Бугун энг қизиқарли ва шиддатли бўлиши кутилаётган ўйинлар
Бугун 20 октябрь санаси. Ушбу кунда сайёрамизнинг бир қатор қизиқарли учрашувлари бўлиб ўтади. Биз уларнинг орасидан энг қизиқарлиларини танлаб олдик. Асосан кўпроқ эътиборга молик, кескин ва курашларга бой бўладиган ва томошабоп футбол бўлиши кутилган ўйинларни саралаб олдик.
"Монако" - "Ренн"
Франция Лига 1 мусобақасининг 9-турида "Монако" ўз уйида "Ренн" клубини қабул қилади. Ушбу баҳснинг қизиқ томони шундаки, "Монако" мавсумни кўнгилдагидек бошлай олмади ва натижалар қониқарсиз тарзда, турнинр жадвалининг 18-поғонасини эгаллаб турибди. Аслида анчагина кучайтирилган таркибга эга бўлган клуб учун бу мос келмайдиган ўрин ҳисобланади. "Ренн" жамоаси ПСЖ клубига бош оғриқ бўладиган Франциянинг кам сонли жамоаларидан бири саналади. Хўш, "Монако" бу сафар ҳам ютқазадими, ёки "Ренн" жамоаси очко йўқотадими? Бугун шундай қизиқарли учрашув бўлиб ўтади.
"Манчестер Юнайтед" - "Ливерпуль"
Бугунги куннинг энг муҳим ўйини. Нафақат Англияда, балки бутун ер юзида миллионлаб мухлисларнинг эътибор марказида бўладиган беллашув ҳужумкор ва голларга бой бўлиши одатий ҳолат. АПЛнинг 8 та туридан сўнг, МЮ ўзига ярашмаган 14-ўринни эгаллаб турган бўлса, "Ливерпуль" барча ўйинларда рақибларини доғда қолдириб келмоқда. Аммо иккала клуб ўзаро ўйнаганда натижалар бир чеккага сурилиб, барча эътибор ўйинга қаратилади. Жамоалар фақат ғалаба ҳақида ўйлашади. Фақатгина куннинг, турнинг, ҳафтанинг эмас, балки мавсумнинг энг қизиқарли ўйинларидан бири эканлиги сир эмас.
"Сассуоло" - "Интер"
Бутун дунёда "Интер" клубининг бир қатор мухлисларини учратишимиз мумкин. Жамоанинг ҳар бир ўйинини интизорлик билан кутадиганлар бор. Боз устига жорий мавсум жамоа таркибини анчагина кучайтириб олган ва чиройли ўйинларни, натижаларни қайд этмоқда. Яқинда ёруғ оламни тарк этган "Сассуоло" президенти жамоани қуйли лигалардан қай тарзда олиб чиққани, клубни ўсиши учун катта ҳиссасини қўшиб кетгани ҳақида хабар берган эдик. Оғир жудоликка учраган клуб бугун катта синовдан ўтади, яъни "Интер"ни қабул қилади.
"Лечче" - "Милан"
Қониқарсиз натижалардан сўнг, "Милан" бош мураббийини алмаштирди. Янги бошқарувчининг қўл остида жамоа бугун дебют қилади. Миланликларни ҳам жаҳонда миллионлаб мухлислари бор эканлиги табиий ҳолат. Кўрамиз, Пиолининг илк ўйини қандай натижа билан якунига етаркан. Ҳар ҳолда, "Милан" 7 та учрашувнинг 4 тасида мағлубиятга учради ва 9 очко билан турнир жадвалининг 11-поғонасини эгаллаб турибди.
Гана - Буркина Фасо
Африка миллатлар лигаси саралаш босқичида Гана терма жамоаси Буркина Фасони қабул қилади. Ушбу баҳснинг эътиборга молик томони шундаки, биринчи ўйинда ганаликлар меҳмонда 1:0 ҳисобида мағлубиятга учрашган эди. Бугун ўз уйларида жавоб ўйинини ўтказишади. Гана терма жамоасининг имкониятларини ва қандай кучли эканлигини барчамиз яхши биламиз. Буркина Фасо ҳам сўнгги йилларда анчагина ўсишга эришган. Бугун Гана ўзига керакли натижани қайд эта оладими ёки йўқми учрашув якиндан сўнг, билиб оламиз.
Фикрлар