Бугун "Странджа" турнирига қуръа ташланади ёхуд ўзбекистонлик мураббий шароитлар ҳақида қандай фикрда?
19-28 февралига қадар Болгария пойтахти София шаҳридаги "Sofia Hall" спорт мажмуасида бокс бўйича анъанавий "73-Странджа" халқаро турнири бўлиб ўтади. Унда дунёнинг 36 давлатидан 450 га яқин энг кучли боксчилар иштирок этади.
"Странджа" кубоги бокс бўйича IBA Diamond League сериясидаги биринчи турнир сифатида тарихга киради. Европанинг энг нуфузли турнири қитъада ягона ва янги форматдаги 3 та жаҳон таснифидаги турнирларидан бири бўлади. Турнирда эркаклар 13 ва аёллар 12 вазн тоифасида иштирок этади.
Маълумки, ушбу турнирда Ўзбекистон терма жамоаси ҳам кучли таркиб билан иштирок этмоқда. Биз мураббийлар штабидан ўрин олган Абдувоҳид Жалолов билан Софиядаги шароитлар борасидаги фикрлари билан қизиқдик.
- Умуман олганда барчаси яхши кўриниш олган. Ҳозирда, "Park hotel Moskva" мехмонхонасида истиқомат қиляпмиз. Турнир бўладиган арена билан меҳмонхона ораси яқин. Бу бизга бир қатор қулайликларни яратмоқда. Яъни, болаларни назорат қилиш осон бўлади. Бугун Болгария вақти билан 17:00 да (Тошкент вақти билан 20:00) қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади ва кимларга рўбарў келишимизга ойдинлик киритилади.
Кўплаб жамоалар олимпия таркиби билан ташриф буюришган. Аксариятида ҳар бир вазнда 2 тадан боксчилар бор. Жумладан, Қозоғистон, Россия жамоаларини айтишим мумкин. Барчанинг кайфияти яхши ва кўтаринки, чиройли ва ижобий натижалар қайд этамиз деган умиддаман.
Фикрлар