Бу йилги Тошкент халқаро марафонининг умумий мукофот жамғармаси 138 млн. сўмни ташкил қилади

Бугун Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Ёшлар пресс-клубида Тошкент халқаро ШҲТ ярим марафони ҳамда “Наврўз” IV халқаро марафони олдидан матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасидаги маданий-гуманитар алоқаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2022 йил 27 март куни илк бор Тошкент халқаро ярим марафони ташкил этилади. Ярим марафон Ўзбекистон Республикаси раислигида 2022 йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити доирасидаги тадбирлар дастурига киритилган.

2016 йилдан бери халқаро ташкилот ташаббуси билан ўтказиб келинаётган ШҲТ ярим марафонлари ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди, десак муболаға бўлмайди. Спорт тадбирларига эса халқаро ҳамжамиятнинг қизиқиши йил сайин ортиб бормоқда. Оммавий спортнинг маданиятлар, миллатлар ва сивилизациялар хилма-хиллигини ифодаловчи инсонлар ўртасида тенгликни таъминлаш, тинчлик манфаатлари йўлида мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, барқарор ва баркамол ривожланишга интилиш каби умуминсоний қадриятлар Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти руҳи ва асосий тамойилларини тўла акс эттиради.

2019 йилда ШҲТнинг Бишкек саммити доирасида аҳоли орасида жисмоний тарбия ва спортни яна-да оммалаштириш, профессионал спортчиларни халқаро мусобақаларда иштирок этишга, Олимпия, Паралимпия ва миллий спорт турларининг ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ҳамкорлик битими имзоланди.

ШҲТ марафонлари Жаҳон енгил атлетика мусобақалари тақвимига киритилган. Ҳар бир босқичда халқаро ассоциация қоидаларига мувофиқ, антидопинг назоратидан тортиб, марафон трассасини қамраб олиш сифатигача бўлган жараёнда катта ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси юқори даражадаги югуриш мусобақалари ташкил этишда катта тажрибага эга. Баҳор байрами арафасида ўтказиладиган “Наврўз” Тошкент халқаро марафони, Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб ўтказилаётган “Save Aral” ва “Aral Marathon” спорт мусобақалари аллақачон анъанага айланиб улгурган.

ШҲТ Тошкент халқаро яриммарафони трассаси Халқаро марафонлар ва югуришлар ассоциацияси (AIMS) сертификатига эга трассада бўлиб ўтади. Бўлажак спорт мусобақаси дастурига 3 км ва 21 км бўлган 2 та масофа киритилган. Спорт югуришида нафақат “ShHT oilasi”нинг 18 давлатидан югурувчилар, балки бошқа мамлакатлардан ҳам иштирокчилар келиб қатнашиши мумкин. Марафоннинг умумий мукофот жамғармаси 138 миллион сўмни ташкил этади. (ярим марафон учун 126 миллион сўм, 3 км масофага 12 миллион сўм).

Шунингдек, 27 март куни Тошкентда “Наврўз” IV Тошкент халқаро марафони ҳам бўлиб ўтади. Бу йил тўртинчи маротаба ўтказиладиган “Наврўз” Тошкент халқаро марафони нафақат профессионал спортчилар, балки ўз соғлиғига бефарқ бўлмаган барча ёшдаги югуриш ишқибозларини ҳам бир жойга жамлайди ҳамда Ўзбекистондаги энг йирик ва муҳим спорт тадбирларидан бирига айланади.

Марафоннинг старт ва финиш чизиғи Афросиёб ва Бешёғоч кўчалари чорраҳаси (“Humo Arena” муз саройи)да жойлашган бўлиб, ШҲТ Тошкент халқаро ярим марафонининг йўналиши пойтахтнинг марказий кўчалари, яъни Нукус, Абдулла Қодирий ва Абай кўчалари бўйлаб ўтади.

Бу йил югуришлар икки масофада, классик марафон (42 км 195 м) ва 10 км масофада ўтказилади. Марафон мусобақасида спортчи масофани босиб ўтиши керак бўлган вақт чегараси белгиланади. Марафон пойгасида қатнашувчиларнинг ёши 18 ва ундан катта бўлиши кераклиги белгиланган. 10 км масофага югуришда иштирокчиларнинг ёши чегараланмаган.

Бугун Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Ёшлар пресс-клубида ўтказилган матбуот анжумани ШҲТ ярим марафони ва “Наврўз” Тошкент халқаро марафонига бағишланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосари Шахрулло Маҳмудов, Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг бир гуруҳ масъул ходимлари, ташкилий қўмита аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

- Аввало барча-барчани ушбу анъанавий марафон мусобақаси, яъни ўзига хос спорт байрами билан табриклайман. “Наврўз” Тошкент халқаро марафони юртимизда тўртинчи марта ўтказилмоқда. Бу йилги марафон ҳам Спортни ривожлантириш вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси ҳамкорлигида юқори савияда ташкил этилишига ишонаман. Шу ўринда таъкидлашим жоиз, ушбу марафон муҳтарам Президентимизнинг яқиндан ўз фаолиятини бошлаган вазирлигимизни олдига қўйган вазифалари, яъни оммавийликни кучайтириш орқали профессионал спортдаги ютуқларимиз салмоғини оширишга ҳамоҳанг тарзда ўтказилмоқда. Бунда профессионал спортчилар марафон мусобақасида қатнашиб, ўз тайёргарлигини кўздан кечириш имкониятига эга бўлса, кўплаб югуриш ихлосмандлари, яъни ҳаваскорлар саломатлигини мустаҳкамлайди, - деди матбуот анжуманида сўз олган Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосари Ш.Маҳмудов.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олишди.

IMG_4421

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!