Бугун легионерларимиз Суперкубок учун ўйнайди!

Бугун Беларусь Суперкубоги учун бўладиган беллашувда ушбу мамлакатнинг  икки қудратли клуби – “Шатхёр” ва БАТЭ ўзаро тўқнаш келади. Муҳим беллашувда асосий ролларни легионерларимиз – Шаҳзодбек Убайдуллаев ва Шаҳбоз Умаров ўйнаши кутилмоқда.

Беларусь Суперкубоги мамлакат чемпиони ва кубок эгаси иштирокида бўладиган мавсумнинг дастлабки соврини учун бир ўйиндан иборат учрашувдир.

Шундай экан, икки футболчимиздан бири янги мавсумни янги соврин билан бошлаши кутилмоқда. Ўтган мавсумнинг сўнгги учрашуви, охирги дақиқаларида “Шахтёр” чемпионликни БАТЭдан тортиб олган бўлса, борисовликлар мамлакат кубогини қўлга киритган эди.

fcc75641-9af8-422c-b585-1bb5ffb72968

Ҳар икки жамоа мавсумнинг илк соврини олиш учун жиддий тайёргарлик кўрди. Ҳал қилувчи тўқнашув ҳам шунга яраша кескин ва муросасиз руҳда ўтади.

БАТЭ 2010 йилдан бери ўтказиб келинаётган Беларусь Суперкубоги рекордчиси ҳисобланади. Борисовликлар 2020 йилгача узлуксиз ўн марта суперкубокнинг ҳал қилувчи баҳсида иштирок этган ва етти марта совринни ўзиники қилган. “Динамо-Брест” икки бор, “Гомель” бир марта суперкубокни БАТЭдан тортиб олган.

Тарихи давомида иккинчи марта Беларусь чемпиони бўлган “Шахтёр” Суперкубок учун уч бор майдонга тушиб, ҳал қилувчи баҳсларнинг барчасини бой берган. Солигорскликларни икки марта БАТЭ ва ўтган йили “Динамо-Брест” армонда қолдирган эди. “Динамо-Брест” кетма-кет уч марта Суперкубокни ютди. Лекин бу гал кубок эгаси ўзгаради.

Беларусь футбол федерацияси  2021 йилги мамлакат Суперкубоги учун баҳс 2 март куни “Минск” футбол клуби стадионида бўлиб ўтишини белгилади.

Учрашувни Амин Кургхели бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқаради.

Беларусь Суперкубоги баҳси олдидан мутахассисларнинг аксарияти БАТЭнинг имкониятини юқори баҳоламоқда. Чунки борисовликларнинг солигорскликлар билан ўтган йили чала қолган ҳисоб-китоби бор. БАТЭ охирги учрашувда чемпионликни қўлдан чиқаргани ва Жасур Яхшибоев жамоаси тарихий олтин медалга эга бўлганини яхши эслаймиз.

“Шахтёр” Суперкубокларда қора анъанага эга. Солигорскликлар ҳач қачон бу совринни ола  билмаган. Таркиб борасида ҳам устунлик борисовликлар томонида.

614087_680

Шунга қарамай, Беларуснинг энг нуфузли нашри – “Прессбол” сайтидаги сўровда иштирок этаётган мухлисларнинг 52 фоиздан ортиғи бу галги баҳсда “Шахтёр”нинг қўли баланд келишини тахмин қилмоқда.

Биз бўлажак учрашувда ўзбек легионерларидан ўзларини кўрсатишларини кутииб қоламиз. Зеро, Шаҳзод ҳам, Шаҳбоз ҳам ҳар қандай совринга лойиқ футболчилардир.  

Учрашув 2 март куни 21:00да бошланиши кутилмоқда. 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар