатда. ОКМКга ҳам очко зарур. Ҳар йили бу клуб ҳам совринли ўринлар учун курашади. Менимча, кичик устунлик “Нефтчи”да бўлса керак. Сабаби, фарғоналиклар кўтаринки руҳда давом этишяпти. 3 та ўйинда 3 та ғалаба қозонди. Бундай сериядан кейин ўз уйидаги имкониятни қўлдан чиқаришга ҳаққи йўқ. Бундан ташқари, стадион мухлислар билан тўлади, деб ўйлайман. Ишқибозларнинг қўллаб-қувватлаши туфайли ҳам устунлик “Нефтчи” тарафида.
1 апрель
“Навбаҳор” – “Сўғдиёна”
- Бу ерда сўзсиз “Навбаҳор” йирик ҳисобда ютса керак. “Сўғдиёна” иштирокидаги учрашувларни кузатдик, кўрдик. Ўтган йилги “Сўғдиёна”дан ҳеч нима қолмаган. Турнир жадвалини қарасангиз бу клуб сўнгги поғоналарда кетяпти. Бош мураббийни охирги учрашуви дейишяпти. Вазият шунга қараб келяпти. Раҳбарлар ўтган йилги натижалар билан солиштиради-да. Шу боис мураббийга охирги имкониятни берган бўлса керак. Агар ўтган йилги жамоа бўлганида Наманганда жанг бўлади, деб айтсак бўлаверарди. Лекин бу сафар жанговар ўйин кутмасак керак.
“Қизилқум” – “Насаф”
- “Қизилқум” Асрор Алиқулов билан янги жамоа. Мураббийга ўз фалсафасини жамоага сингдиргани барибир вақт керак. Шунга қарамай, у ерда ўйин менимча тенг курашлар остида бўлади. “Қизилқум” “Насаф”дан очко ололмаса жадвалда пастга тушиб қолади. Ҳамма муаммо хавфли зонага тушиб қолганидан кейин бошланади. Шундай бўлган тақдирда ўйин бўйича икки баробар қийинчилик бўлади. Учрашув давомида битта хато қилсангиз, бу кўзингизга иккитадек кўринади. Пастга тушиб қолмаслик учун “Қизилқум” очко йўқотмасликка ҳаракат қилади.
2 апрель
“Металлург” – “Пахтакор”
- Бу учрашувда назаримда “Пахтакор” “Металлург”ни янчиб юборса керак. Нимагаки, бекободликларда бош мураббий кетди. Янгиси келади деган гап бор. У нима қила оларди? Бир-икки кунда ҳеч нима қила олмаса керак. “Пахтакор” уйида “Навбаҳор”ни мағлубиятга учратганидан сўнг қадди кўтарилиб қолди. Бу турда улар ҳар қанақасига 3 очкони қўлга киритади, менимча.
“Бунёдкор” – “Турон”
- “Бунёдкор”нинг ўйинларини кўряпман, яхши таассурот қолдиряпти. Футболчилари ўзларини кўрсатяпти. Бу сафар ҳам ташаббус “Бунёдкор” томонида бўлади, деб ўйлайман. “Турон”га пастки ўриндан юқорига чиқиш қийин бўлади. “Турон”ни олдинда яна қийин ўйинлар кутяпти. Уларни оғир учрашувларидан бири айнан “Бунёдкор”га қарши тўқнашувидир.
3 апрель
“Олимпик” – “Андижон”
- Ҳамма яхши билади, “Олимпик” охирги сониягача курашадиган ёш жамоа. Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг ўзагини ташкил қиляпти. Агар “Андижон” охирги ўйиндаги кайфият билан борадиган бўлса, қийналиб қолади. Футболчилар ўзларига келиб, ҳақиқий ўйинини кўрсатадиган бўлса, тенг курашлар остидаги учрашувни кўришимиз мумкин.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар