Бунақаси камдан-кам учрайди

Футболда рақамлар ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Кимгадир бунинг таъсири бўлса, яна кимгадир аксинча. Аммо ўзига хос рақамларни танлаб, футбол ўйнашни ёқтирадиганлар ҳам талайгина. Гўёки, ўша рақам омад келтиради, деб ўйлашади. Шунингдек, футбол оламида деярли ўзиники қилиб олган рақамлари орқали ўша ўйинчини танийдиган мухлислар ҳам бор.

Илгари ўйинчилар 1-дан 11-гача бўлган тартиб рақамлари остида майдонга тушарди. Кейинчалик бу борада ҳаммаси ўзгариб кетди. Бугунги кунда футболчилар бошқаларга сал ғалати кўринадиган, аммо ўзлари ёқтирган рақамлар остида майдонга тушмоқдалар. Энг қизиғи, айрим ҳолатларда ҳамма кўникиб қолган бир ёки икки хонали эмас, балки уч хонадан иборат рақамлар туширилган футболкаларда тўп сураётганлар ҳам учрайди! Бунақасига эса ҳар доим гувоҳ бўлиш қийин.

Яқинда сайтимиз орқали ноодатий рақамлардаги футболчилар ҳақида мақола берилганди. Лекин бу сафаргиси ундан-да, ноодатий ҳисобланади, бунга ишонаверинг. Айниқса, Мексикада...

Ҳа, футболканинг орқа қисмига бир ёки икки хонали сонларнинг туширилиши оддий ҳолатга айланган. Аммо учта хонали сонлардан иборат футболкаларни кўриш ҳар қандай ишқибозни ажаблантириши ва шунинг баробарида ҳайратга солиши тайин. Мексикада ўйинчилар хотиржам тарзда мана шундай рақамлар туширилган футболкаларда тўп сурадилар. Буни қуйидаги бир қанча мисоллар ёрдамида кўриб чиқиш мумкин:

* Мексика ёшлар терма жамоаси аъзоси ва «Сантос Лагуна» клуби вакили Адриан Лосано 191-рақамли футболкада майдонга тушади.

* Бугунги кунда фаолиятини «Аякс»да давом эттираётган Мексика миллий термасининг ҳимоячиси Эдсон Альварес «Лолалар юрти»га кўчиб ўтмасидан олдин маҳаллий «Америка» клубида 282- ва 286-рақамли футболкаларда ўйнарди.

286 ракам

* Ацтекларнинг тарихий юртида уч хонали сондан иборат футболкаларда тўп суриш аллақачон оддий ҳолатга айланиб улгурган. Шундай манзара кўпроқ болалар ҳамда ўсмирлар ва ёшлар жамоаларида кузатилади. Янада аниқроқ ифодаланса, U-13, U-15, U-17 ва U-20 жамоаларида мана шундай ҳолатларни кўрса бўлади. Маҳаллий қоидаларга мувофиқ, клуб тизимида бирор-бир рақам такрорланиши керак эмас. Масалан, асосий таркибда майдонга тушадиган дарвозабон 1-рақамни ҳеч кимга бермайди. Аниқроқ айтганда, ўринбосарлар ва ўсмирлар жамоаларида шу рақамдаги футболка остида бошқа дарвозабоннинг майдонга тушишига имкон қолдирилмайди.

* Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўйинчи қанчалик ёш бўлса, унинг футболкасидаги рақамлар шунчалик юқори бўлиб бораверади. Англаб турганингиздек, Мексикада болалар ва ўсмирлар жамоаларида уч хонали рақамлардан иборат футболкалар урфга айланган. Кейинчалик ижрочи асосий клубга кўчиб ўтадиган бўлса, бир ёки икки хонали рақамлардан истаганини танлаши мумкин. Яна бир эътиборли факт: башарти ўринбосарлар жамоасидаги футболчи вақтинча асосий клубга чақириладиган бўлса, ўзига тегишли ва учта хонали сондан иборат рақам туширилган либосида ўйнайди. Шунинг эвазига маҳаллий мухлислар ва скаутлар ўша ижрочининг клуб тарбияланувчиси ҳисобланишини билиб оладилар.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!