Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон шахмат федерациясига раис этиб сайланди

Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш қўмитаси, шунингдек, бадминтон федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси этиб сайланди.

Бугун Ўзбекистон шахмат федерациясида навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди. Кун тартибидаги асосий масала федерацияга янги раис сайлаш бўлган ва бунга Азиз Абдуҳакимов номзоди кўрсатилган. Овоз бериш якунларига кўра, Абдуҳакимов шахмат федерациясининг янги раиси этиб сайланган.

Қайд этиш жоиз, ҳозирга қадар ушбу лавозимда Дмитрий Ли ишлаб келаётган эди. У бир вақтнинг ўзида президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори вазифасини ҳам бажариб келарди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 14 январь куни «Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистондаги барча мактабларда «Шахмат синфлари» очилиши, 150 та ихтисослаштирилган шахмат мактаби ташкил этилиши белгиланди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!