Бугун Англияда финал!
Ads

Бугун Англия футболи иҳлосмандлари учун ажойиб футбол куни. Боиси, дастлаб премьер-лига доирасида “Манчестер Юнайтед” ўз майдонида “Челси”ни қабул қилса, сўнгра мухлислар “Арсенал” ҳамда “Манчестер Сити” клублари ўртасидаги Англия лига кубоги финал учрашуви гувоҳ бўлишлари мумкин.

Эътиборлиси, Лондонликлар ушбу совринни шу пайтгача бор йўғи 2 марта қўлга киритишган бўлишса, “шаҳарликлар” лига кубогини 4 маротаба боши узра кўтаришган.
Бугунги финалда Хосеп Гвардиола дисквалификация сабаб Фабиан Делфнинг хизматидан фойдалана олмайди. Унинг ўрнини эса Александр Зинченко ёки Данило эгаллаши мумкин. Ўз навбатида Арсен Венгер жамоасида бугун Генрих Мхитарянни майдонга тушира олмайди. Боиси, арманистонлик футболчи МЮ сафида жорий мавсум ушбу мусобақада иштирок этган. Бундан ташқари ҳужумчи Александр Ляказетт ҳам ушбу баҳсда “Арсенал”га ёрдам бера олмайди.

“Арсенал” ҳамда “Манчестер Сити” шу кунгача финалларда аввал ҳеч қачон тўқнаш келишмаган. Бироқ, 2014 йил “Уэмбли”да кечган Англия Суперкубоги ҳамда ўтган мавсум Англия кубоги ярим финалида кечган тўқнашувлар “канонирлар”нинг ғалабаси билан якунланган.

Қуйида ҳар иккала жамоанинг таҳминий таркиби билан танишиб чиқишингиз мумкин:

"Арсенал" – "Манчестер Сити"

Стадион: "Уэмбли" (Лондон)

Учрашув бошланиш вақти: 21:30

Бош ҳакам: Крейг Поусон

“Арсенал”: Оспина, Бельерин, Косиельни, Мустафи, Монреаль, Уилшер, Джака, Рэмзи, Ўзил, Ивоби, Обамеянг

“Манчестер Сити”: Браво, Уокер, Стоунз, Отаменди, Зинченко, Де Брюйне, Фернандиньо, Давид Силва, Стерлинг, Сане, Агуэро