"Бу ерга келишда ўйланмадим" - легионеримизни олиб қолишмоқчи эди, аммо футболчимиз қайтишни истади, сабаби...

“Динамо” клуби иккинчи давра учун таркибини кучайтиришда давом этмоқда. Яқинда иқтидорли ўйинчилардан бири Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев билан ҳам келишувга эришилди.

Билсангиз керак, бу футболчи мавсумнинг биринчи ярмини Тожикистонда “Хўжанд” клубида ўтказганди. Иккинчи даврадан яна Суперлигамизга қайтди.

- Шоҳруҳ, “Динамо” варианти қандай пайдо бўлди?

- Тожикистондан кетишим аниқ бўлганидан сўнг, Суперлига жамоалари менга таклиф билан чиқишди. Уларнинг орасидан “Динамо”ни танладим. Чунки бу клуб жиддий қизиққанди ва шу боис ушбу жамоага ўтишга қарор қилдим. Мени клубга бош мураббий ва раҳбарият таклиф қилди.

шо3

- Яқинда “Хўжанд” устози Рустам Ходжаевдан интервью олгандим. Сиз ҳақингизда илиқ гапларни айтди. Фақат жароҳат бироз безовта қилганини таъкидлади. Сизни клубда қолишингизни тарафдори бўлган экан. Умуман олганда, у ердаги фаолиятингиз қандай кечди?

- “Хўжанд”дан ўз хоҳишим билан кетдим. Сиз айтгандек, мураббий ҳам, раҳбарият ҳам мени клубда олиб қолишмоқчи бўлганди. Шартномада ярим йилдан сўнг ўз хоҳишим билан кетишим мумкинлиги ҳақидаги банд бор эди. Шундан фойдаланиб, мураббий ва раҳбариятга кетмоқчилигимни айтдим. Бизга кераксан, сенга ишонамиз, қолгин дейишди. Бироқ уларга вазиятни тушунтирдим. Уйимга, яқинларим олдида ўйнагим келгани сабабли Ўзбекистонга қайтдим. Тожикистон футболига қисқача тўхталсам, у ерда яхши футболчилари бор. Эхсони Паншанбе, Фатхулло Фатхуллоевга ўхшаган ажойиб ўйинчиларга эга. Аммо Тожикистон чемпионати бизникидан пастроқ. Бунга биргина мисол қилиб, ўйин ташкилотчилигини келтирмоқчиман. Биргина “Истиқлол” стадионида “прожектор” бор. Қолган стадионларда “прожектор” йўқ. Шунинг учун биз ўйинларни соат 16:00 - 17:00 да бошлашга мажбур бўлдик. Қандай қилиб иссиқ ҳавода бундай вақтда футбол ўйнаш мумкин? Футболчилар учун қийин. Бизни чемпионатда учрашувлар кечкин салқинда 19:00 ёки узоғи билан 20:00 да бошланади. Эътибор берган бўлсангиз, “Хўжанд” ОФК Кубогида “Сўғдиёна” билан ўйнайди. “Хўжанд”даги стадионда “прожектор” йўқлиги учун ўйин вақти 15:30 га белгиланган. Бу пайтда футбол ўйнаш қийин. У ерда яхши майдонлар ҳам кам, талабга жавоб берадиганлари саноқли. Ҳатто, “Истиқлол” жамоаси ҳам сунъий майдонда ўйнайди. Агар даражасини кўтарса, тожик футболи ҳам анча ривожланади. У ерда ўйнайдиган футболчилар бор, буни кўрдим.

шо1

- “Хўжанд”га нима мақсадда боргандингиз?

- Легионер бўлиб ўйнаб кўрмоқчи эдим. Бордим, кўрдим ва легионер бўлсангиз сиздан кўп нарса талаб қилинади. Бу ўйинчини ўсишига ёрдам беради. Легионерда босим бўлади ва буни ҳис қилишингиз керак. Чунки легионер бўлгач, сиздан кўп нарса талаб қилинади. “Хўжанд”га борганимдан кейин ҳар хил позицияларда ўйнадим. Ҳужумкор ярим ҳимоячи бўлиб ва қанот футболчиси сифатида ҳам тўп сурдим. Мураббий қаерга қўйса, ўша жойда ҳаракат қилдим. Бу ҳам фаолиятимдаги бир босқич бўлди, деб ўйлайман. Легионер бўлиб ўйнаб келмоқчи эдим, мана кўрдим ва энди ўзимизни чемпионатга қайтдим.

- “Динамо” ҳозирча турнир жадвалида охирги ўринда боряпти. Бу ҳолат сизни қарор қабул қилишингизда тўсқинлик қилмадими?

- Йўқ, бу нарса умуман таъсир кўрсатмади. Тожикистонда бўлган пайтимда ҳам мунтазам Ўзбекистон чемпионатини кузатиб юрдим. Чемпионлик учун 5-6 та клуб курашяпти. Барча жамоалар бир-бирига яқин, очколар ўртасида катта фарқ йўқ. Пастки ўриндаги жамоаларда ҳам шундай. Агар бир-иккита ютиб олсак юқорига кўтарилиб олиш имкониятимиз бор. “Динамо”да сезиларли кучайишлар бўляпти. Эркин Бойдуллаев ва Марат Бикмаев катта тажрибага эга. Иккаласини ёшига қарамасдан топ-даражадаги футболчилар десак бўлади. Улардан кўп нарсани ўрганиш мумкин. Марат ака билан “Пахтакор”да бирга ўйнаганман ва кўп нарса ўрганганман. Ҳозир ҳам машғулотларда улар бизга тўғри кўрсатмалар беришяпти. Жамоада бу каби ўйинчилар бўлса, бошқа футболчиларда ишонч янада ошади. Керакли жойда қўллаб-қувватлайди ва кўп нарсани ўргатади. Шунинг учун бу ерга келишда ўйланмадим. Асосий мақсадимиз яхши ўйинлар кўрсатиб, “Динамо”ни Суперлигада олиб қолиш. Шунингдек, самарқандлик мухлисларга қувонч бағишламоқчимиз.

форм

- Футболчи сифатида нимани кўзлаяпсиз?

- Ҳар доим жамоа манфаатини биринчи ўринга қўйганман. Жамоа ютса футболчи ўзини бошқача ҳис қилади. Ҳар қандай ўйинчи терма жамоада ўйнагиси келади. Мени ҳам истагим шундай. Яхши ўйин кўрсатиб, “Динамо”ни олдига қўйган вазифасини бажаришда ўз ҳиссамизни қўшмоқчимиз ва яна легионер бўлишга ҳаракат қиламан. Кейинги сафар кучлироқ чемпионатга бориш истагим бор.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!