Бугун катта жанг
Ads

Бугун АҚШнинг Невада штати Лас-Вегас шаҳридаги T-Mobile Arena мажмуасида ташкил этиладиган профессионал бокс кечасида ўнта жанг ўтказилади.

Кечанинг марказий жанги профессионал бокс мухлислари ва мутахассислари эътиборида турган учта йўналиш бўйича чемпионлик камари учун ўтказиладиган россияоик Сергей Ковалёв ва америкалик Андре Уорд ўртасидаги тўқнашувдир.

Профессионал боксда ўттизтадан жангда зафар қучган бу икки енгилмас боксчи россиялик чарм қўлқоп устасига тегишли бўлган ярим оғир вазндаги WBA (Super), WBO ҳамда IBF  чемпионлик камарлари учун рингга чиқади.

Яна учта жангда боксчилар турли йўналишлар бўйича минтақавий чемпионлик жангларида қатнашади. Унда украиналик енгилмас боксчи Александр Гвоздик малавилик Исаак Чилемба билан рақобатлашади. Шунингдек, америкалик боксчилар Мауриси  Хукер ва Куртис Стивенс ўз вазн тоифаларида колумбиялик Дарлей Перес ҳамда мексикалик Жеймс де ла Росага қарши рингга чиқади.

Профессионал бокс мухлислари ушбу бокс кечасидаги яна бир жангда икки енгилмас боксчининг баҳсига гувоҳ бўлади. Унда ўзбекистонлик Ботиршер Обидов Россия вакили Баҳром Муртазалиев билан беллашади. Ҳар икки боксчи олтитадан жангни ўз фойдасига ҳал қилган. Ҳамюртимиз ҳисобида битта дуранг ҳам бор.

Қолган жангларда Винсент Женнингс (АҚШ) - Тейлор МакКрири (АҚШ),Брис Ритани Кое (АҚШ) - Дармани Рок (АҚШ), Анри Бекфорд (АҚШ) - Мейрим Нурсултонов (Қозоғистон), Габриэль Дуруц (АҚШ) - Сонни Фредриксон жуфтликлари рингга кўтарилади. Шунингдек, аёллар ўртасидаги жангда америкаликлар -  Кларисса Шилдс   ва Франкон Крюз ўзаро куч синашади.

Бўлажак муҳим жангда ўзбек боксчисига омад тилаймиз!

SPORTS.uz