"Бу олдинги ғалабаларимдан бутунлай ўзгача бўлади, улар бизни алдашмайди" - Марко Станоевич
“Насаф” энди чемпионатимизда яққол фаворитга айланди. Бу гап клубнинг турнир жадвалида эгаллаб турган ўрнидан келиб чиқиб айтилмоқда.
Айниқса, Тошкентда “Пахтакор”ни ҳар тарафлама мағлубиятга учрата олганидан сўнг ҳақли равишда якка пешқадамга айланиб олди. Чунки эндиликда 2-ўриндаги “Пахтакор”дан 3 очкога, 3-поғонада турган “Навбаҳор”дан эса 4 очкога илгарилаб кетди. Шу сабабли энди барчаси қаршиликларнинг ўз қўлида қолди.
Жамоа етакчиларидан бири ҳисобланган Марко Станоевич жамоасининг имкониятлари борасидаги саволларга жавоб қайтарди.
- Марко, “Насаф”нинг “Пахтакор”га қарши ўйинидаги ажойиб ўйини ва ғалабаси билан табриклаймиз. Айтинг-чи, қандай таассуротлар қолди?
- Катта раҳмат. Ўзимизни нима кутаётганини билардик. Ахир биз чемпионга қарши ўйнадик. Шунингдек, улар ўзларини қониқтирадиган натижага эришиш учун нима қилишларини ҳам сезиб турдик. Аммо бунга имкон бермадик.
- Энди ҳаммаси “Насаф”нинг ўз қўлида. Нима деб ўйлайсиз, қолган ўйинларда “Насаф”да катта босим бўладими?
- Ҳаммаси ўз қўлимизда ва фақат ўзимизга боғлиқ. Шу боисдан ҳам “Пахтакор”га қаршилик қилишга охиригача ҳаракат қиламиз. Шунингдек, “Пахтакор”га қарши ўйиндаги каби қолган баҳсларда ҳам муносиб ўйин кўрсатишга интиламиз.
- Дарвоқе, адашмасам, фаолиятингизда бошқа чемпионлик унвонлари ҳам бор-а?
- Менда “Шериф” билан қўлга киритилган иккита ва “Астана” билан эришилган битта чемпионлик бор. Шунингдек, бу клублар билан бирга биттадан Суперкубок ютганман. Агар бу мавсумда чемпионга айлансак, ҳеч иккиланмай айта оламанки, бу олдинги ғалабаларимдан бутунлай ўзгача бўлади.
- “Насаф” ҳам “Пахтакор”ни ютиш орқали чемпионлик учун катта қадам ташлади. Сиз 100 фоиз ишонасизми?
- Ҳа, бунинг учун битта қадам ташлаш кераклигини билиб турибмиз. Олдимизда яна ўйинлар борлигини биламиз. Шу сабабдан ҳам қолган учрашувларда асло бўшашмаслигимиз керак. Ҳар бир беллашув биз учун финал кабидир. Бўшашишга ҳаққимиз йўқ. Кейинги ўйинга тайёргарлик кўряпмиз.
- Дарвоқе, клуб раҳбарияти томонидан чемпионлик қўлга киритиладиган бўлса, қандай бонус ваъда қилинган?
- Бизга ҳеч ким бирор нарсани ваъда қилмаган.
- “Насаф” Ўзбекистон Кубоги ярим финалига ҳам чиққан ва бу мусобақада ҳам ғолиблик учун курашяпти. Агар фараз қилинг, Кубок ёки чемпионликни танлаш имконияти бўлса, қайси бирини танлаган бўлардингиз?
- Ҳа, бизни олдинда Кубокнинг ярим финали кутиб турибди. Асосийси, бизда уни ютиш ва финалга чиқиш учун иштиёқ юқори даражада. Қисқаси, чемпионлик билан Кубокни ютиш учун астойдил ҳаракат қилмоқчимиз. Иккаласини уддаласак, ёмон бўлмасди.
- Сизга таклиф билан чиққан клублар ҳам бўлдими?
- Хизматимга ҳали жиддий қизиқишлар бўлгани йўқ.
- Нима деб ўйлайсиз, “Пахтакор” энди олдингидек кучли эмасми?
- “Пахтакор” чемпион ва буни ҳурмат қилиш керак. Жамоа таркибида анча вақтдан бери бирга ўйнаётган футболчилар талайгина. Кўплаб ўйинчилари терма жамоа сафида ўйнайди. Жамоада ўзгаришлар бўлди ва бу ҳол клубнинг ўйинига бироз таъсир кўрсатадиган жиҳат ҳисобланади.
- “Насаф”нинг футболчилардан ойлик маошлар бўйича қарзи борми?
- Бизда қарздорлик доим бўлган ва раҳбарият бу масалани ижобий ҳал эта олишига ишонамиз ва яна шуни биламизки, улар бизни алдашмайди. Бизнинг вазифа натижа қайд этиш ва клуб мухлисларини қувонтиришдан иборат! Энг муҳими, биз жамоа сифатида ўсишда давом этаётганимиздан хурсандмиз.
Фикрлар