Бу йигитни ҳозир ҳеч ким эсламайди!

Айрим суратлар бор. Уларга тикилиб туриб, ёдингиздан кўтарилган хотираларни эсга солади. Мана юқоридаги суратга тиклар эканмиз, ажиб тарихни ўз ичига олган футболчининг ҳаёт йўли эътиборимизни тортади. Бугун «Манчестер Юнайтед» жамоасида Роналдудан-да фойдалироқ бўлиши тахмин қилинган 2002 йилдаги ЖЧ ғолиби Клеберсонни ёдга оламиз!

kleb4

2003 йилнинг ёзида «қизил иблислар» иккита футболчини ўз таркибига қўшиб олди. Улардан бири Португалиядан келган «кўча футболи»ининг ҳиди уфуриб турган Роналду бўлса, иккинчиси Япония ва Жанубий Кореядаги мундиалда ғалаба қозонган 23 ёшли Клеберсон. Ушбу футболчиларнинг келажагини кўплаб инглиз нашрлари бир хил башорат қилади. Португалиялик ўспирин учун клуб «Спортинг»га 12 миллион фунт тўлаб берди. Ушбу трансферга Кришнинг «Манчестер Юнайтед»га қарши ажойиб учрашув ўтказгани асосий сабаб десак, адашмаган бўламиз. Боз устига, шахсан сэр Алекснинг ўзи Роналду билан қизиқиб қолгани кўпчиликнинг эътиборини тортди. Криш ҳақида ҳеч ким ҳеч қандай маълумотга эга эмас. У курашларга бой инглиз футболида қандай наф келтириши ҳам номаълум. Клеберсон эса, «қизил иблислар» сафида қария Рой Киннинг ўрнини эгаллаши аниқдек туюлган эди ўшанда…

Сэр Алекс ўзининг автобиографияси акс этган китобда Клеберсонни алоҳида хотирлаб ўтгани таҳсинга сазовор. Афсуски, Ферги қаҳрамонимизни ўзининг омадсиз трансферлари (Верон, Боснич, Жемба-Жембе) қаторига қўшади.

«Биз уни 2002 йилдаги мундиалда кўрсатган фантастик ўйинларидан сўнг, таркибга қўшиб олдик. Ўша пайтлари Рой Киннинг ўрнини эгаллашга қодир ярим ҳимоячи излаётган эдик. Келберсон жуда иқтидорли эди, аммо уни сотиб олишга бироз шошилганимизни кеч англадик. Гап шундаки, у 16 ёшли қизга уйланган эди. У Англияга ўзи билан биргаликда бутун оиласини олиб келди. У мавсум олди йиғинлар чоғида ҳам уларни Португалиягача олиб келди. У худди бизнинг қоидаларимизни атайин бузаётгандек эди. У ёқимтой йигит эди, бироқ унга тарғиб ва интизом етишмади. Ҳатто, инглиз тилини ўзлаштиришни ҳам уддалай олгани йўқ. Жисмонан бақувват ва техникаси кучли бўлишига қарамай, майдон ташқарисидаги қилиқлари учун уни клубда олиб қолмадик. У ўзини қўлга олиш шарт бўлган вазиятни бой берди».

Фергюссоннинг автобиографияси нашр қилингач, бразилиялик журналистлар Клеберсондан интервью олишга қарор қилишди. Жаҳон чемпиони ўз фикрларини ярим ҳазил, ярим алам билан сўзлаб берди:

kleb6

«Аслида, барчасига Роналдиньо сабабчи. Гап шундаки, мундиалдан сўнг, у менга иккимиз «Манчестер Юнайтед»га ўтишимизни айтди. Тўғриси, хурсанд бўлдим. Рони билан яқин дўстмиз. Биргаликда Англияда тўп суришга келишиб олдик. Мен унинг сўзларига ишониб, «қизил иблислар» билан музокаралар ўтказдим. У ҳам Англияга кўчиб ўтишга яқин эди. Сўнгги кунларга келиб эса, у қуёшли Испанияга йўл олди. Мен Англияда қолдим. Биз ўша воқеа ҳақида ҳали-ҳамон турли ҳазилларни айтиб бир-бирмизни кулдирамиз».

kleb2

Клеберсон билан суҳбатлашган журналист унинг Роналду билан қандай алоқада бўлгани ҳақида савол берди. Бразилиялик футболчи эса, бу саволга кулгили воқеани ёдга олиш орқали жавоб берди.

«Мен, Форлан ва Форчун ёш Криштианунинг асабига тегишни хуш кўрар эдик. Бунга ишониш мушкул, бироқ у негадир бошқа футболчилар ҳақида илиқ фикрларни тинглашни ёқтирмас эди. Айниқса, Луиш Фигунинг ҳар жабҳада кучли эканлигини сира тан олмас эди. Баъзан, бу мавзу очилса, асабийлашиб кетар, дарров қовоғи уйилиб қолар эди. Биз эса, роса кулардик. Тўғриси, унинг бу қадар эгоси кучли эканлиги бизга жуда кулгили туюлар эди».

kleb5

Суратдаги бу йигитларни келажакда турли хил тақдирлар кутиб турган эди. Мадейрадан келган озғингина йигитча футбол тарихидаги энг кўп гол киритган футболчига айланади. Клеберсон эса, икки йилдан сўнг, атиги 2 миллион евро эвазига «Бешиктош»га сотиб юборилади. Бразилиялик футболчи Туркияда ҳам айтарли ўзини кўрсата олгани йўқ. Шартномаси якунлангач, ортга Бразилияга қайтиб кетди. Кейинроқ, МЛСдан келиб тушган таклифни қабул қилди ва океанортига йўл олди. 36 ёшда АҚШнинг қуйи дивизонларидан бирида бутсаларини михга илиб юборди. Аслида, унга тақдир Роналду, Роналдо, Роналдиньо сингари афсоналар билан бирга тўп суриш имкониятини тақдим этган эди. У эса, фақат Клеберсон бўла олди, холос. Доимо кучли бўлишга интилганларнинг барчаси «афсона»га айланди. У эса, фақат Роналду билан бирга тушган суратлари орқали мухлислар ёдида қолди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)