Бунақа футболчилар менга керак эмас!

“Тоттенхэм” бош мураббийи Антонио Конте жамоанинг айрим ўйинчилари унинг ишончини оқлай олмаётганини ва улар билан хайрлашишга тайёр эканини маълум қилди.

Бош мураббийнинг бундай қарорга келишига “Тоттенхэм”нинг Конференциялар лигасида 2012 йилда тузилган Словениянинг “Мура” жамоасига 1:2 ҳисобида енгилгани сабаб бўлди. Словенияликлар мусобақада рейтинги энг паст жамоа ҳисобланади ва гуруҳда аввалги тўртта учрашувда имкониятни бой берган.

- Мен ўйинчиларни кузатиб, имкониятларини ўрганиб боряпман ва тез орада клуб раҳбарияти билан бу борада гаплашаман. Мураккаб вазиятда эканимизни чуқур англашимиз керак. Бу ҳолат бармоқни қимирлатиш билан ўзгариб қолмайди, - деди Антонио Конте.

Маълумотларга қараганда, Антонио Конте клуб президенти Даниэль Леви ва спорт директори Фабио Паратичи билан учрашув қишки трансферларда олинадиган ўйинчилар рўйхатидан ташқари жамоани тарк этадиган ўйинчилар масаласини ҳам муҳокама қилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!