Бразилиялик "ҳинду" рақибини янчиб ташлайди! (Сўровнома)
6 октябрь куни "UFC 307" турнири ташкил этилади. Ушбу жанг кечасининг асосий тўқнашуви ярим оғир вазн (93 кг) тоифаси чемпиони Алекс Перрейра ва Халил Роунтри ўртасида кечади. Албатта, бу қарама-қаршиликда яққол фаворит Перрейра сифатида этироф этилмоқда. Бироқ, бу ММА ва ушбу вазн тоифаларида сенсациялар рўй бериб туради. Биз анъанага мувофиқ мазкур жангдаги имкониятлар борасида ўзбек яккакураш олами вакилларининг фикрига қулоқ тутдик.
Шуҳратбек Абдумуталибов - мураббий
- Ҳамма Алекс Перрейранинг имкониятини юқори баҳоламоқда. Айнан ушбу омиллар унинг зарарига ҳам ишлаши мумкин. Яъни, рақибни менсимаслик ва ҳотиржамлик унга панд бериб қўяди, деб ўйлайман. Кўп нарса Перрейранинг бу жангга қандай ёндошишига боғлиқ бўлади. Тўғри, Перрейра "стойка"да исталган рақибни янчиб ташлаши мумкин. Бироқ, Роунтирининг ҳам муайтайдан чиққанини эсдан чиқармаслик керак. Унинг лоу-киклари жуда оғир бўлади. Шундай бўлса-да, барибир Перрейранинг ғалаба қозониш имконияти юқори. 55/45 деган бўлардим. Чунки Перрейра чемпион ва катта ном. Пуллик трансляцияларни инобатга олган ҳолда, очколар билан ҳисобланувчи ҳар қандай вазиятда ғалаба Перрейрага берилади.
Донёрбек Рўзиев - мураббий
- Тўғриси, Перрейрага бу рақибни беришини кутмагандим. Кучлироқ ва машҳур рақиб билан жанг қилса, қизиқарлироқ бўларди. Шубҳасиз, бу жангда яққол Перрейра фаворит ва у жангни муддатидан аввал ўз фойдасига ҳал қилади. Узоғи 2-раундда нокаут билан ғалаба қозонади. Имкониятлар 70/30 Перрейра фойдасига!
Мардонбек Кимсанбоев - мураббий
- Тўғри, бу ММА бўлиб ҳам UFC, ярим оғир вазн тоифаси ва бу дивизионда ҳар қандай вазиятлар, "апсет"лар бўлиши мумкин. Лекин бу жангда эмасда... Бу қарама-қаршиликда ғолиб номи маълум. Бу Алекс Перрейра! Бразилиялик "ҳинду" яққол устун. Жанг муддатидан аввал нокаут билан якунланади. 80/20 Перрейра.
Мирафзал Ахтамов - ММА жангчиси
- Бир-бирига мос бўлмаган рақибларнинг тўқнашуви, деб ўйлайман. Бу қарама қаршиликда Алекс Перрейра яққол доминант бўлади. Жанг муддатидан аввал якунланади. Узоғи 2 -раундда Перрейра ТКО ёки КО билан ғалабага эришади. Имкониятларни 80/20 деган бўлардим.
Абдураҳмон Фозилов - ММА жангчиси
- Марказий жангга мос бўлмаган рақиблар баҳси бўлади. Менимча Роунтридан бошқа яхшироқ номзодлар бор эди. Билмадим Дана Уайт нимага Халил Роунтри номзодида тўхталди. Имкониятлар борасида сўз юритадиган бўлсак, Перрейра бу жангда муддатидан аввал ғалабани қўлга киритади. Роунтрининг кучли жиҳати кураш бўлганда ҳам бироз унда имконият бўлган бўларди. Бироқ, Роунтрининг ҳам кучли жиҳати "стойка" ҳисобланади. "Стойка"да эса Перрейра ўзини сувдаги балиқдек хис қилади. Имкониятларни 70/30 дея баҳолаган бўлардим.
Фикрлар