Бу турда сюрприз кўрсатишга қодир жамоа борми ёхуд Суперлигада 1-давра тугаяпти

Суперлиганинг қолдирилган 8-тур учрашувлари бугун бошланади ва 3 июлгача давом этади. Шундан сўнг расман чемпионатимизда биринчи давра учрашувлари якунланади. Одатдагидек, жуфтликлар ҳақида ва жамоаларнинг имконияти борасида сўз юритамиз.

29 июнь

“Пахтакор” – “Андижон”

Амалдаги чемпион – “Пахтакор” бу сафар “Андижон”ни қабул қилади. Яхши ўйин бўлади. Максим Шацких жамоаси билан кетма-кет 9 та ўйиндан бери ғалабали сериясини давом эттириб келяпти. Чемпионат аввалида дастлабки 2 та учрашувда ютқазганидан бери “Шерлар”ни ҳеч ким тўхтата олмаяпти. “Андижон” ҳам охирги пайтларда ўз ўйинини топди ва буни натижаларда ҳам кўриб турибсиз. “Бургутлар” охирги 4 та учрашувд кетма-кет ғалаба қозонаётгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, Суперлиганинг тўпурарлари – “Пахтакор”дан Драган Черан, “Андижон”дан эса Рубин Хебай ўртасида ҳам ўзига хос тўқнашув бўлади. Айниқса, албаниялик Хебай тўхтамасдан гол уряпти. Бу жиҳат ҳам учрашувга бўлган қизиқишни ошириши турган гап.

алижонов5_1

30 июнь

“Қизилқум” – “Бунёдкор”

Турнир жадвалида “Бунёдкор”да 12 та ўйиндан кейин натижалари мутлақ тенгликни кўрсатяпти. Ғалаба, дуранг ва мағлубияти 4 таданни ташкил қиляпти. Тўплар нисбати ҳам тенг – 14\14. Чемпионатни яхши бошлаган “Бунёдкор” кейинчалик пастлади. “Қизилқум”нинг натижалари “Бунёдкор”дагидан ҳам пастроқ. Навоийликлар 12 та ўйиннинг фақат 1 тасида ғалаба қозонишган холос. 4 дуранг ва 7 мағлубияти бор. Яқинда клубга учинчи марта янги бош мураббий тайинланди. Бу сафар Жамшид Саидов ушбу лавозимда иш бошлади. Ўтган турда сафарда “Турон”га қарши дебютида “Қизилқум” дуранг ўйнади. Рости, бу сафарги тўқнашувда имкониятлар тенг баҳоланяпти.

бунёдкор2_3

1 июль

“Навбаҳор” – “Бухоро”

Бу тўқнашувда деярли барча “Навбаҳор”нинг имкониятини юқори ҳисоблаяпти. Сабабини ўзингиз ҳам биласиз. “Бухоро” тезроқ биринчи давра тугаса кейин таркибда жиддий ўзгаришларга қўл урилади. Бош мураббийликка Улуғбек Бақоев келган бўлса-да, у ўзи истаган футболни шакллантиришда қийинчиликларга дуч келяпти. Футболчилар танловида Бақоев қатнашмагани сабабли унинг ўйин услубига тўғри келмаётганлари билан аллақачон хайрлашишди. Жамоа ўйин томонлама инқирозга тушиб қолгандек таассурот уйғотяпти. Чунки кетма-кет баҳсларда очко йўқотишяпти. Бу гал эса чемпионлик учун курашаётган “Навбаҳор” майдонида ўйнайди. Ҳам, мухлислар босими, ҳам мезбон жамоа босими...”Бухоро”га жуда қийин бўлади. Дарвоқе, ҳозиргача энг кўп мағлубият бухороликларга тегишли – 9 та.

“Сўғдиёна” – ОКМК

Бу жамоаларни тўплаган очколари ўртасидаги фарқ 6 та. “Сўғдиёна”да 12, ОКМКда 20 очко бор. Иккала клубни тажрибали мутахассислар бошқаришяпти. Ким биринчи гол урса ўша жамоа ютадигандек, яна ким билсин?!

окмк_1

2 июль

“Олимпик” – “Сурхон”

Иккаласи ҳам ўйин томонлама бир-бирига яқин ва характерлари ҳам. Худди “чақилмас ёнғоқ”қа ўхшашади. Ҳозирда “Сурхон” “Олимпик”дан юқорида турибди, 3 очкога илгарилаб кетган. Бундай ўйинда исталган натижа қайд этилиши мумкин.

“Нефтчи” – “Насаф”

Ўтган турда водий дербиси доирасида “Навбаҳор”ни қабул қилиб оғир учрашувни ўтказган “Нефтчи” бу сафар ундан қолишмайдиган учрашувда қатнашади. Эндиликдаги рақиб “Насаф” клуби. Тўғри, кўпчилик ўтган сафарги ўйинда фарғоналиклар яхши таассурот қолдиришганини эътироф этдилар. Бу гал ҳам “Нефтчи” ана шундай фаоллик кўрсатиши керак. Ўтган турда уларга фақат гол етишмаганди. “Насаф”нинг потенциалини ҳамма билади. Зўр тўқнашув бўлади. Балки яна дуранг бўлар...

нефтчи янги_4

3 июль

“Металлург” – “Турон”

“Турон”даги вазиятдан хабарингиз бўлса керак. Клуб сал қолса чемпионатдаги иштирокини тўхтатиши мумкин эди. Аммо клубнинг эгалари мавсум охиригача ҳомийлик ишини давом эттирадиган бўлдилар. Афсуски, про лигадан яна Суперлигага қайтган “Турон”нинг ишлари юришмаяпти. Суперлигада биргина ғалаба қозона олмаётган жамоа бўлиб қолмоқда. Бекободдаги учрашувдан сўнг биринчи даврани ғалабасиз тугатган ёки тугатмаганлиги ойдинлашади. Яъни, яйпанликлар ҳеч йўғи охирги турда битта бўлса ҳам ғалаба қозониш илинжида ҳаракат қилишса ажаб эмас. Аммо “Металлург” ўз уйида аутсайдерга қарши учрашувда имкониятни қўлдан чиқариб юбормаса керак. Қолаверса, бекободликлар ўтган турда “Олимпик” билан баҳсда яхши таассурот қолдириб, ҳақиқий иродасини кўрсатди. Шу боис бекободликларда руҳий устунлик бор.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
ал хилол
29/06/2023 11:54

Жа унчалик эмас
&
Uzbek ligion
29/06/2023 09:02
Neftchi Nasaf uyini yil uyini buladi
&
jamolidin
29/06/2023 15:26
Bekorni etibsan qancha zur uyinlar buli