"Бу ерга келишимни тасодиф деса ҳам бўлади, мураббийнинг менга ишончи катта" - янги легионерга айланган ҳамюртимизнинг дебют ўйини қандай ўтди?
Яқинда ҳамюртимиз Одил Абдумажидов клубини ўзгартиргани ҳақида хабар бергандик. Бир неча йиллар мобайнида “Металлург” шарафини ҳимоя қилган футболчимиз энди Қозоғистон чемпионатида “Ордабаси” учун тўп суради.
2001 йилда таваллуд топган ушбу футболчимиз учун бу ўзига хос янги чақирув бўлди. Sports.uz мухбири легионерга айланган ҳамюртимиз билан боғланди.
- Авваламбор, “Металлург” жамоасига катта раҳмат айтаман. Мени ҳали бу клуб билан амалда яна икки йиллик шартномам бор. “Ордабаси” клубига ижара ҳисобида келдим. “Металлург” жамоаси билан Туркиядаги йиғинда иштирок этаётган чоғимизда шундай вариант юзага келиб қолди. Худога шукр, насиб қилган экан, Қозоғистон клубига ўтдим, - деди Одилбек.
Шу ўринда, асли Андижон футболи тарбияланувчиси бўлган Абдумажидов бу йил клубини ўзгартириш нияти бормиди ёки барчаси кутилмаганда рўй бердими? Бу ҳақда унинг ўзи қуйидагича жавоб берди.
- Тўғриси, менинг “Ордабаси” аъзосига айланишимни тасодиф, деса ҳам бўлади. Худо пешонамга шу ерда ўйнашимни ёзган экан. Яратганга шукр қиламан, фаолиятимда биринчи марта легионер бўлдим. Албатта, легионер сифатида ўзимни кўрсатишга ҳар томонлама тайёрман, деб ўйлайман. Тўғри, бошида барибир бироз қийинчилиги бўлади. Барчасини сабр ва меҳнат қилиб, енгиб ўтаман. Кўз тегмасин, мени янги клубимда ниҳоятда яхши кутиб олишди. Шу сабабли, у ердаги таассуротларим аъло даражада. Аста-секин мослашиб боряпман. Бош мураббий ҳам жуда яхши экан, мен билан муносабати илиқ.
Футболчимизни олдида яна қандай таклифлар бор эди? Ёки “Ордабаси” унинг учун ягона ва аниқ вариантмиди?
- Олдимда бошқа 100 фоизли таклифлар бўлмади-ю, аммо вақти-вақти билан қизиқишлар бўлиб турди. Лекин сизга юқорида айтиб ўтганимдек, “Металлург” билан амалда шартномам бор эди. “Ордабаси” эса мени бекободликлардан ижарага олди, - дея жавоб берди футболчи.
Шу тарзда легионеримизнинг қозоқ клубидаги ҳаёти бошланди. Энди у ерда янги дўстлар ва мухлислар орттиради. Ўзи айтганидек, клуби ҳам тўлиқ ишонч билдирмоқда.
- Янги жамоамдагилар менга қўлидан келганича қўшилиб кетишим учун ёрдам беришяпти. Рақобат эса ҳамма жойда бор ва шу жумладан, “Ордабаси”да ҳам. Бу ерда кўпроқ тактик томонга эътибор бериляпти. Шуни айтишим керакки, бу йил “Ордабаси” ўтган йилгига нисбатан анча ёшарди. Агар адашмаётган бўлсам, Қозоғистон чемпионатидаги энг ёш жамоа бўлса керак. Клуб мендан тезроқ киришиб кетишимни ва ўзимни кўрсатишимни сўрашди. Мен шунга ҳаракат қиляпман.
Шунингдек, Одил “Ордабаси” бош мураббийи билан илк суҳбати қандай ўтгани хусусида ҳам гапирди.
- Ҳа, бош мураббий билан гаплашдим. Беларуслик Александр Седнев. У билан жамоа ҳақида суҳбатлашдик. Шунингдек, ўзим ҳақимда ҳам гаплашдик. Яхши мураббий экан, менга катта ишонч билдиришини маълум қилиб ўтди.
Бунгача бор эътиборини фақат “Металлург” клубига қаратиб келган футболчимизнинг собиқ жамоасини тарк этиши қийин кечмадими?
- “Металлург” менинг иккинчи уйим бўлиб қолган. У ерда ҳам барчаси аъло даражада. Мураббий билан ҳам муносабатларимиз жуда яхши ҳолатда эди. Фақат оилам билан маслаҳатлашганимдан сўнг, кетишга қарор қилдим. Худо хоҳласа, барчаси яхшиликка бўлади. Гарчи у ердан кетган бўлсам-да, “Металлург”дагилар билан ҳам ҳар куни алоқадамиз, - деди легионеримиз.
Дарвоқе, Абдумажидов кеча “Ордабаси” сафида дебют ўйинини ўтказди. Қозоғистон чемпионатининг илк турида ҳамюртимиз майдонга туширилди. Жамоаси эса дуранг натижани қайд этди. Футболчимиз “Ордабаси”да 2-рақам остида ҳаракат қиляпти. Ўйинда иштирок этган Одил илк таассуротларини билдирди.
- Ҳа, янги жамоамдаги дебют ўйинимни ўтказиб олдим. Биринчи турда “Махтаарал” жамоасига қарши баҳсда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнадик. Майдонга тушишимни кутгандим. Илк ўйинимиз ёмон кечмади. Фақат ўзимиз яратган вазиятларни голга айлантира олмадик. Бу ерда ҳам мен 4-рақамни олмоқчи эдим. Лекин қарасам, бўш эмас экан. Шундан кейин 2-рақамни танлаб олдим.
Фикрлар