Бугун Олмалиқдаги ўйинни кўрмасангиз бўлмайди. Устунлик ва жамоаларнинг имкониятлари қандай?

Бугун, 26 июнь ҳафтанинг якшанба куни. Дам олиш ва ҳордиқ чиқариш баробарида барчани ажойиб футбол ўйинига таклиф этамиз.

Олмалиқдаги ОКМК спорт мажмуасида АГМК Қаршининг "Насаф" клубини меҳмон қилади. Суперлига доирасидаги 3-турнинг қолдирилган ўйини бугун соат 20:00 да старт олади.

“Насаф” анча жиддий ва кучли жамоа. Рўзиқул Бердиев бошқарувидаги жамоа айни пайтда ички чемпионатда қолган жамоаларга нисбатан 2 та кам ўйин ўтказган ҳолда пешқадамдан 4 очко кам жамғарган ва жадвалда 6-ўринда бормоқда.

АГМК эса 3-ўринда ва пешқадамдан 3 очко кам тўплаган. Бўлажак ўйиндаги эҳтимолий ғалаба мезбонларни 13-тур олдидан пешқадамга айлантириши мумкин.

АГМК матбуот хизматининг хабар беришича, ушбу жамоаларнинг ўзаро ўйинлари тарихи анча қизиқ. Чемпионат доирасида жами 30 учрашув ўтказилган. Устунлик "Насаф" томонида. Қаршиликлар 14 ғалабага эга. АГМК эса 5 маротаба ғалаба қозонган. Қолган 11 баҳсда эса дуранг қайд этилган.

Бу икки жамоани Ўзбекистоннинг энг кучли ва номдор мураббийлари Миржалол Қосимов ва Рўзиқул Бердиев бошқаради.

Ушбу мутахассисларнинг Ўзбекистон чемпионати доирасидаги ўзаро ўйинлари ҳақида тўхталадиган бўлсак, жамоамиз устози Миржалол Қосимов ҳамкасби Рўзиқул Бердиев билан 12 маротаба учрашган.

Ўтказилган учрашувларнинг 7 тасида Миржалол Қосимов ғалабани тантана қилган. Рўзиқул Бердиев эса Қосимовни чемпионат доирасида фақатгина 3 маротаба мағлуб этган. Қолган 2 ўйинда эса дуранг бўлган. Ушбу икки дуранг ўтган мавсумда Олмалиқ ва Қаршидаги ўйинларда қайд этилганди.

Қосимов ва Бердиев АГМК ва "Насаф" рулида жами барча мусобақаларда 8 марта тўқнашишган ва ҳар иккала мутахассисда бу борадаги кўрсаткич тенг: 3 тадан ғалаба ва 2 дуранг.

Ўйин чиптаси стадион атрофидаги кассаларда 5 ва 10 минг сўмдан сотилмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
. мансур
26/06/2022 09:59
Миржалол мутахассис сифатида Рўзиқулдан анча кучли ва у буни бугун исботлаши керак
&
Ашуров Бахтийор
26/06/2022 09:15
Бугун ўйин зўр бўлади!