Бу оддий ўйин эмас ёхуд бугун водийда супер тўқнашув бор!

Суперлиганинг 13-турида супер тўқнашув борлигини биласиз-а? Гап водий дербиси доирасидаги “Нефтчи” – “Навбаҳор” учрашуви ҳақида кетмоқда. Ҳамма вақт ушбу жамоалар ўртасидаги ўйин барчанинг диққат марказида бўлиб келган.

Қолаверса, бу клублар майдонда куч синашишар экан, уларнинг турнир жадвалидаги мавқеи аҳамиятсиз бўлиб қолади. Чунки майдонда футболчилар жангга киришадилар. Шунингдек, Тошкентда Тошкент дербиси доирасида “Бунёдкор” – “Пахтакор” учрашуви ҳам бор. Табиийки, мазкур тўқнашувга ҳам қизиқиш юқори. Биз эса водийда бўладиган учрашувга бироз тўхталмоқчимиз.

“Навбаҳор” Фарғонага мусобақа пешқадами сифатида боради. Ҳисобида 25 очко борлигини биласиз. “Нефтчи”да эса 21 очко мавжуд ва 4-поғонада бўлиб турибди. Лекин қизиғи шуки, ҳозирча жорий мавсумда Суперлигада ютқазмаган ягона жамоа “Нефтчи” ҳисобланади. Тўғри, Кубок мусобақасида мағлубият аламини татиб кўрди, аммо чемпионатда бундан мустасно.

нефтчи 6_3

Ўйин водий дербиси мақомида бўларкан, бундай тўқнашувларга футболчиларни ортиқча тайёрлаш ҳам шарт эмас, боиси, уларнинг ўзлари руҳий жиҳатдан ҳам ўзларини қандай тайёрлашни биладилар. Терма жамоадан қайтган 5 нафар асосий футболчиси яна “Навбаҳор” ихтиёрига қайтган. Айнан Остон Ўрунов, Жасур Яхшибоев, Жамшид Искандеров, Жамшид Болтабоев ва Ўткир Юсупов наманганликларнинг асосий қуролларига айланишган, шундай эмасми? Айниқса, Ўруновнинг даражаси алоҳида мавзуга айланди.

Фарғонадаги “Истиқлол” стадиони мухлислар билан гавжум бўлиши аниқ. Бир томондан фарғоналик, яна бир томонда эса намангандик ишқибозлар ва табиийки, аренада чинакам европача аншлаг ҳукм суради, ишонаверинг!

“Нефтчи” – “Навбаҳор” жамоаларининг ўзаро ўйинлари тарихи олис 1992 йилга бориб қадалади. Шу пайтгача клублар чемпионатда 56 марта тўқнашишган. Ўтган йили “Навбаҳор” Фарғонада “Нефтчи”ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб кетган. Наманганда эса ҳисоб очилмаган. “Нефтчи” охирги марта “Навбаҳор”ни 2018 йилги чемпионатда мағлуб этган. Ўшанда Фарғонада 2:1 ҳисоби қайд этилган.

навбаҳор янги2_5

Ҳозирча статистик устунлик фарғоналикларда. Улар 56 та учрашувнинг 26 тасида ғалаба нашидасини сурганлар. “Навбаҳор” эса 14 та баҳсда ғолиб чиққан ва 16 та учрашувда кучлар тенг келган. Тўплар нисбати 81\56 “Нефтчи” фойдасига, албатта.

“Навбаҳор” бош мураббийи Самвел Бабаян бўлажак ўйинга жамоасини жуда жиддий тайёрлади. Масалан, охирги ўртоқлик учрашувини Наманганда “Андижон”га қарши ўтказишди ва бу ёпиқ эшиклар остида ўтди. Биламизки, “Нефтчи” устози Виталий Левченко ҳам “Навбаҳор”нинг кучини яхши билиб турган ҳолда жамоасини бўлажак баҳсга пухта тайёрлаётгани аниқ. Бу ўйин саргузаштларга бой ўтади, шунчаки, оддий тарзда кечмаслиги аниқ. Имкониятлар борасида, деярли ҳамма тенг баҳолаётган бўлса ажаб эмас. Албатта, бу бетараф инсонларга тегишли. Ўйинга ким яхшироқ тайёрланган бўлса ва имкониятлардан унумли фойдалана олса бу ўша жамоанинг ютуғига айланади. Бундан ташқари, Бабаян билан Левченко ҳужумкор тактикани ёқтиришади. Ҳимоявий ўйин кўрмасак керак ва катта эҳтимол голлар урилади.

Қисқаси, Суперлиганинг супер ўйинидан завқланинг!

Шуҳратбек Жўраев.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!