"Бу ерда ўзбекистонлик футболчиларга ҳурмат жуда юқори экан" - Легионеримизни илиқ қарши олишди
Куни кеча Беларусь чемпионатида ўзбекистонлик футболчи пайдо бўлди. Sports.uz орқали хабар бериб ўтганимиздек, иқтидорли ҳужумкор ярим ҳимоячи Саидумар Содиқов “Сморгон” клуби билан 6 ойлик шартнома имзолади.
Ўтган мавсумни Қирғиз чемпионатида “ОшМуАлдиер” клубида ўтказган ҳамюртимиз унгача “Андижон” жамоасида тўп сурган. Қирғизистон ўзини кўрсатишга муваффақ бўлгач, футболчимизга кўз тиккан клублар кўпайиб қолди. Натижада ўзини Беларусь чемпионатида синаб кўриш имкониятига эга бўлди.
Содиқов расман “Сморгон” клуби аъзосига айланганидан кейин сайтимиз журналисти у билан суҳбатлашди.
- Саидумар фаолиятингизни Беларус чемпионатида давом эттирадиган бўлдингиз. Аслида шундай режангиз бормиди ёки кутилмаганда юз бердими?
- Тўғрисини айтсам, режамда йўқ эди. Ўзбекистон чемпионатига қайтмоқчи эдим. Аммо чемпионат якунланганида менга таклиф билан чиқишди ва ушбу чақирувни ижобий қабул қилдим.
- Маълумки, аввалига "Славия" клубига сизни таклиф қилишган, кейин эса "Сморгон"га ўтиб кетдингиз. Нима бўлди, аслида?
- У ерда нима бўлганини ўзим ҳам яхши тушунмадим. Рости, буни агентим хоҳлади. Айтишича, келишувда назарда тутилган баъзи нарсалар амалга ошмаган, деб тушунтирди.
- Қирғизистон чемпионатидаги фаолиятингизда нима кўпроқ ёдингизда қолди?
- Мураббий билан муносабатимни мисол қила оламан. Шу билан бирга у ерда мен учун етарлича ўйин амалиёти ҳам берилди.
- Беларусь чемпионатидаги асосий мақсадингиз нимадан иборат?
- Бу ерга келганимдан асосий мақсадим, топ 5 чемпионатларида тўп суришни хоҳлайман. Беларусь чемпионати мен учун яхшигина трамплин бўла олади, деб ўйлайман. Чунки бу ерда жисмоний ва тактик жиҳатдан яхшигина ўсишга эриша олишимга ишонаман.
- Сизга ўзимиздан ҳам таклифлар бормиди?
- Ҳа, бор эди. Лекин айнан қайси клублар эканини айта олмайман.
- Янги клубда сизни қандай қарши олишди? Илк таассуротлар қандай ва қайси рақамни танладингиз?
- Мени жуда илиқ қарши олишди. Тўғриси, йигитлар билан бунчалик тез киришиб кетаман, деб ўйламагандим. Бу ерда кўпчиликда ўзбекистонлик футболчиларга бўлган ҳурмат жуда юқори экан.
Фикрлар